Абдулазиз Комилов Афғонистон ташқи ишлар вазирини қабул қилди
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 28 август, жума куни Тошкент шаҳрида амалий ташриф билан бўлиб турган Афғонистон ташқи ишлар вазири Ҳаниф Атмар қабул қилди.
Дарё сайтига кўра, Комилов ва Атмар учрашувида сиёсий, савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт, алоқа ва бошқа соҳалардаги давлатлараро ҳамкорликнинг ҳолати ҳамда ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинган.
Афғонистон ташқи ишлар идораси раҳбари президент Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ва ижтимоий-иқтисодий қайта қуришга эришиш йўлидаги фаол қўллаб-қувватлаши ҳамда саъй-ҳаракатлари учун чуқур миннатдорлик билдирди.
Томонлар ўзларини қизиқтирган барча соҳалардаги кўп қиррали ҳамкорликнинг юқори суръатда давом этаётганини мамнуният билан қайд этди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Афғонистон кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Июль ойида Ўзбекистон ТИВ Афғонистонда Қурбон ҳайити муносабати билан уч кунлик сулҳ эълон қилинганини олқишлаб, шунингдек, афғонлараро инклузив музокаралар олиб бориш учун 400 нафар «Толибон» аъзосининг озод қилинганини ижобий баҳолаган.
Аввал Афғонистоннинг Мозори-Шариф шаҳри яқинидаги темир йўл қўриқчиларига ҳужум уюштирилгани, ҳужум оқибатида жароҳатланган ўзбекистонлик — «Сўғдиёна транс» корхонасининг координация бўлими бошлиғи ўринбосари Термиз шаҳридаги касалхонада даволанаётгани хабар қилинган.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов афғонистонлик ҳамкасби билан боғланиб, мамлакатда фаолият юритаётган Ўзбекистон компаниялари ва корхоналари ходимлари учун хавфсизлик чоралари кучайтирилишини сўраган.