Ўзбекистон ва Қирғизистон президентларининг тор доирадаги музокараси ўтказилди
Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров стратегик шерикликнинг долзарб масалалари бўйича «соатларини солиштириб олди
Кеча Кўксаройда Ўзбекистон ва Қирғизистон президентларининг тор доирадаги музокараси бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида президент Шавкат Мирзиёев Садир Жапаровни Қирғиз Республикаси президенти этиб сайлангани билан яна бир бор табриклаб, қирғиз халқининг фаровонлиги йўлида олиб бораётган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Очиқ ва дўстона руҳда ўтган учрашувда давлат раҳбарлари Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолатини юқори баҳолади. Сиёсий, савдо-иқтисодий ва транспорт соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг кенг кўламли масалаларини муҳокама қилди.
Президентлар икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик асосида мустаҳкамлаб бориш, аввал қабул қилинган ҳужжатларни амалга ошириш йўлида қатъий эканини тасдиқлади. Барча соҳалардаги ҳамкорликни изчил кенгайтириш учун олий ва юқори даражадаги сиёсий мулоқотни мунтазам давом эттиришга келишиб олинди», дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизматига таяниб Кун сайти.
Қирғизистон президенти Ўзбекистоннинг минтақада ҳамкорлик ва интеграцияни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари маслаҳат учрашувларини ўтказиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирган. Томонлар ушбу форматдаги учинчи учрашувни 2021 йилда ўтказиш муҳимлигини қайд этишган.
Президент Шавкат Мирзиёев оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда музокаралар ишонч муҳитида ўтгани, томонлар ўзаро ҳурмат ва манфаатларни ҳисобга олиш тамойиллари асосида кенг миқёсли вазифаларни ҳал қилишга тайёр эканинига тўхталиб,
«Биз икки томонлама муносабатларнинг барча долзарб масалаларини муҳокама қилдик. Устувор эътибор савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш чораларини кўришга келишиб олдик.
Шу мақсадда ишбилармонлар ўртасидаги алоқалар фаоллашиши учун қулай шароитлар яратилади, савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, инфратузилма соҳаларида умумий қиймати 900 миллион АҚШ долларидан зиёд бўлган янги лойиҳалар амалга оширилади. Уларнинг барчаси ҳозиргина қабул қилинган ‘йўл харитасиъга киритилди. Инвестиция жамғармасининг ташкил этилиши бу лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон—Қирғизистон шериклигида, шубҳасиз, муҳим ўрин тутадиган ҳудудлараро ҳамкорликни фаоллаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Биз чегараолди вилоятлар ҳокимларининг мунтазам учрашувларини ўтказиш, аниқ лойиҳа ва тадбирларни амалга оширишга келишиб олдик.
Президент Садир Жапаров музокараларда кенг кўламли масалалар бўйича фикр алмашилгани, унинг натижаларидан мамнун эканини қайд этди.
«Ўзбекистон Қирғизистоннинг асосий савдо шерикларидан биридир. Ўзаро ҳамкорликнинг барча жиҳатларини фаоллаштириш мақсадида парламентлараро ва ҳукуматлараро комиссиялар мажлислари, чегараолди вилоятлар ҳокимларининг учрашувлари яқин вақтларда ўтказиш режалаштирилди. Бизнес вакилларига қулай муҳит яратиш, товар айирбошлаш ҳажмини оширишга келишиб олдик», — деди Қирғизистон президенти.