Ҳафта ижтимоий муаммолари: Соқол ёхуд генераллар ўйини
(last modified Sun, 15 Sep 2019 10:39:44 GMT )
сентябр 15, 2019 15:39 Asia/Tashkent
  • Ҳафта ижтимоий муаммолари: Соқол ёхуд генераллар ўйини

Аввалги сонимиздаги узунгина «Ўқинг, фақат йиғламанг» блогпостини ёзишда тўплаган зарядимиз сарфланиб кетибди. Бунинг устига, ўтиб борган ҳафтада бирор арбоб қовун туширмагани бозоримизга жиддий зарба берди. Ҳа, муаммолар қолмасин, Сарвар уста каби мудом норозиларга иш қолмасин. Ҳозирча топганимизни илиндик.

75 йил муқаддам:

- Ўртоқ генерал! Биз душман позицияси яқинига оддий аскаримизни махфий йўл орқали жойлаштиришга муваффақ бўлдик. У ротанинг «кўзи» бўлиб хизмат қилиши натижасида душман позициясига аниқ ва қақшатқич зарба бера олдик. Душман қўшимча кучлари ўтадиган кўприкни портлатдик. Миналар ёрдамида душманнинг саккизта танкини ёндирдик, йигирма бешта асир олдик. Пиёда аскарларини пулемётчи ва ўқчиларимиз йўқ қилишди. Душман қўшинлари таркиби батамом яксон этилди. Яқин масофада найзабозлик жангларида фалон-фалон оддий аскарларимиз қурбон бўлди, фалон-пистон аскарларимизни эса медалга тавсия қиламан.

Бугун:

- Ўртоқ генерал! Биз фалон рақамли таълим даргоҳига яширин тарзда ўз «қулоқ»ларимизни жойлаштиришга муваффақ бўлдик. Унинг бизга ўз вақтида етказган хабарлари натижасида саккиз қизнинг рўмолини ечиш ва йигирма беш йигитнинг соқолини қириб ташлашнинг уддасидан чиқдик. Бинога кириладиган олд эшикни ёптириб, қатновни орқа эшикдан ташкил эттирдик. Кўприк устидаги пистақурутчини бундан буён бизга хабаркаш бўлиб хизмат қилишга кўндирдик. Қаршилик кўрсатган ота-она ва ака-укалари билан яккама-якка махсус хоналарда суҳбат ташкил этдик. Натижада норозилар батамом қолмади. Қизларнинг рўмоли ечилиши жараёнида беш нафар ходимимиз бўйин товлагани учун ҳайфсан беришга, соқол қиришда кўрсатган жонбозлиги учун тўққиз нафар ходимимизни медалга тавсия қиламан.

Сарвар уста

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.

"Дарё" сайти.