Форсий қанд ҳаловати
Амир Хусрав Деҳлавийнинг асарлари
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз. Бугунги сўҳбатимиз ҳам машҳур шоир Амир Хусрав Деҳлавийнинг ҳаёти ва ижоди борасида бўлади. Бизни тинглаб боринг.
Азизлар, олдинги эшиттиришимизда таъкидлаб ўтганимиздек, Яминиддин Абулҳасан Хусрав Деҳлавий Ҳинд- Эрон ва Ўрта Осиё маданиятининг машҳур намояндаларидан бири ҳамда кўп қиррали истеъдод эгасидир. У тилчи, адабиётчи ва тарихчи олим, мусиқий ва бадиий асарлар муаллифи. Унинг асарларида ўрта аср Шарқ халқлари турли табақаларининг фикр- ўйлари, орзу -умидлари ва хатти- ҳаракатлари инъикос этилган. Унинг ижоди ҳинд халқининг миллий ифтихори бўлиш билан бирга Ўрта Осиё, Эрон, Афғонистон халқларининг маданият хазинасида ҳам фахрли ва кўркам ўринлардан бирига эга.
Форс поэзиясида янги гуманистик босқични белгилаб берган ғазалнинг мустақил жанрга айланишида ҳам Хусрав Деҳлавийнинг хизмати катта бўлди. Академик Л.Е.Кримский, немис шарқшуноси Герман Эте, чех шарқшуноси Ян Рипка ва бошқа тадқиқотчилар ҳам Амир Хусравни Ҳофиз замонасигача бўлган лирик шеъриятнинг машҳур сиймоси ҳисоблайдилар. Шоир лирик асарларининг жуда кўпи инсонийлик пафоси билан суғорилган. Амир Хусрав ўз асарларида адолатга чақириб, разолатни қоралади, сарой ҳокимларининг шафқатсизлик ва золимликларини фош қилди, шоҳларни мискин фақирларнинг жабрловчиси деб билди.
Маълумки, ХII аср бошларида Ҳиндистонда туркий сулолалар ҳукмронлик қилар эди. Амир Сайфуддин Маҳмуд ушбу Деҳли султонларидан Шамсуддин Элтутмиш қўшинига хизматга кирди, унинг ҳарбий аёнларидан бирининг қизига уйланди ва қатор фарзандлар кўрди. Ўғилларининг кенжаси 1253 йилда Деҳли яқинидаги Мўминпур (Патьёли) қалъасида дунё юзини кўрган Яминуддин Хусрав эди.
Мўғул истилочилари Ҳиндистонни ҳам тинч қўйганлари йўқ. Бўлғуси шоир 8 ёшга кириб-кирмай, отаси босқинчиларнинг навбатдаги ҳамласини даф этар чоғида жангда ҳалок бўлди. Ёш Хусрав бобоси Имодулмулк ва онаси Давлатноз қўлида тарбия топди. У ўша давр илм-фанининг турли соҳалари бўйича кенг ва чуқур билим олди, гўдаклик чоғидан шеъриятга астойдил ихлос қўйди. Амир Хусрав ёшлигидан турк, ҳинд, араб ва форс тилларини мукаммал ўзлаштирган эди. У анъанага биноан, асосан, форс тилида ижод қилган бўлса-да, ҳинд, араб тилларида ҳам шеърлар ёзганлиги маълум.
Амир Хусрав 1289 йилдан бошлаб эпик асарлар ҳам ёза бошлайди. Унинг тарихий лирик ва эпик достонлари машҳур. Булар орасида "Қиронус саъдайн" ("Икки саодатли сайёранинг қўшилиши"), "Мифтоҳул футуҳ" ("Ғалабалар калити"), "Дуволроний ва Хизрхон", "Нуҳ сипеҳр" (" Тўққиз қават осмон") каби асарлар мавжуд. Бундан ташқари Амир Хусрав Низомий Ганжавийга издошлик қилиб Хамса яратди. Унда "Матлаъул анвор"( "Ёритғичларнинг чиқиши"), "Ширин ва Хусрав", "Мажнун ва Лайли", "Оинаи Искандарий", "Ҳашт биҳишт" ("Саккиз жаннат") достонлари бор. Амир Хусрав "Хамса"сининг тили ширин, енгил, назокатли, тушунарли ва халқ дидига жуда яқин бўлганлиги учун ҳам бўлса керак, у Шарқда кенг тарқалган, ва севиб ўқилган. Амир Хусрав Деҳлавий ижоди хамсачилик, тарихий достончилик ва ғазалчиликда Ўрта ва Яқин Шарқ халқлари адабиёти тараққиёти жараёнида муҳим босқичлардан бири бўлди. Асарлари қадимдан кўп халқлар, жумладан ўзбек халқи орасида ҳам машҳур бўлган.
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган оқшомги дастуримизда "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз ҳам uzbeki@ ParsToday.comга ўзгарди.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.
Ҳозир эса машҳур шоир Амир Хусравнинг гўзал бир ғазалини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Гул юзинг кўрган кишилар ёд қилмас бўстон,
Шул гўзал юз ҳажрида гул- лолаларнинг бағри қон.
Ўчди дилдан барча хўблар нақши, кўргач оразинг,
Ўчмагай нақшинг сенинг жон лавҳасидан бир замон.
Қанча таъна қилди душман, кўп насиҳат берди дўст,
Осмадим асло қулоқни, кўз ила дил сен томон.
Кўп маломат сели оқди, ювмади ёр дардини,
Отди маҳшар тонгию, ҳижрон туни кетмас ҳамон.
Беиболикдан нега кўр бўлмади наргис кўзи,
Гарди пойни ўпмади, келганда ул сарви равон.
Айбга қўшманг, мастлигу бадномлигим, эй дўстлар,
Ошиқи бечоранинг ҳоли ўзингизга аён.
Гар бало жоми берилса, нўш этиб шукрона қил,
Чунки бермас сенга у ҳижрон шаробидек зиён.
Биз каби афтодаларга ишқ солмас захмини,
Шоҳ зулмидан қолур вайрона қишлоқлар омон.
Тоғу тошга бормагай кимки ҳарир узра юрар,
Ўққа тик боқмас кишининг кўзлари ҳам ҳеч қачон.
Ёр кўйига васл учун бормоқ хатодир, Хусраво,
Ризқ дея бормас чумоли шоҳ ўтар йўлга томон.
Амир Хусравни Алишер Навоий ўз устодларидан деб билган ва "Ҳинд Сеҳргари" ("Соҳири ҳинд") деб атаган. Муҳаммад Ризо Огаҳий унинг "Ҳашт биҳишт" достонини ўзбек тилига таржима қилган.
Шўролар ҳукумати даврида ҳам Амир Хусрав Деҳлавий асарлари чуқур ўрганилиб, Шўролар Иттифоқида яшовчи халқлар тилларига таржима қилинган. 1972 йилда ўзбек тилида ҳам шеърлари мажмуаси чоп этилган эди.
Амир Хусрав Деҳлавий умри давомида 5 девон, 9 йирик достон, бир қатор йирик тарихий ва назарий асарлар яратди. 5 девонга унинг 2 мингдан зиёд ғазали, 273 қасида, йигирмага яқин маснавий, 1200 дан ортиқ рубоий, 500 га яқин қитъа ва бошқа жанрлардаги бир қанча асарлари жамланган. Шоир ўзини ғазалда Саъдий, қасидада Саноий, Анварий, Ҳоқонийга шогирд деб билса, воқеабанд достонлар яратишда асосан Низомийга эргашади.
Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Саломат бўлинг.