Ўзбекистон ва Афғонистон 1,2 млрд долларлик экспорт-импорт шартномалари имзолади
(last modified Tue, 31 Oct 2023 04:57:26 GMT )
октябр 31, 2023 09:57 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ва Афғонистон 1,2 млрд долларлик экспорт-импорт шартномалари имзолади
    Ўзбекистон ва Афғонистон 1,2 млрд долларлик экспорт-импорт шартномалари имзолади

Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев бошчилигидаги мамлакат делегациясининг Афғонистонга ташрифи доирасида Ўзбекистон делегацияси раҳбари ва Афғонистон бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Абдул Ғани Бародар ўртасида тор доирадаги учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда икки мамлакат инвестициялар, саноат ва савдо, қишлоқ, сув хўжалиги, тоғ-кон саноати ва геология, энергетика ҳамда транспорт вазирлари иштирок этди.

Афғонистон ва Ўзбекистонда иқтисодий соҳада ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўплиги ва улардан фойдаланиш эса ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини бир неча баробарга кўпайтиришга хизмат қилиши таъкидланди. Афғонистонлик инвесторлар, ишбилармон доиралар вакиллари ва юк ташиш автомобиллари ҳайдовчиларига виза расмийлаштириш бўйича янги механизм яратилаётгани учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирилди.

Ўз навбатида, Жамшид Хўжаев Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмини яқин келажакда 3 миллиард долларга етказиш бўйича "Йўл харитаси" ишлаб чиқилганини таъкидлади.

Ўзбекистон томони Афғонистонда транспорт/транзит ва электр таъминоти бўйича кенг кўламли инфратузилма лойиҳаларида иштирок этиш, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг салоҳиятини оширишга тайёрлиги яна бир бор таъкидланди. Шунингдек, Ўзбекистонда ҳам Афғонистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмасини ташкил этиш маълум қилинди.

Ташриф якунлари бўйича 1 миллиард 185 миллион доллар миқдоридаги экспорт/импорт келишувларига эришилди.