Сингапурнинг Indorama компанияси «Фарғонаазот» АЖни сотиб олди
Ўзбекистон Респуликаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Сингапурнинг Indorama компанияси «Фарғонаазот» АЖнинг 99,02 фоиз давлат улушини хусусийлаштириш бўйича келишувга эришди.
Синапур компанияси шунингдек «Фарғонаазот» учун 140 миллион доллар тўлайди.
Хусусийлаштириш жараёнига Deloitte халқаро консалтинг компанияси етакчи консультант, Халқаро Молия Корпорацияси (IFC) стратегик маслаҳатчи, KPMG халқаро консалтинг компанияси эса мустақил баҳоловчи сифатида жалб этилган деб хабар қилган Бугун сайти.
2021 йил декабрь ойида бошланган хусусийлаштириш жараёни доирасида, консультант томонидан халқаро даражадаги кенг кўламли маркетинг ишлари амалга оширилган ҳамда инвестиция тизерлари Deloitte ва IFC’нинг кенг тармоғи орқали салоҳиятли хорижий инвесторларга юборилган.
Консультантга корхонани сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш тўғрисидаги 10 та ариза (Express of Interest) келиб тушган. Келиб тушган барча аризалар эълондаги малака мезонларига мувофиқлиги, шу жумладан, халқаро санкциялар рўйхатида йўқлиги бўйича таҳлил қилинган. Малакавий ўрганиш натижаларига кўра, 4 нафар талабгорлар аризалари мезонларга тўлиқ мос деб топилган ва кейинги босқичга ўтказилган.
Жараённинг дастлабки саралаш босқичидан муваффақиятли ўтган барча талабгорларга, консультант томонидан тайёрланган корхонанинг молиявий, солиқ, ҳуқуқий ва экологик фаолияти юзасидан комплекс таҳлил ҳисоботлари билан танишиш, корхонага ташриф буюрган ҳолда бошқарув органи билан учрашиш орқали мажбуриятга эга бўлган таклифларини тайёрлаш имконияти яратилган.
16 январь куни Шавкат Мирзиёевнинг Сингапурга давлат ташрифи арафасида Сингапурда ташкил этилган бизнес-форумда «Фарғонаазот» АЖ устав капиталидаги 99,02 фоиз давлат акциялар пакети бўйича олди-сотди шартномасининг асосий шартлари тўғрисидаги келишув имзоланган.