октябр 17, 2023 18:52 Asia/Tashkent
  • Пекинда Ўзбекистон ва Хитой президентларининг учрашуви бўлиб ўтди
    Пекинда Ўзбекистон ва Хитой президентларининг учрашуви бўлиб ўтди

Шавкат Мирзиёев 17 октябрь куни Хитой президенти Си Цзиньпин билан музокаралар ўтказди.

Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди деб хабар қилган Спутник сайти.

Ўзбекистон ва Хитой етакчилари учрашуви  аввалида Мирзиёев таклиф ва кўрсатилаётган самимий қабул учун Хитой етакчисига миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон раҳбари ХХР раисини Хитой ташкил топган кун ҳамда “Бир макон, бир йўл” ташаббусининг ўн йиллик юбилейи билан дилдан қутлади.

“Макон ва йўл” ташаббуси қисқа тарихий давр ичида умумий тараққиёт ва равнаққа эришиш йўлидаги ҳамкорлик учун муҳим, инклюзив ва очиқ платформага айланди. ХХР Раисининг “Яшил ипак йўли” ташаббуси илк бор 2016 йилда Ўзбекистонда билдирилгани чуқур рамзий маънога эга”, - деди Ўзбекистон етакчиси.

Ўзбекистон Хитой билан кўп қиррали муносабатларни янада чуқурлаштиришга қатъий интилиши алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон президентининг жорий йил май ойидаги Хитойга давлат ташрифи давомида эришилган келишувлар изчил бажарилаётгани, сиёсий мулоқот мустаҳкамланиб, асосий масалалар борасида томонлар бир-бирини қўллаб-қувватлаётгани алоҳида мамнуният билан таъкидланди.

Кейинги йилларда Хитой инвестициялари ҳажми беш баробар, қўшма корхоналар сони уч баробар кўпайди. Жорий йил бошидан буён ўзаро савдо ҳажми 36 фоизга ошди. Йил якунигача ушбу кўрсаткич 10 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда.

Товар айирбошлашни яқин беш йилда 20 миллиард долларга етказиш учун барча асослар борлиги ҳақида якдил фикр билдирилди.

Ўзбекистон юқори қўшилган қийматли инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришни биргаликда ташкил этиш орқали юқори технологик лойиҳаларни кўпайтиришдан манфаатдорлиги билдирилди.

Хитойнинг етакчи банклари ва “Ипак йўли” фонди билан самарали ҳамкорликка юқори баҳо берилди. Ҳудудлараро алоқалар фаоллашгани қайд этилди. Йил бошидан Ўзбекистонга Шинжон-Уйғур автоном ҳудуди, Шэньси, Шаньдун, Цзянсу ва Цзянси музофотлари делегациялари ташриф буюрди.

Хитойнинг камбағалликка қарши курашиш тажрибасини ўрганиш ва жорий этиш борасида самарали тажриба алмашиш ва амалий ҳамкорлик қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Барча келишувлар ижросининг боришини кўриб чиқиш мақсадида Ҳукуматлараро қўмитанинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш таклиф қилинди.

Ёрлиқ