Ибодатнинг ўттиз жилоси
Албатта, Биз у (Қуръони Карим)ни қадр кечасида туширдик». (Қадр сураси, 1-оят).
Аллоҳнинг ҳабиби азиз пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с)-нинг пок руҳларига салому салавот йўллаб, Рамазони шариф ойига бағишланган “ Ибодатнинг ўттиз жилоси” дастуримизнинг бугунги сони ила хонадонингиз меҳмонимиз. Муборак рамазон ойининг иллоҳий раҳмати ва хайру баракоти лаҳзаларида, сиз азизларга ушбу муборак ойда Оллоҳ таоло билан улфат ва унс олишингиз ва ул зотнинг маънавий неъматларини касб этишингизни тилаган ҳолда, мен Адиба Қодирий ушбу дастурни сизларнинг манзурингизга тақдим этаман. Биз билан бирга бўласиз деган умиддамиз!
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандаларига ўта меҳрибон эканининг бир нишонаси ўлароқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига минг ойдан афзал бўлмиш бир кеча – «лайлатул қадр» инъом этилган.
«Лайл» сўзи араб тилидан таржима қилинганда «кеча» деган маънони билдиради, «лайлатул қадр» ― қадр кечаси демакдир. Уламоларимиз кечанинг қадр кечаси деб номланишига икки хил изоҳ берадилар. Бири, кечанинг минг ойдан афзал экани сабабли қадрли бўлгани учун ва иккинчиси, бу кечада кишиларнинг бир йиллик қадарлари битилиши сабаблидир. Албатта, ҳар иккиси ҳам бу кеча учун муносиб таърифдир.
Бу кечанинг фазилати ниҳоятда улуғдир. Жумладан, бу кечада Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Қиёматгача боқий қолувчи ўзгармас, мўъжизавий каломи Қуръони Карим нозил қилингандир. Бу ҳақда Роббил оламиннинг Ўзи шундай марҳамат қилади:
«Албатта, Биз у (Қуръони Карим)ни қадр кечасида туширдик».
(Қадр сураси, 1-оят).
Уламоларимиз бу ояти кариманинг тафсирида келтиришларича, қадр кечасида Қуръони Карим дунё осмонига тўлалигича туширилган. Чунки араб тили мўъжизакор хусусиятли бўлиб, «анзала» сўзи бир нарсани бир йўла юқоридан пастга туширишни билдирар экан.
Қадр кечаси, Қурони Каримда муборак Рамазон ойининг кечаларидан бири сифатида таъкидланган. Бақара муборак сурасининг 185 ояти каримасида шундай айтилган, Рамазон шундай бир улуғ ойдирким, унда Қурони карим нозил бўлган. Ҳамда муборак Қадр сурасининг биринчи оятида ҳам, қадр кечасида Қурони карим нозил бўганлигини ўқишимиз мумкин. Шу сабабли, қадр кечаси муборак Рамазон ойида воқеъ бўлганлиги аниқ. Кўп ривоятларда бу муборак Рамазон ойинингохирги ўн кунлигида ва бу ойнинг ўн туқизинчи, йигирма биринчи ва йигирма учинчи кечаларининг бирида нишонланади. Парвардигоримизнинг раҳмат элчиси Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу ва олиҳи ва саллам марҳамат қилганлар: "Қадр кечасини Рамазон ойининг сўнгги ун кунлигидан қидиринг"
Қадр кечасининг қайси кун эканлиги борасида уламолар ўртасида 40 дан ортиқ ихтилофлар мавжуд. Қуръони каримда бу борада оят нозил бўлмаган. Лекин ҳадиси шарифларда бу кеча рамазон ойининг охирги ўн кунлигига тўғри келиши баён қилинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазон ойини аввалги ўн кунлигида қадр кечасини ният қилиб эътикоф ўтирдилар. Сўнг иккинчи ўнг кунлигида эътикоф ўтирдилар. У зотга: “У охирги ўн кунлигидадир”, деб айтилди.
Ушбу улуғ кечани яшириб қўйиш ҳикмати шундаки, бандалар ҳар кечани қадр билиб, уни ибодат билан ўтказишга тарғиб қилишдир. Чунки инсон қадр кечасини айнан қайси кунда эканлигини билиб олса, ана шу кечада ибодат қилиб қолган кечаларни ғафлатда ўтказиш эҳтимоли бор. Рамазоннинг йигирма еттинчи кечаси уламолар томонидан қадр кечаси эканлиги ривояти қувватли ҳисобланади.
Иллоҳий маърифатдан баҳраманд бўлган ва қадр кечаси улуғлигини яхши ҳис этадиган кишилар, бу муборак кечада қайси амалларни бажаришни яхши билишади. Баъзида бу муборак кечанинг маънавияти инсонга шундай таъсир ўтказадиким, унинг афкор ва кирдори, ҳатто унинг ҳаётини тамоман ўзгартириб юборади. Қадр кечасини тоат ибодат билан уйғоқ ўтказишган кишилар бу муборак кечанинг файзу баракотидан баҳраманд бўладилар.
Ислом таълимотида Қадр кечасида Қурони Каримни тиловат қилиш ва Жавшани кабир дуосини ўқиш таъкидланган. Бу дуо маънавий ва ирфоний жиҳатдан кўп улуғ маъно-мазмунларни ўзига қамраб олган. Чиройли ва маъноли "Жавшани Кабир" дуосида Парвардигори каримнинг минг сифатлари таъсирчан равишда зикр этилган. Бу сифатларни тилга келтирсак,
қалбимизда иллоҳий муҳаббат ва маърифат жўш ўради ва руҳимизни самовий фазода ўчишига сабаб бўлади. Аллоҳнинг буюклиги ва олий сифатларини дилдан эслаш кишини қодир ва ягона Парвардигор олдида камтар ва хоксор бўлишга ўндайди ва худога яқинлаштиради.
Азизлар, келинг нуроний Қадр кечасида бир қатра мисоли иллоҳий уммонга қушилайлик, восил бўлайлик ва ибтидосидан тонг палласигача Аллоҳнинг баркоти лиммолим тўлган бу муборак тунда Аллоҳ таолодан дунё ва охиратнинг энг олий эзгуликларини илтижо қилайлик.
Илоҳо, барчаларимизнинг тутаётган рўзаларимиз, таровеҳларимиз, хайру эҳсонларимизни даргоҳида қабул этиб, Лайлатул Қадр кечасининг файзу футуҳидан барчаларимизни баҳраманд қилгайсан!