Жаҳон банки вакилларининг Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигида учрашуви бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигида йиллик “Doing Business” ҳисоботида Ўзбекистон ўрнини янада яхшилаш бўйича “Йўл харитаси”ни муҳокама қилиш учун Жаҳон банки вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги бошқарма бошлиғи Баҳодир Бековнинг сўзларига кўра, ўзгаришларни барча манфаатдор томонлар – давлат хизматчиларидан тортиб то истеъмолчиларгача тўғри қўллашига эришиш зарур. Жаҳон банки сўровномалари мазмунини нотўғри талқин қилиш ва тушуниш ҳолатлари учраб туради ва бу ҳол рейтинг натижаларига таъсир қилмоқда. Шунинг учун амалга оширилаётган такомиллаштиришлар тўғрисида жамоатчиликни ўз вақтида ва аниқ хабардор қилиш давлат органлари фаолиятининг муҳим кўрсаткичларидан бири бўляпти.
Учрашувда Ўзбекистон ишбилармонлик муҳити ва шароитини яхшилаш, лицензиялаш жараёнини соддалаштириш, давлат хизматларидан фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни фаол амалга ошираётгани таъкидланди.
Жаҳон банки вакилларига Ўзбекистонда кредиторларни ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, уларнинг талабларини қондириш, ерни хусусийлаштириш институтини жорий этиш, хўжалик субъектларининг кўплаб текширувларини бекор қилиш, муддатсиз лицензияларни жорий қилиш, рухсат бериш тартибларини бекор қилиш ва соддалаштириш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.