Ўзбекистонда экстремистик ғояларни тарғиб қилиб, Суриядаги жиҳодчилар оқимига қўшилмоқчи бўлганлар қўлга олинди
Ўзбекистоннинг Сурхондарё ва Тошкент вилоятиларида экстремистик ғояларни тарғиб қилиб, Суриядаги жиҳодчилар оқимига қўшилмоқчи бўлган шахслар ушланди.
Тошкент вилояти ИИББ ва ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган экстремистик ва террористик оқим ғояларини тарғиб қилувчи турли диний мазмундаги материалларни тарқатиб келаётган ва Суриядаги жангарилар, жиҳодчилар террористик оқими сафига қўшилишни мақсад қилган шахс қўлга олинган.
Хусусан, Ш.А. (1998 йилда туғилган) Telegram мессенжеридаги профили орқали экстремистик ва террористик оқим ғояларини тарғиб қилувчи турли диний мазмундаги материалларни тарқатиб келаётгани аниқланган.
Рекламани ёпиш
Ушбу шахс жиҳод қилиш ва Суриядаги жангарилар сафига қўшилиш мақсадида Туркия давлати орқали Сурия давлатига чиқиб кетиши олдидан ушланган.
Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан ва эҳтиёт чораси сифатида қамоқ танланиб, жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда
Бундан ташқари Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида 19 июль куни Суриядаги «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террорчилик ташкилотига қўшилишни истаган шахс қўлга олинди.
Қ.М. (2002 йилда туғилган) Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги автомойкаларнинг бирида ишлаши давомида интернет орқали «Тавҳид ва жиҳод катибаси» медиа маркази ходими, Қирғизистон фуқароси, диний лақаби Саад Мухтор бўлган А.А. (1996 йилда туғилган) билан мулоқотда бўлган. Унинг ғоявий таъсири остида ҳижрат ва жиҳод қилиш мақсадида Сурияга чиқиб кетишни режа қилган.
Ушбу шахс Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланган.