Деновда фуқаро коронавирус асоратлари оқибатида вафот этгани тасдиқланди
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, Денов шаҳрида вафот этган беморда коронавирус инфекцияси аниқланган.
Сурхондарё вилояти Денов шаҳрида яшаган, 1961 йилда туғилган марҳум бемор Б.Х. сўнгги 5 йилдан буён ўпканинг икки томонлама ўткир бронхопневмонияси ташхиси билан даволаниб келган. Шу йилнинг 19 июнь куни бемор (аёл) мурожаатига кўра, олинган намунада коронавирус инфекцияси мавжудлигига гумон қилинган ва бемор тез ёрдам машинасида туман юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган деб хабар қилган Дарё сайти.
Беморга кўрсатилган тезкор тиббий ёрдам ва реанимацион муолажаларга қарамасдан, у юрак-қон томир ва ўпка етишмовчилигидан вафот этган.
Республика санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлигининг махсус референс лабораторияси хулосасига кўра, марҳумдан олинган намунада коронавирус инфекцияси тасдиқланган. У билан мулоқотда бўлган оила аъзолари, яқинлари ва бошқа фуқаролар қатъий карантинга олинган бўлиб, ушбу ҳолат юзасидан эпидемиологик суруштирув ишлари олиб борилмоқда.
Сурхондарё вилояти Денов тумани ҳокими Бахтиёр Ибатов 21 июнь куни туман аҳолисига мурожаат қилиб, туманнинг бир фуқароси 20 июнь куни коронавирусдан вафот этганини маълум қилгани, Ибатов чиқиши тасвирланган видеолавҳа Денов тумани ҳокимлигининг Telegram’даги каналида эълон қилиниб, сўнгра ўчириб ташланганди.
Ўзбекистонда 25 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 6990 кишини ташкил қилмоқда. Ҳозирга қадар мамлакатда коронавирус инфекциясига чалинган 4685 нафар фуқаро (68 фоиз) соғайган.