“Ўзбеккосмос” ва Хитой Фанлар академияси ўртасида меморандум имзоланди
15-20 январь кунлари “Ўзбеккосмос” агентлиги директори Шуҳрат Кадиров бошчилигидаги делегация Хитойда амалий ташриф билан бўлиб, Хитойнинг космик тизимлар ва технологиялар соҳасидаги етакчи компаниялари раҳбарлари билан бир қатор учрашувлар бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги матбуот хизматига таяниб Спутник сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистон делегацияси Хитой Миллий космик бошқармаси, Хитойнинг "Буюк девор" саноат корпорацияси ва Хитой электрон технологиялар гуруҳи, шунингдек, Хитой Фанлар академияси Ахборот тадқиқот институти вакиллари билан самарали музокаралар ўтказди.
Ўзбекистон ва Хитой вакиллари учрашувларида таълим ва кадрлар тайёрлаш, геоахборот тизимларини ривожлантириш, ер ва космик инфратузилмани яратиш каби соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Кадрлар тайёрлаш соҳасида таълим муассасалари ўртасида жумладан, талабалар илмий алмашинув имкониятлари ва Коинот тизимлари ва технологиялари соҳасида – геоахборот тизимлари бўйича чуқур ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш режалари ва ташаббуслари кўриб чиқилди.
Хитой Фанлар академиясининг Ахборот тадқиқотлари институти билан музокаралар якунлари бўйича таълим ва кадрлар тайёрлаш, шунингдек, масофавий зондлаш, ер ва космик технологиялар ва қисқа муддатли таълим дастурлари соҳасида ҳамкорлик қилиш учун янги имкониятлар очувчи меморандум имзоланди.