Абдулазиз Комилов Лондонда ОАВ эркинлиги бўйича глобал анжуманда иштирок этди.
(last modified Sat, 13 Jul 2019 06:17:46 GMT )
июл 13, 2019 11:17 Asia/Tashkent
  • Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов
    Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов

Жорий йил 10—11 июнь кунлари Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Лондонда ОАВ эркинлиги бўйича глобал анжуманда иштирок этди.

Форумга дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакати делегациялари ташриф буюрди, жумладан, 60 та давлат ташқи сиёсат идоралари ва ахборот вазирликлари раҳбарлари, журналистлар, медиасаноат ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этди.

Форумнинг очилиш маросимида тадбир ташаббусчилари — Буюк Британия ташқи ишлар вазири Жереми Хант ва Канада ташқи ишлар вазири Христя Фриланд бу конференсия бутун дунёда ОАВ эркинлиги ҳолатини аниқлаш ва уни чеклашга ҳаракат қилаётганлар масъулиятини оширишга қаратилган халқаро кампаниянинг бир қисми эканини таъкидлади.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари таъкидлаганидек, ахборот соҳасини либераллаштириш ва демократлаштириш миллий медиа бозорининг жадал ўсишига олиб келди. Бу бозорда 90 йиллар бошида фақат 20 та давлатга қарашли ОАВ бўлган. Бугунги кунда уларнинг сони 2 мингга яқин бўлиб, уларнинг аксарияти хусусийдир.

Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари учун замонавий мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилди. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Миллий матбуот маркази, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ва Халқаро пресс клуб каби ташкилотлар муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Ўзбекистонда етакчи хорижий ОАВ вакиллари, жумладан Reuters, France Пресс, BBC, The Economist, Xinhua, «Америка Овози», «Fergana.ru», Eurasianet мухбирлари эркин ишламоқда.

Ҳар йили журналистика соҳасида халқаро танлов ўтказилади, унда инсон ҳуқуқлари ва коррупцияга қарши кураш, суд тизими билан муносабатлар ва бошқа масалалар бўйича энг яхши мақолалар учун номинациялар мавжуд.

Вазир алоҳида таъкидлаганидек, оммавий ахборот воситалари мустақиллиги соҳасида кафолатлар ва халқаро стандартларни таъминлаш мақсадида оммавий ахборот воситалари бўйича омбудсман ташкил этиш назарда тутилган бўлиб, у журналистларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлашга асосий эътибор қаратади.

Ўзбекистон ОАВ эркинлиги, давлат органларининг очиқлиги, журналистларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш бўйича ишни давом эттиришга қатъий содиқ қолади. Шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали ОАВ тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш, ОАВ мустақиллигини мустаҳкамлашда хорижий шериклар билан фаол ҳамкорликни давом эттиради.