Қорақалпоғистондаги намойишлар ташкилотчиси 16 йилга қамалди
(last modified Thu, 02 Feb 2023 05:55:05 GMT )
феврал 02, 2023 10:55 Asia/Tashkent
  • Қорақалпоғистондаги намойишлар ташкилотчиси 16 йилга қамалди
    Қорақалпоғистондаги намойишлар ташкилотчиси 16 йилга қамалди

Қорақалпоғистон воқеалари бўйича асосий айбланувчи Даулетмурат Тажимуратов энг кўп муддатга қамоққа ҳукм қилинди.

Қорақалпоғистон воқеалари бўйича асосий айбланувчи жазонинг дастлабки 2 йилини турмада, қолган қисмини қаттиқ тартибли колонияда ўташи белгиланди.

Тажимуратов уюшган гуруҳ ташкил қилиб, Қорақалпоғистон Республикасининг амалдаги ҳукуматини ағдариб, ўзини Жўқорғи Кенгес раиси лавозимига тайинлаш мақсадида 2022 йилнинг 1-2 июл кунлари оммавий тартибсизликларни ташкиллаштиришда айбланганди.

Судда прокурор Тажимуратовга 18 йил беришни сўраганди.

«Даулетмурат Тажимуратов ЖКнинг 159-моддаси 4-қисми, 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди, 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 244-моддаси 3-қисми ва 244-1-моддаси 3-қисми «а», «б», «г» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, ЖКнинг 59-моддаси тартибида 16 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланиб, жазонинг дастлабки 2 йилини турмада, қолган қисмини қаттиқ тартибли колонияда ўташ белгиланди», дейилади Олий суд матбуот хизмати хабарида.

Ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинган 228 миллион сўм зарарни судланган Тажимуратовдан ундириш, судланганларга тегишли бўлиб жиноят иши доирасида хатловга олинган мол-мулкларни келтирилган зарарни қоплашга қаратиш белгиланган.