Марказий Осиё ўтган ҳафта ичида
Марказий Осиёга доир муҳим янгиликлар шарҳи
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Марказий Осиё ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини мен Аҳмаджон Сулаймонов эътиборингизга ҳавола этаман.
Бугунги суҳбатимизда минтақада жойлашган мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.
Бизни тинглаб боринг!
Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:
- Россия президенти Владимир Путиннинг Туркманистон пойтахти Ашхабодга қилган сафарининг натижалари
- Тожикистон парламентида коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ҳарбий техникаларини етказиб беришга оид махсус шартнома ратификация қилинди
- Душанбе шаҳрида МДҲ мамлакатларининг мудофаа вазирлари кенгашига қарашли мувофиқлаштирувчи комитетнинг йиғилиши ўтказилди
- Қирғизистонда президент сайловига саноқли кунлар қолган бир пайтда, кутилмаган воқеа содир бўлди
- Олмаота яқинида самолёт фалокатга учраши оқибатида 5 киши ҳалок бўлди
Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотларига ўтамиз.
Россия президентининг Туркманистонга қилган сафарида икки мамлакат расмийлари муносабатларни янада кенгайтириш учун ҳамкорликлар доирасида бир нечта ҳужжатларни имзолашди. Форс ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Россия ва Туркманистон президентларининг учрашувлари якунида икки давлат қишлоқ хўжалиги соҳасида шунингдек, саноат, туризм ва наркотик моддалар контарбандасига қарши курашда ҳамкорлик қилиш бўйича бир нечта битимларга имзо қўйишди.
Россиянинг Туркманистон билан ҳамкорликлар кўламини янада кенгайтиришга қаратилган уринишларига қарамай, Россиянинг Туркманистон билан ташқи савдо соҳасидаги улуши 5 фоизни ташкил этади холос. Ашхабодннинг тижорат соҳасидаги асосий шериги Пекин ҳисобланади. Россия ва Туркманистон ўртасидаги тижорат айирбошлаш ҳажмининг камайишининг сабабларидан бири бу Россиянинг Туркманистон газини харид қилмаслигига ҳам боғлиқдир. Россия федерацияси президенти Владимир Путин Турманистонга охирги марта 2012 йилда сафар қилган эди.
Тожикистон парламентида коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатларга ҳарбий техника ва ҳарбий кучларни жўнатилиши борасидаги ҳамкорлик шартномаси қабул қилинди. Эроннинг хорижий эшиттиришлар хабарига кўра, Тожикистон мудофаа вазири Шерали Мирзо Тожикистон парламентида мазкур шартноманинг ратификация қилингани тўғрисидаги хабарни эълон қилиб, ушбу шартнома Тожикистоннинг давлат армиясини қайта тикланиши ҳамда мамлакат хавфсизлигига таҳдид солаётган хавф- хатарларга қарши кураш олиб боришга кўмаклашади деб қўшимча қилди. Тожикистон мудофаа вазири ўз сўзларида ушбу шартнома асосида зарур бўлган ҳолда ва фавқулодда вазиятларда коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Тожикистонга ҳарбий жиҳатдан тез суръат билан ёрдам кўрсатиши мумкин деб айтди. Тожикистон парламенти намояндалар мажлиси раиси Шукуржон Зуҳуров ҳам бундай шартномани Тожикистон учун жуда муҳим эканлигига алоҳида тўхталиб, фавқуллода вазиятларда ҳарбий кучларни сафарбар этиш кўп вақтни талаб этади, аммо бу шартнома зарур ҳолатда тез суръат билан ҳарбий кучларни етиб келишига кўмаклашади деб таъкидлади.
Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатларининг мудофаа вазирлари кенгашига қарашли мувофиқлаштирувчи комитетнинг йиғилиши Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида ўтказилди. Форс ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, ушбу йиғилишда Тожикистон, Арманистон, Белоруссия, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия мамлакатларининг мудофаа вазирлари ва МДҲ иттифоқига аъзо давлатлар мудофаа вазирлари кенгашининг котибияти иштирок этди. Ушбу учрашувда ҳарбий таълим соҳасида ва қуролли кучлар учун гвардияларнинг шайлиги ва тайёргарлик ҳолати ҳамда мазкур мамлакатларнинг ҳарбий таълим муассасасида таҳсил оладиган курсантларнинг таълим олишларига доир фаолиятларни янада кучайтириш учун халқаро ҳамкорликлар кўламини кенгайтириш мақсадида, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликларга боғлиқ бўлган масалалар баҳс мунозара этилди ва ушбу ишларни ривожлантириш ҳақида фикр алмашиб олинди.
Қирғизистонда президент сайловига саноқли кунлар қолган бир вақтда, кутилмаган воқеа содир бўлди, деб хабар қилмоқда Sputnik Қирғизистон.
YouTubeда пайдо бўлган видеороликда Қирғизистон Жогорку Кенеш депутати Канат Исаев, президент сайлови натижалари кўнгилдагидек бўлмаган тақдирда, одам жамлаш, тартибсизликлар уюштириш ва ҳукуматни эгаллаб олиш мақсадида жиноятчи гуруҳ вакилига 1 млн сом нақд пул берётгани акс этган. Қирғизистон Миллий хавсизлик давлат қўмитаси депутат Исаев ушбу ишни президентликка номзод Омурбек Бабанов фойдасига амалга оширмоқчи бўлган, деб хабар қилди. "Жиноий иш материалларига кўра, Қирғизистон президентлигига номзод Омурбек Бабановнинг тарафдори бўлган депутат Исаев, ҳукуматни куч билан эгаллаб олиш мақсадида, ёшларни, жумладан жиноятчи гуруҳ вакилларини жалб қилиш ва пулга сотиб олиш билан шуғулланган. Уларни сайловдан кейин, сайлов натижалари қалбаки деган баҳона асосида, ноқонуний намойишларда иштирок этиши режалаштирилган", — деди Қирғизистон Миллий хавсизлик давлат қўмитаси матбуот котиби Рахат Сулаймонов.
Айни дамда депутатга нисбатан жиноий иш қўзғатилган, Канатбек Исаев ва бир неча жиноий гуруҳ вакиллари ҳибсга олинган. Эслатиб ўтамиз, Қирғзистонда президент сайлови 15 октябрда бўлиб ўтади. Айни дамда рўйхатдан ўтган номзодлар сони 20дан ошиб кетган. Улар орасида уч нафар номзод етакчилик қилмоқда: "Республика-Атажурт" уюшмаси номзоди Омурбек Бабанов, "Акшумкар" партияси номзоди Сариев Темур Аргембаевич ва амалдаги ҳукумат партияси бўлган "Қирғизистон Социал-демократик партияси" номзоди — Жээнбеков Сооронбай Шариповичлар сайлов олди ташвиқотларда етакчилик қилишмоқда.
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри яқинида Ан-28 самолёти борти ерга қулаши оқибатида 5 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Қозоғистон ички ишлар вазирлигининг фавқулодда ҳодисалар қўмитаси расмий вакили Руслан Иманкулов хабар берди. "Самолёт 2017 йил 3 октябрда соат 19:15да Олмаота вилоятининг Илия туманидаги Междуречинск қишлоғи яқинида санавиациянинг Ан-28 самолёти қулаган. Дастлабки маълумотларга кўра, самолётда 5 киши бўлган ва уларнинг барчаси ҳалоқ бўлган", деб айтди Иманқулов. Самолёт East Wing компаниясига тегишли бўлган. Самолёт ёнаётган ҳолда Олмаотадан 28 км узоқликда топилган. Самолёт Олмаота-Чимкент йўналиши бўйича санитар рейс амалга ошираётгани маълум қилинган. Маълум қилинишича, бортда экипажнинг икки аъзоси ва икки нафар доктор бўлган. Улар бир касални ташиётган бўлишган.
Муҳтарам тингловчилар, "Марказий Осиё ўтган ҳафта ичида" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонига ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.
Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.