май 13, 2017 13:19 Asia/Tashkent

Марказий Осиё минтақаларига оид муҳим воқеалар шарҳи

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини  эфирга узатамиз.Унда  мазкур минтақада жойлашган  мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий,  маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.

Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

1. Қозоғистонда парвозлар хавфсизлигини таъминлаш бобидаги қонун имзоланди;

2. Тожикистон ва Афғонистон президентлари телефон орқали суҳбат қилишган;

3. Атамбоев Россияда қирғиз мигрантларга бўлган салбий муносабат ҳақида гапирди;

4. Туркманистон ва Покистон ўртасидаги дипломатик алоқаларга 25 йил тўлди.

  Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

Қозоғистонда парвозлар хавфсизлигини таъминлаш бобида қонун имзоланди

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев "Қозоғистон республикасининг ҳаво кенгликларидан фойдаланиш ва авиация фаолиятига доир айрим қонунчилик актларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонунни имзолади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилмоқда. 

Янги қонун "ҳаво кенгликларидан фойдаланиш ҳамда авиация фаолияти билан боғлиқ миллий қонунчиликни Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти стандартлари билан мувофиқлаштириш, парвозлар хавфсизлигини ошириш ва авиация фаолиятини бошқариш самарадорлигини ошириш"га қаратилган. 

Қонун ҳаво кенглигидан фойдаланиш ва авиация фаолияти соҳасида назорат ҳамда текширувни кучайтириш, парвозларнинг юқори хавфсизлигини таъминлашни кўзда тутади. 

Ҳужжатда, шунингдек, фуқаро авиацияси бўйича давлат органининг соҳага нотижорат ташкилотларини жалб этиш, уларни рўйхатдан ўтказиш борасида ваколатларига аниқлик киритилган ва тўлдирилган.

Афғонистон президенти Тожикистон президенти билан телефон орқали суҳбатларида икки мамлакат ўрасидаги ҳамкорликларини янада ривожантиришни таъкидлади.

Ово ахборот агентлигининг хабарига кўра,  Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғаний  Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан телефон орқали суҳбатларида   икки мамлакат ўртасида хавфсизлик ва иқтисодий алоқаларни янада кучайтириш майдонида  таъсирчан одимлар ташлаш мақсадида тожикистонлик  ҳамкасбини Кобул шаҳрига таклиф қилди.

Ашраф Ғаний, шунингдек  Афғонистонниг Балх вилояти маркази Мазори Шариф яқинидаги афғон ҳарбий базасида юз берган сўнгги портлаш мажруҳларини Тожикистон ҳудудларидаа даволанганлиги учун тожик касбдошига миннатдорчилик билдирди.

Тожикистон президенти ўзининг ишчи сафари давомида Роғун ГЭСи тўғонини қуриш бўйича олиб борилаётган қурилиш ишларини шахсан текширган.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Роғун гидроэлектрстанцияси қурилиши қандай бораётганини кўздан кечирди, деб хабар қилди мамлакат раҳбари матбуот-хизмати.Хабарда қайд этилишича, Тожикистон раҳбари ГЭС тўғони қурилиши ва қурилиш майдонидаги бошқа объектларни кўздан кечирган.

ГЭС тўғонининг биринчи қисмини қуриш учун зарур бўлган тупроқнинг умумий миқдори 2,7 миллион кубметрни ташкил қилади. Италиянинг "Салини Импреджио" компанияси дарё ўзани тўсилганидан буён қурилиш материалининг каттагина қисмини — 2 миллионини ишлатиб бўлишди, деб ёзади Спутник Тожикистон нашри.Эслатиб ўтамиз, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Роғун ГЭСи тўғонини барпо этиш ишлари бошланиши муносабати билан сўзлаган тантанали нутқида "2018 йил декабрида гидроэлектростанция электр энергияси ишлаб чиқаришни бошлайди ва "Роғун" электри Тожикистондаги ҳар бир оилага етиб боради, энергия мустақиллигига эришиш йўлидаги сўнгги қадам амалга оширилади", дея ваъда берган эди.

Атамбоев Россияда қирғиз мигрантларга бўлган салбий муносабат ҳақида гапирди.

Афсуски, Россияда сўнгги йилларда ксенофобия, биродар халқлар ўртасида душманлик кайфиятини уйғотаётганлар овози баланд эшитилиб бормоқда», - дея маълум қилди Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев Ғалаба кунига бағишланган митингда.

Унинг сўзларига кўра, таниқли рус ёзувчиси Михаил Веллер бир неча йил аввал журналистларга берган интервьюсида скинхедларни қўллаб-қувватлаган, ҳамда улар рус давлатини ҳимояси бўйича функцияни ўзига шунчаки олаётгани ҳақида маълум қилганди. Яъни скинхедлар юзлаб ҳимоясиз кишилар, жумладан болаларни ҳам ўлдириб, маълум бўлишича, Россия манфаатларини ҳимоя қилишаётган экан», - деган давлат раҳбари.

Санкт-Петербургдаги сўнгги фожиадан кейин эса алоҳида рус сиёсатчилари ва ОАВ Қирғизистондан бўлган мигрантларга қарши очиқдан-очиқ чиқишмоқда. 

«Масалан, давлат Думаси депутати Константин Затулин «Россия-1» телеканали эфирида Қирғизистондан бўлган мигрантларга қаттиқ чоралар кўришга чақирди, унинг фикрича, қирғизлар – ўзгалар, улар Россияда тарихан яшаб келаётган халқлар ичига кирмайди. Мен ўша кўрсатув бошловчисига Затулинга муносиб жавоб қайтаргани учун миннатдорман», - дея таъкидлаб ўтди президент.

Ўтган ҳафтада Покистон президенти Мамнун Ҳусейн туркманистонлик ҳамкасби  Қурбонқули Бердимуҳаммадовни  мактуб орқали ушбу мамлакатлар ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 25 йиллик муносабати билан табриклади. Ушбу хабарда таъкидланишича, Покистон ва Туркманистон алоқалари кўплаб соҳаларда ҳамда халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида муваффақиятли тарзда мустаҳкамланган. Покистон томони Туркманистон билан энергетика соҳасида ҳамкорликларини янада кенгайтириш пайидандир. Ҳолбуки, ТАПИ номи билан танилган табиий газни Туркманистондан Афғонистон орқали Покистон ва Ҳиндистонга етказиш лойиҳаси ҳануз ҳам ижро босқичига қўйилмаган.

Айрим таҳлилчиларнинг ақидаларига кўра, Покистон ҳукумати Марказий Осиё минтақасида жойлашган мамлакатлар билан ҳамкорликларини Ҳиндистон билан бўлган яширин рақобатлари асосида кенгайтиришни режалаштирган.

Қадрли тингловчилар, “Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.

 

 

Ёрлиқ