Ўзбекистонда МХХ собиқ полковниги устидан суд иши бошланди
Ўзбекистон Олий ҳарбий судида МХХ (ҳозирги ДХХ) Тергов бошқармаси тергов бўлимининг собиқ бошлиғи, полковник Нодир Тўрақулов ишини кассация тартибида кўриб чиқилмоқда.
Дарё сайтига кўра, Тўрақуловга очилган илк суд иши ўтган йилнинг 25 октябрида якунланиб, МХХ (ҳозирги ДХХ) собиқ полковниги 14 та модда бўйича айбдор деб топилган ва 16 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Кейинчалик Тўрақулов устидан яна 10 га яқин модда бўйича янгидан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда суд давом этмоқда.
Кассация судлов ҳайъати томонидан кўрилаётган ушбу иш Нодир Тўрақуловдан жабрланганлардан бири — Германиянинг International Spedition Willi Bets ширкатининг Ўзбекистондаги вакилларининг шикоят аризаси асосида қўзғатилган.
Қайд этилишича, жабрланувчи томон Нодир Тўрақуловни немис ширкатига қарашли 17 дона Mercedes-Benz Aktros автомашинасини ноқонуний ҳибсга олиб, ширкатга 4 800 000 евро миқдорида зарар етказганликда айбламоқда.
2018 йилнинг 25 октябрь куни Нодир Тўрақуловга оид суд ҳайъати немис ширкати вакилларининг даъво аризасини қаноатлантирмасдан рад қилган.
Нодир Тўрақулов иши бўйича гувоҳлар ва жабрланувчилар билан суҳбатлашган «Эзгулик» жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташановга кўра, Тўрақуловга нисбатан очилган иккинчи жиноят иши доирасида у яна 10 га яқин модда бўйича айбланмоқда.
Ташановнинг айтишича, Нодир Тўрақуловга нисбатан одам ўғирлаш, қотиллик, қийноққа солиш сингари яна ўнга яқин модда билан очилган жиноят иши судга оширилган.