Тошкентда Шавкат Мирзиёев ва АҚШнинг бир гуруҳ конгрессменларининг учрашуви бўлиб ўтди
Кеча Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг конгрессменлар Дон Бэйкон, Дуг Ламборн, Трой Нельс ва Август Флюгердан иборат делегациясини қабул қилди.
АҚШ делегацияси икки томонлама парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир келишувлар доирасида Ўзбекистонда бўлиб турибди.
Ўзбекистон ва АҚШ расмийлари учрашувида икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Шавкат Мирзиёев парламентлар даражасидаги фаол алоқалар ва самарали алмашинувларни, улар Ўзбекистон ва АҚШ стратегик шериклик муносабатларини жадал ривожлантиришга катта ҳисса қўшаётганини юксак баҳолади.
АҚШ Конгрессида ташкил этилган Ўзбекистон бўйича кокус – дўстликни мустаҳкамлаш ва конструктив мулоқотни илгари суриш бўйича парламент гуруҳининг нуфузи ортиб бормоқда, фаолияти кенгаймоқда. Бугунги кунда кокус томонидан кўп қиррали ҳамкорликни ва мамлакатдаги ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор муҳим лойиҳалар илгари сурилган.
Шунингдек, Афғонистондаги инсонпарварлик операциялари қўллаб-қувватлангани учун самимий миннатдорлик билдирилди.
Суҳбат чоғида парламентлараро йўналиш билан бир қаторда АҚШ делегацияси аъзолари вакиллик қилаётган етакчи штатлар – Небраска, Колорадо ва Техас билан ҳамкорлик бўйича лойиҳа ва дастурлар муҳокама қилинди.