Нур томон йўл-718
718-қисм."Анкабут" муборак сурасининг 67-69- ояти карималари шарҳи.
Суҳбатимиз ибтидосида «Анкабут" муборак сураси 67-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.
أَوَلَمْ يَرَوْا أَنَّا جَعَلْنَا حَرَمًا آمِنًا وَيُتَخَطَّفُ النَّاسُ مِنْ حَوْلِهِمْ ۚ أَفَبِالْبَاطِلِ يُؤْمِنُونَ وَبِنِعْمَةِ اللَّـهِ يَكْفُرُونَ ﴿٦٧﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Биз уларга Ҳарамни омонлик жойи қилиб қўйганимизни билмабмидилар?! Ҳолбуки, уларнинг атрофида одамлар талон-тарожга учрамоқдалар. Улар ботилга иймон келтириб, Аллоҳнинг неъматига куфр келтирадиларми?! (Макка аҳли Ҳарами Шарифнинг ҳурмати сабабидан омонликда яшар эдилар. Ҳеч ким уларга тегмас, ҳатто ёмон қарамас, балки Ҳарами Шарифнинг юзидан уларни ҳам улуғлар, эҳтиром қилар эдилар. Ҳарамнинг чегарасидан ташқаридагиларни эса, хоҳлаганлар ўлдирар, хоҳлаганлар олиб кетиб, қул қилар ёки молу дунёсини тортиб олар эди.) (67)
Араблар ӯртасида ғорат ва талончилик оддий ҳол бӯлиб, бир қабила иккинчи қабила устига ҳужумлар қилаётган бир замонда Аллоҳ таъоло Макка шаҳрини омонлик манзилига айлантирди. Бу шаҳар аҳолиси ҳурмат қилинар, ҳеч ким уларга ҳужум қилишга ботинолмасди.
Абраҳанинг қуролланган лашкари филлар билан Макка шаҳрига юриш
қилганида шаҳарга кирмай, осмон қушларининг ҳужумидан ҳалок бӯлди.
Бу ояти каримада Макка мушрикларига қарата буюрилади: Аллоҳ сизга хотиржамлик деган улуғ неъматни ато айлаган. Нега ягона Аллоҳга сиғиниш ӯрнига бутларга сиғинасиз? Бу ишларинг Илоҳий неъматларга куфрон келтириш эмасми?
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Тинчлик-омонлик Аллоҳнинг улуғ неъматларидан биридир. Унинг шукронаси эса ҳар қандай ширк ва куфрдан узоқда бӯлишдир.
- Илоҳий неъматларни эслаш одамларни яктопарастликка даъват қилиш заминаларини муҳайё этади.
Энди «Анкабут" муборак сураси 68-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.
وَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّنِ افْتَرَىٰ عَلَى اللَّـهِ كَذِبًا أَوْ كَذَّبَ بِالْحَقِّ لَمَّا جَاءَهُ ۚ أَلَيْسَ فِي جَهَنَّمَ مَثْوًى لِّلْكَافِرِينَ ﴿٦٨﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган ёки ўзига келган ҳақни ёлғонга чиқарган кимсадан ҳам золимроқ одам борми?! Кофирларга жаҳаннамда турар жой йўқмиди?! (68)
Инсоният маданиятида зулм ижтимоий ҳодиса сифатида шарҳланади. Золим эса бировларнинг ҳақини зое қилувчидир. Динний таълимотда гарчи зулмнинг бу тури қатъий қоралансада, аммо бошқа кӯпгина зулмларнинг асоси бӯлган муҳим бир турига таважжуҳ билдирилади. Бут ёхуд бошқа ашёларни Худога шерик деб билган киши Худога зулм қилгандир. Зеро, Аллоҳ билан бир қаторда туриши нолойиқ бӯлган нарсани унга тенглаштирган. Шунингдек, Илоҳий пайғамбарларни ҳам ёлғончига чиқариб, уларнинг рисолатини инкор этган киши Аллоҳнинг элчиларига зулм қилгандир. Зеро аҳли башарни ҳидоят қилиш йӯлида улар чеккан мислсиз заҳматларни кӯрмасликка олган, бу улуғ неъматга куфр келтирган.
Оддий одамларга қилинган зулм қиёмат куни қаттиқ сарҳисоб қилингач, табиийким Аллоҳ ва унинг пайғамбарларига раво кӯрилган зулмнинг жазоси ӯта даҳшатлидир.
Ширк турли шаклларда жилваланиши ҳам мумкин: бутпарастлик, мансабпарастлик, кибр-ҳаво ва пулпарастлик каби. Ширкнинг бу каби турлари муминларга ҳам хавф-хатар туғдиради. Улар инсонни Аллоҳдан узоқлаштирувчи воситалардан эҳтиёт бӯлишлари керак.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Зулмнинг энг ёмон тури маданий зулмдир. Бунда ҳақ сӯз инкор қилиниб, ботил ривож топади. Ҳақни инкор этган киши табиийким, унга таслим бӯлмайди.
- Динга ниманидир олиб кириш ва ӯз қарашларини унинг таркибий қисми деб билиш бидъатдир. Динни ӯзимизнинг фикр-қараш ва майлларимизга бӯйсундиришга уриниш ӯрнига диний таълимотга бӯйинсунишимиз лозим.
Энди «Анкабут" муборак сураси 69-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.
وَالَّذِينَ جَاهَدُوا فِينَا لَنَهْدِيَنَّهُمْ سُبُلَنَا ۚ وَإِنَّ اللَّـهَ لَمَعَ الْمُحْسِنِينَ ﴿٦٩﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Бизнинг (йўлимизда) жиҳод қилганларни Ўз йўлларимизга ҳидоят этурмиз. Албатта, Аллоҳ чиройли амал қилгувчилар биландир. (69)
“Анкабут” муборак сурасининг охирги ояти бӯлган бу ояти каримада Аллоҳ йӯлидаги жиҳодга ишора қилинади. Бу жиҳод ҳам душман билан курашиш ва ҳам Аллоҳнинг динини ёйишга ҳаракат қилиш маъноларини ӯзида мужассамлаштирган.
Ислом таълимотида жиҳод деганда ташқи душман ҳамда ички душманга қарши кураш тушинилади. Мӯмин киши Аллоҳ динининг душманлари билан курашиши ва бу йӯлда жонидан воз кечишга тайёр турмоғи лозим. Шунингдек, у ҳавою-ҳавасга берилмаслик учун ӯз нафси ва саркаш майлларига қарши курашади.
Бу ояти каримада таъкидланаётган нарса Аллоҳнинг йӯлида ва Аллоҳ учун жиҳод қилишдир. Айрим кишилар дин душманлари билан жанг қилишади, аммо бу жиҳоддан уларнинг мақсади шон-шуҳрат, дунёвий имтиёзлар ва жангда қӯлга киритиладиган ғаниматлардир. Шу сабабли жиҳодда сай-ҳаракатдан кӯра ихлос муҳим ҳисобланади. Зеро, ихлос бӯлмаса жанг пайти жон бериш ҳам бемаъни ва зиён келтирадиган амалга айланади.
Жиҳод ҳақиқатда Аллоҳ учун бӯлса, Парвардигори карим бу муборак ояти карима орқали ҳам ҳидоят ва ҳам ҳимоят ваъдасини берган. Аллоҳ таъоло буюради: мен сизларни тӯғри йӯлга ҳидоят ва душман устидан ғалаба қозониш учун ҳимоят қиламан.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Аллоҳ таъоло барча инсонларни ҳидоят қилади, аммо мухлис кишиларнинг ҳидояти махсус ҳидоятдир. Албатта биринчи қадамни инсоннинг ӯзи қӯйиши керак.
- Ишни холис ният билан бошлаган бӯлсак, Аллоҳ бизни мақсад сари ҳидоят қилади, ёлғизлатиб қӯймайди.
- Аллоҳ учун сай-ҳаракат қилган кишини Парвардигори карим мақсад сари ҳидоят қилиб, унга кӯмаклашади.