ИҲТ ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси «Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл» шиори остида ўтмоқда
(last modified Wed, 19 Oct 2016 09:29:35 GMT )
октябр 19, 2016 14:29 Asia/Tashkent
  • Ислом ҳамкорлик ташкилоти ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси
    Ислом ҳамкорлик ташкилоти ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси

Тошкентдаги Симпозиумлар саройида Ислом ҳамкорлик ташкилоти ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси бошланди. Бу ҳақда Дарё.уз сайти ЎзА га таяниб, хабар бермоқда.

Ташқи ишлар вазирлари кенгаши Ислом ҳамкорлик ташкилотининг энг муҳим тузилмаларидан бири бўлиб, унинг сессияси ҳар йили аъзо мамлакатлардан бирида ўтказилади. 2015 йили Ал-Кувайт шаҳрида бўлган 42-сессияда навбатдаги сессияни Тошкент шаҳрида ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинганди.

Сессияда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари, ташкилотнинг ёрдамчи ва махсус муассасалари раҳбарлари, АҚШ, Франция, Буюк Британия, Швейцария, Италиянинг ИҲТдаги махсус вакиллари ҳамда БМТ, ЕХҲТ, Араб давлатлари лигаси, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш каби қатор тузилмалар вакиллари иштирок этмоқда.

Сессияни Ислом ҳамкорлик ташкилоти ташқи ишлар вазирлари кенгашининг амалдаги раиси, Кувайт бош вазирининг биринчи ўринбосари, ташқи ишлар вазири шайх Сабоҳ Холид ал-Ҳамад ас-Сабоҳ кириш сўзи билан очди.

Қуръон тиловат қилинди. Биринчи Президент Ислом Каримов вафоти муносабати билан Ўзбекистон халқига чуқур таъзия изҳор этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев сессиянинг очилиш маросимида нутқ сўзлади.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ияд Амин Маданий сессияга юксак даражада тайёргарлик кўрилганини қайд этиб, Ўзбекистон ҳукуматига самимий миннатдорлик билдирди.

Сессия Ислом Каримов таклиф этган «Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл» шиори остида ўтмоқда. Анжуман иштирокчилари мазкур ғоя Ислом ҳамкорлик ташкилотининг устувор мақсадларига мос эканини таъкидлади.

ИҲТ ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессиясининг ялпи мажлисида Кот-д’Ивуар Республикаси ташқи ишлар вазири Абдалла Мабри, Афғонистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Салоҳуддин Раббоний, Судан Республикасининг Саудия Арабистонидаги элчиси Али Алсаносий, Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири Рустам Қосимов сўзга чиқди.

Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг амалдаги раиси Кувайт ўз раислик ваколатини Ўзбекистонга топширди. Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири мазкур органнинг 2017 йилдаги навбатдаги сессиясига қадар Ислом ҳамкорлик ташкилоти ташқи ишлар вазирлари кенгашига раислик қилади.

Ёрлиқ