Танзила Норбоева ЕТТБ президенти билан учрашди
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одил Рено–Бассо билан учрашди.
Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одил Рено–Бассо учрашувида, Ўзбекистон билан ЕТТБ ўртасида амалга ошириладиган қўшма ташаббусларнинг йўналишлари муҳокама қилинди.
Кун сайтининг хабар қилишича, Танзила Норбоева учрашув якунларига изоҳ бериб «Ўзбекистон Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг бешта асосий ҳамкори қаторидан жой олди, йиллик инвестициялар ҳажми бўйича мамлакатимиз банкнинг Марказий Осиёдаги энг йирик бизнес шеригига айланди. Ушбу нуфузли молиявий тузилма билан ҳамкорликда келажакда амалга ошириладиган лойиҳаларимиз ҳам салмоқли. Учрашувимиз якунлари бўйича ҳамкорлик истиқболларини белгилаб берадиган Ўзаро англашув меморандумини имзоладик. Ҳужжат аёлларнинг меҳнат бозорида имкониятларини кенгайтириш, бандлик соҳасида гендер мувозанатига эришиш, кредит ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва молиявий мустақилликни оширишни таъминлашни назарда тутади», деб айтди.
Танзила Норбоева Лондонга амалий ташриф доирасида Буюк Британия Жамоалар палатаси спикери Линдси Хойл билан учрашиб, ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашди.