Ўзбекистон Афғонистонга инсонпарварлик ёрдам юборди
Жорий йил 25 июнь куни Афғонистон халқига инсонпарварлик юкларини топширишга бағишланган маросим бўлиб ўтди
Эслатиб ўтамиз, яқинда Афғонистоннинг Хост ва Пактика провинцияларида рўй берган вайронкор зилзила оқибатларини юмшатиш мақсадида Ўзбекистондан ун, ўсимлик ёғи, консерва маҳсулотлари, оёқ кийимлар ва дори-дармонлар, жами 74 тоннадан иборат инсонпарварлик ёрдами иккита юк самолётида Афғонистонга етказилди.
Маросимда сўзга чиққан Афғонистон Муваққат ҳукумати ахборот ва маданият вазири в.б. Хайрулла Хайрхва Афғонистон ҳукумати номидан президент Шавкат Мирзиёевга, барча дўст Ўзбекистон халқига ушбу оғир ва синовли вазиятда афғон элига кўрсатган бебаҳо ёрдами учун чуқур миннатдорлик билдирди деб хабар қилди Дарё сайти..
Унинг сўзларига кўра, «Ўзбекистон раҳбари бутун дунёга Афғонистон халқига нисбатан беғараз жасорат ва биродарлик муносабати намунасини яна бир бор намоён этди. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг самимий ва ғоят инсонпарвар эканлигидан далолатдир».
Алоҳида қайд этилганидек, Афғонистондаги даҳшатли фожиадан сўнг зудлик билан кўрсатилган ёрдам минглаб оддий афғонлар ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилади.
Ўзбекистон ва Афғонистон халқлари ўртасидаги чуқур тарихий-маънавий, маданий-гуманитар алоқаларни таъкидлар экан, Х.Хайрхва мамлакат ҳукумати ушбу ришталарни янада ривожлантиришга интилаётганини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Афғонистон жанубида юз берган кучли зилзила ва бу ҳодисада юзлаб инсонларни қурбон бўлгани ортидан Туркманистон давлати ҳам 24 тоннадан иборат инсонпарварлик ёрдам юборди.