Арипов Грузия бош вазири билан учрашди
Ўзбекистон Грузиянинг халқаро тан олинган чегаралари доирасидаги суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлайди. Грузиянинг босиб олинган ҳудудларини тан олмаслик сиёсатини давом эттиради. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Грузия Бош вазири Ираклий Гарибашвили ўртасида кеча, 17 июл куни Тблисида бўлиб ўтган учрашувда сўз борган.
Учрашувда Грузия Бош вазири ўзбекистонлик мавқедошига Грузиянинг халқаро тан олинган чегаралари доирасидаги суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, шунингдек, Грузиянинг босиб олинган ҳудудларини тан олмаслик сиёсатини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирган.
Бош вазирлар юзма-юз учрашувда савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни муҳокама қилган. Ираклий Гарибошвилининг таькидлашича, 2021-2022 йилларда ўзаро товар айирбошлашда сезиларли ўсиш кузатилган, Грузия Ўзбекистон Республикасини муҳим ҳамкор деб билади, сармояларни жалб этишда ҳамкорлик қилишдан манфаатдор ва ўзбекистонлик инвесторларни Грузияда кўришдан мамнун.
Томонлар иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорлик салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишга, савдо алоқаларини чуқурлаштириш йўлида ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирган.
Ҳукумат раҳбарлари Грузиянинг транзит салоҳияти, “Ўрта йўлак”ни ривожлантириш муҳимлигини ҳам муҳокама қилган ва мазкур транспорт йўналишини халқаро форматда илгари суриш муҳимлиги айтилган.
Юзма-юз учрашувдан кейин музокаралар делегациялар иштирокида кенгайтирилган таркибда давом этган. Томонлар Грузия ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг асосий йўналишларини муҳокама қилган.
Кенгайтирилган учрашувдан сўнг Грузия ва Ўзбекистон бош вазирлари Грузия ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича 2023-2024 йилларга мўлжалланган қўшма амалий чора-тадбирлар режасини имзолаган.