Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги товар айланмаси 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 48,5 фоизга ўсган
(last modified Tue, 14 Dec 2021 06:16:19 GMT )
декабр 14, 2021 11:16 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги товар айланмаси 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 48,5 фоизга ўсган
    Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги товар айланмаси 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 48,5 фоизга ўсган

Ўзбекистонда АҚШ инвестициялари иштирокидаги корхоналар сони икки баробар кўпайгани маълум қилинди.

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Доналд Лу бошчилигидаги делегация билан учрашганида 2021 йилнинг 11 ойида икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 48,5 фоизга ўсган таъкидланди.

Сўнгги бир неча йил давомида Ўзбекистонда АҚШ инвестициялари иштирокидаги корхоналар сони икки баробар кўпайган деб хабар қилган кун сайти.

Томонлар Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун АҚШ инвесторлари ва йирик компанияларни жалб этишга қизиқиш билдирди. Улар Америка-Ўзбекистон савдо палатаси билан ҳамкорликда 2022 йилнинг биринчи ярмида АҚШ ва Ўзбекистон ишбилармон доиралари вакиллари учун бизнес-форум ўтказишга тайёрлигини ҳам таъкидлади.

Учрашув чоғида фойдали қазилмаларни қазиб чиқариш саноати, кимё тармоғи, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва бошқа соҳалар икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш мумкин бўлган истиқболли йўналишлар сифатида белгиланди.

Томонлар Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқишни назарда тутган ҳолда, АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси ва Ўзбекистоннинг Тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқди.

Ўзбекистон томони “Build Back Better World” (B3W) ташаббусини олқишлади ҳамда бу ташаббус доирасида қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш, рақамлаштириш, соғлиқни сақлаш ва гендер тенглигини ривожлантириш каби тўртта асосий йўналишда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ йиллардан бери  Марказий осиёда нуфузи ва таъсирини кучайтиришга уриниб келмоқда.

 

Ёрлиқ