Ўзбекистон эркин бўлмаган мамлакатлар рўйхатида қолди
(last modified Thu, 07 Feb 2019 12:46:27 GMT )
феврал 07, 2019 17:46 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон эркин бўлмаган мамлакатлар рўйхатида қолди
    Ўзбекистон эркин бўлмаган мамлакатлар рўйхатида қолди

Ўзбекистон Freedom House рейтингида 100 балдан 9 балл олди.

Freedom House халқаро ташкилоти дунёдаги эркинлик рейтингини (Freedom in the World) янгилади, деб хабар берди «Газета.uz». 

Ўзбекистон ўтган йилга нисбатан 2 балл кўпроқ тўплади ва 100 баллик шкалада 9 балл олиб, «эркин бўлмаган» мамлакатлар рўйхатида қолди. Тожикистон ҳам худди шундай натижа қайд этди.

Марказий Осиё давлатлари орасида Туркманистон (2 балл) ва Қозоғистон (22) ҳам «эркин бўлмаган» мамлакатлар сифатида тилга олинди. Қирғизистон эса 38 балл тўплади ва «қисман эркин» мақомига эга минтақадаги ягона давлат бўлди.

Freedom House экспертлари мамлакатлар эркинлик даражасини сиёсий ҳуқуқлар ва фуқаровий эркинликларга кўра баҳолайди. Уларнинг ҳар бири 1 дан (энг яхши) 7 гача (энг ёмон) шкала бўйича ҳисоб-китоб қилинади.

Ўзбекистон сиёсий ҳуқуқлар учун 7, фуқаровий эркинликлар учун 6 балл олди. Эркинлик индекси 6,5 бални ташкил этди.

Норвегия, Финляндия ва Швеция 100 балдан тўплаб рейтинг етакчиларига айланди. Энг ёмон кўрсаткичларни эса Сурия, Жанубий Судан (0), Эритрея, Туркманистон (2) ва КХДР (3) қайд этди.

Freedom House умумий бўлиб дунёдаги 87 та «эркин», 64 та «қисман эркин» ва 58 та «эркин бўлмаган» давлат ва ҳудудларни санаб ўтди.