Қурбон ҳайити
Зулҳижжанинг ўнинчи кунида бу ойнинг ҳилоли чиқиши билан олам аро бошланган ибодат сайли ўзининг авж палласига кўтарилади.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан!
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
Ислом диннинг азиз пайғамбари ҳазрати Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг пок руҳларига ҳамда ул зотнинг Аҳли-Байтларига салому салавот йўллаб, Қурбон ҳайити байрами билан барчангизни табриклаймиз ва ушбу кунга бағишланган махсус эшиттиришимизни сизга тақдим этамиз. Марҳамат тингланг!
Зулҳижжанинг ўнинчи кунида бу ойнинг ҳилоли чиқиши билан олам аро бошланган ибодат сайли ўзининг авж палласига кўтарилади. Саноқли кунлардаги ибодатларнинг мукофоти – Қурбон ҳайити кўзларимизни қувонтириб оламга меҳмон бўлади. Одамлар ўз меҳр-муҳаббат ва имон ишончларини зоҳир этишлари билан Аллоҳ таолога ҳамду санолар ва такбирларни замзама этишади ва унинг атри Мино фазосини қамраб олади.
Азизлар, барчангизни яна бир бор бу улуғ байрам билан муборакбод этамиз!
Бу улуғ ҳайит, бу чексиз маънавий завқ-сурур барчамизга муборак бўлсин!
Ярим кеча эди, Иброҳим (а) Худо билан розу ниёз қилишидан сўнг дам олишни мақсад қилди. Ҳали кўп вақт ўтмасдан ажойиб туш кўрди: Эй Иброҳим! Аллоҳ таоло сендан қурбони қилишингни сўрайди. Аллоҳ Иброҳим ва Исмоил алайхимас-саломларни имтиҳон қилмокчи бўлди. Нима учун?
Чунки уларнинг иймонлари қай даражада кучли эканини бошқалар кўриши керак эди. Одамлар улардан ўрнак олишлари керак эди.
Бир куни Иброҳим алайхис-салом туш кўрдилар. Тушларида ўғиллари Исмоилни сўяётган эмишлар. Пайғамбарларнинг тушлари доимо рост бўлади. Иброҳим пайғамбар ҳам бу тушларини Аллоҳнинг буйруғи деб тушундилар. У киши ўғилларини жуда яхши кўрардилар. Лекин шундай бўлса ҳам Аллоҳнинг буйруғини бажаришни хоҳладилар. Исмоилга дедилар:
- Ўғлим, мен сени тушимда сўяётган эканман, сен шунга нима дейсан?
Ўғиллари доно ва одобли бола эди. У ҳеч иккиланмасдан дарҳол жавоб қайтарди:
- Эй Отажон, сизга нима буюрилган бўлса, ўша ишни қилаверинг. Мен иншоаллоҳ ҳамма нарсага сабр қиламан.
Иброҳим алайхис-салом ўғгилларининг жавобидан хурсанд бўлдилар. Уни етаклаб бир қўлларида пичоқ билан шаҳардан ташқарига йўл олдилар. Мино деган жойга етиб келиб тўхтадилар. Шу ерда ўғилларини қурбонлик қилмокчи бўлдилар. Исмоил ҳам отанинг ва Аллоҳнинг буйруғига бўйсуниб ерга ётди. Иброҳим алайхис-салом ўғилларининг томоғига пичоқни тирадилар. Исмоилни сўймоқчи бўлиб роса ҳаракат қилдилар. Бироқ пичоқ Исмоилни ҳечам кесмади... Аллоҳ пичоққа кесмагин деб буйруқ бериб қўйган эди. Кейин Иброҳим (алайҳис салом)га Исмоил (алайҳис салом) ўрнига қурбон қилиш учун бир қўй юборилади.Мусиқа
Дунёдаги ҳамма нарса Аллоҳники. Ҳамма нарса Аллоҳга бўйсунади. Пичоқ ҳам олов каби Аллоҳнинг буйруғини бажаради.
Аллоҳ пичоққа кесмагин деб буйруқ берган эди. Пичоқ Аллоҳнинг айтганини қилди. Исмоилнинг бўйнини озгина бўлса ҳам кесмади. Илгари олов ҳам Аллоҳнинг айтганини қилиб, Иброҳимни куйдирмаган эди. Кофирлар Иброҳимни ёшлик пайтида оловга ташлаб ёндирмоқчи бўлганди. Ўшанда ҳам Аллоҳ оловга «Иброҳимни куйдирмагин!» деб буйруқ бериб қўйган эди.
Бу гал Аллоҳ Исмоилни сўйишга буюриб, Иброҳимни синаб кўрмоқчи эди, холос. Қани, у Аллоҳни кўпроқ яхши кўрадими ёки ўғлиними? Иброҳим алайхиссалом ҳеч хафа бўлмасдан Аллоҳнинг айтганини қилавердилар. Шунинг учун Аллоҳнинг имтиҳонидан яхши ўтдилар. У киши ҳам, ўғиллари ҳам Аллоҳни ҳаммадан кўра кўпроқ яхши кўришлари исбот бўлди. Исмоилнинг оналари ҳазрати Ҳожар ҳам тақволи ва жуда одобли аёл эдилар. Ўғилларини ҳам мана шундай тарбия қилган эдилар. Бу ҳамма мусулмонларга ибрат бўлиб қолди.
Биз ҳар йили Қурбон ҳайити келганда бу кунни байрам қиламиз. Дунёдаги барча мусулмонлар бу кунни энг катта байрам деб биладилар. Бу байрам яқинлашганда миллионлаб мусулмонлар Макка шаҳрига бориб ҳаж қиладилар. Иброҳим ва Исмоил алайҳимассаломлар яшаган жойларни кўрадилар. Улар юрган йўллардан юрадилар. Аллоҳнинг уйи – Каъбатуллоҳда ибодат қиладилар.
Бу кунда Худонинг уйини зиёрат қилувчи ҳожилар Худо ризолиги учун қурбонлик қиладилар ва Аллоҳнинг буюк пайғамбари ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом)нинг хотираларини эъзозлайдилар.
Бу байрам бизга Иброҳим (а) ва Исмоил (а)боболаримизнинг қилган ишларини эсимизга солиб туради. Биз уларнинг Аллоҳ йўлида қилган меҳнатлари ва жиҳодларидан ўрнак оламиз. Биз ҳам улар каби Аллоҳнинг динига даъват қилишни хоҳлаймиз. Улардек чин иймонли мусулмон бўлишга интиламиз. Ислом динига ва мусулмонларга хизмат қилиш – энг олий хизмат.
Қурбон ҳайити куни инсоннинг вужудида кундалик ташвишлар ғалаён этса-да, аммо у энг юксак инсоний камолот даражасига етиши мумкинлигини англайди. Аллоҳ ризоси йўлида кўнгил истакларидан воз кечиб, ҳазрати Иброҳим ва Исмоил (алайҳимас салом)лар каби улуғ инсонлар мисоли амал қилиш нақадар гўзалдир!
Бугун ҳаж қилувчилар ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом)нинг қаҳрамонларча саргузашти кечган муқаддас заминда ўзларининг Исмоиллари ким экани ва иккиланишларига нима сабаб бўлаётгани ҳақида ўйга толишади. Ҳар бир ҳожи бу ўй-фикрда ўзини дунёга боғлаб турган воситалардан қутилишга ҳаракат қилади.
Қурбон ҳайити куни Иброҳим ва Исмоил алайҳимассаломлар Аллоҳнинг имтиҳонидан ўтган кунлари. Аллоҳ ҳамма мусулмонларни бир-бир имтиҳон қилиб кўради. Биз ҳам Аллоҳнинг имтиҳонларидан яхши ўтишга ҳаракат қиламиз.
Имом Содиқ алайҳиссалом , "Қурбонлик қонининг биринчи томчиси ерга тушиши билан қурбонлик қилувчининг ўтган гуноҳлари кечирилади", деб башорат берганлар. Зеро, қурбонлик қилиш Аллоҳ таолони улуғлаш, берган неъматларининг шукронасини адо қилиш ва нафсоний иллатлардан покланишдир.
Агар Аллоҳ йўлида мустаҳкам турсак, синовлардан яхши ўтсак, Иброҳим ва Исмоил пайғамбарларга ўхшаб Аллоҳнинг мукофотларига эришамиз, иншоаллоҳ.
Қадрли тингловчилар, Муборак Қурбон ҳайтига бағишланган махсус эшиттириш шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Қурбон ҳайити яна бир бор барчамизга муборак бўлсин!