Тошкентда “Жиҳодчилар” диний-экстремистик оқимининг*(ДЭО) бир гуруҳ аъзолари қўлга олинди
Тошкент шаҳрида фаолияти таъқиқланган “Жиҳодчилар” диний-экстремистик оқимининг*(ДЭО) бир гуруҳ аъзолари қўлга олинди.
Мавжуд маълумотларга кўра, ушбу шахслар Ўзбекистон ҳудудида Сурияда паноҳ топган террористик уюшма аъзоларининг топшириқларини бажариб келишган ва аҳоли орасида қонунга хилоф равишда “Жиҳодчилар” ДЭО* ғояларини тарқатганлар.
Шу йўл билан сафларини кенгайтиришга қаратилган ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этганлар. Шунингдек, улар мамлакатдаги ёшлар орасида ўзларининг ақидапарастлик ғояларини сингдириб, Сурия ҳудудидаги халқаро террорчилик ташкилотларининг сафига қўшилиб, жиноят содир этишга даъват қилганлар.
Қайд этилишича, ушланган шахсларда экстремистик мазмундаги материаллар мавжудлиги аниқланган ва процессуал тартибда олиб қўйилган.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди ва тергов-тезкор ҳаракатлари олиб борилмоқда.