ОАВ: АҚШ 17 минг ўзбекистонликка бошпана бериши мумкин
АҚШда 17 минг Ўзбекистон фуқаросига бошпана берилиши кутилмоқда.
Қалампир сайтининг хабар қилишича, Марказий Осиё давлатларидан 2023 йилда 50 мингдан ортиқ одам АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтган.
Марказий Осиё давлатларининг 40 минг фуқароси бошпана бериш бўйича суд жараёнини кутмоқда. Улардан 17 минг нафари Ўзбекистон, 7 минг нафари Қирғизистон, 3 минг нафари Тожикистон, 2,7 минг нафари Қозоғистон, 2 минг нафари Туркманистон фуқароларидир.
АҚШ чегарасидаги муҳожирлар инқирози фонида сенатор Стив Дэйнс жанубий чегара орқали мамлакатга кириб келаётган террорчилар тармоғи кучайиб бораётгани ҳақида огоҳлантирган. У мамлакат ичида терактлар содир этилиши эҳтимолидан хавотир билдирган. Унинг фикрича, муҳожирлар “террорчилар ячейкасининг бир қисми” бўлиши мумкин.
Айтиш керакки, 2023 йил август ойида АҚШдан бошпана сўраган ўндан ортиқ ўзбекистонлик муҳожирлар ФҚБ уларга мамлакат ҳудудига ўтишга ёрдам берган контрабандачининг ИШИД билан алоқаси борлигини аниқлаганидан сўнг тергов қилинган. Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, октябрь ойидан бери ФҚБ террорчилар рўйхатига киритилган камида 50 киши АҚШ чегарасини кесиб ўтаётганда ҳибсга олинган.