Ўзбекистон ва Қирғизистон бош вазирлари яна телефон орқали мулоқот қилишди
Кеча Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон бош вазири Кубатбек Боронов ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди
Ўзбекистон ҳукумати раҳбари ўз ҳамкасбини бош вазир лавозимига тайинлангани билан табриклади ва Ўзбекистон—Қирғизистон муносабатларининг янги суръатлар билан изчил ривожланиб, икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Суҳбат чоғида томонлар яқин кунларда икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилишини ўтказиш масалаларини муҳокама қилди.
Икки мамлакат бош вазирлари бошчилигидаги Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумати делегацияларининг охирги мартда учрашуви 2019 йил август ойида Бишкекда ўтказилган.
Эслатиб ўтамиз, Абдулла Арипов Сўхдаги воқеалардан сўнг 1 июнь куни Кубатбек Боронов билан Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги «Чечме-Автодорожний» назорат-ўтказиш пунктида учрашганди.