октябр 28, 2017 19:26 Asia/Tashkent

Марказий Осиёга доир муҳим янгиликлар шарҳи

        Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. 

        Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини  мен Аҳмаджон Сулаймонов эътиборингизга ҳавола этаман.

      Бугунги суҳбатимизда минтақада жойлашган  мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий,  маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.

     Бизни тинглаб боринг!

     Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

  1. Қирғизистон парламентининг янги спикери сайланди
  2. Қирғизистон Қозоғистон билан ёрдам кўрсатиш келишувини бекор қилди
  3. Тожикистонда 9 кишидан иборат гуруҳ ИШИД террорчилик гуруҳининг ғояларини тарғиб қилиб келганлиги учун узоқ муддатларга озодликдан марум этилди.
  4. Қозоғистон президенти қозоқ тили алифбосини лотин ёзувига ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолади
  5. Қозоғистон бош вазири Қирғизистон билан чегарадаги вазиятга изоҳ берди. 
  6. Туркманистон мустақиллигининг 26 йиллиги нишонланди.

Энди эса ушбу мавзуларнинг тафсилотларига ўтамиз.

Қирғизистон парламентининг янги спикери сайланди. Қирғизистон парламенти (Жўқорғу Кенеш)нинг янги спикерига 40 ёшли Достонбек Жумабеков сайланди. Достонбек Жумабеков бу лавозимда истеъфога чиққан Чинибой Турсунбековнинг ўрнини эгаллади. Достонбек Жумабековнинг спикер лавозимига номзоди парламентдаги кўпчиликни ташкил этувчи учта сиёсий партиянинг коалицияси томонидан илгари сурилди. «Онугуу-Прогресс» парламент фракцияси Исҳақ Масалиевни спикер лавозимига номзод сифатида кўрсатди. Яширин овоз бериш якунлари бўйича Жумабеков Жўқорғу Кенешнинг спикери этиб сайланди. Унинг номзоди учун 88 нафар депутат овоз берган бўлса, Масалиев номзодини 26 депутат қўллаб-қувватлади.

     Қирғизистон ҳукумати Қозоғистон билан Евросиё интеграцияси доирасида ёрдам кўрсатиш ҳақидаги келишувни бекор қилишига тушунтириш берди. Ушбу қарор ҳақидаги ҳужжат ва унга асоснома Жогорку Кенеш сайтида чоп этилди. Ҳужжатда айтилишича, Қирғизистоннинг Божхона иттифоқига қўшилиши йўл харитасига мувофиқ, божхона инфратузилмаларини жойлаштириш ва техник жиҳозлаш бўйича қисқа муддатларда катта ҳажмдаги ишларни амалга ошириш керак. Бундан ташқари, Қирғизистон ветеринария, фитосанитар ва карантин тизимларини халқаро стандартларга мос равишда такомиллаштириши ва тажриба лабораторияларини модернизация қилиши лозим. Қирғизистон иқтисодиёт вазирлигида маълум қилинишича, Қозоғистон билан Евросиё иқтисодий иттифоқи дорисида кўмак кўрсатиш келишуви 2016 йил декабрда имзоланган. Қозоғистон бу келишувга кўра Қирғизистонга 100 млн долларлик техник ёрдам кўрсатмоқчи эди. "2017 йил августда томонлар 41 млн долларлик техник кўмак тадбирлари рўйхатини имзолашган. Кейинчалик ёрдам келишилган сметалар бўйича тақдим қилиниши керак бўлган. Айни вақтгача Қирғизистонга ёрдам кўрсатилмагани учун ушбу қонун лойиҳаси тайёрланган", деб айтилган асосномада. Қонун лойиҳаси бюджет ва молия қўмитаси томондан маъқулланган. Қирғизистон ҳукумати икки давлат вазирлар маҳкамалари ўртасидаги Евросиё иқтисодий интеграцияси шароитларида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш келишувини, кўмак бериш тартиби ва ундан фойдаланишни назорат қилиш, техник кўмак кўрсатиш ва аввал томонлар имзолаган кўмак кўрсатиш ҳақидаги протоколларга тузатиш киритиш протоколларини бекор қилишга қарор қилди.   

    Тожикистонда 9 кишидан иборат гуруҳ ИШИД террорчилик гуруҳининг ғояларини тарғиб қилиб келган. Тожикистоннинг Хатлон вилоятида яшовчи тўққиз киши ИШИД террорчилик гуруҳининг ғояларини тарғиб қилганлик учун узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилди. Вилоят суди раисининг ўринбосари Темур Бойзоданинг хабар беришича, суд жараёнида гуруҳнинг ҳар бир аъзоси айби тўлиқ исботлади. Бошқа манбалардан маълум бўлишича, гуруҳ раҳбари Файзиддин Шомардонов 20 йилга озодликдан маҳрум этилди. Саидмурод Баротов 18 йилга, Абубакр Сатторов 15 йилга қамалди. Икки шахс 12 йилга озодликдан маҳрум қилинди, гуруҳнинг бошқа аъзолари ҳам узоқ муддатли жазони олди. Хабар қилинишича, судланган шахслар ИШИД ғояларини тарғиб қилиш билан бир вақтда, ёшларни ушбу террорчилик гуруҳи сафига ёллаш билан шуғулланганлар. Терговда аниқланишича, Файзиддин Шомардонов Сурия ва Ироқдаги ИШИД жангарилари билан доимий алоқада бўлган, дея айтиб ўтган вилоят судидаги манба.

     Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев қозоқ тили алифбосини лотин ёзувига босқичма-босқич ўтказиш тўғрисидаги фармонга имзо чекди. «Қозоғистон Республикаси ҳукуматига: қозоқ тилининг алифбосини лотин ёзувига ўтказиш бўйича миллий комиссия тузиш; қозоқ тили алифбосини 2025 йилгача лотин ёзувига босқичма-босқич ўтказишни таъминлаш», - дейилади фармон матнида. Қозоқ тили алифбосини кириллчадан лотинчага ўтказишни таъминлаш учун президент лотин тилига асосланган қозоқ тили алифбосини тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилди. Янги алифбо 32 та ҳарфдан иборатдир. 1920-йилларга қадар қозоқ тилида арабча ёзув ишлатилган, кейинчалик лотин ёзувига ўтилган. Ушбу алифбодан 1940 йилгача фойдаланилди, сўнг 42 ҳарфдан иборат бўлган қозоқ кирилл алифбоси қабул қилинди.

     Қозоғистон бош вазири Қирғизистон билан чегарадаги вазиятга изоҳ берди. Қозоғистон бош вазири Боқижон Сагинтаев Евроосиё ҳукуматлараро кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисида Қирғизистон-Қозоғистон ва Россия-Қозоғистон чегараларидаги вазиятга тўхталди. Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда чегарада амалга оширилаётган иш «атайин Қирғизистонга қарши қаратилмаган». «Қозоғистоннинг солиқ таркибий қисмидаги йўқотишларни камайтириш ва контрабанда даражасини камайтиришдан бошқа мақсадлари йўқ. Бу иттифоқ бўйича бошқа дўстларимизга ҳам тегишли», - деди у. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон икки давлат ўртасидаги йўл харитаси устида ишламоқда. «43 та банд бўйича тўла тушунишга эгамиз. Келажакда хизматларимиз уларни амалга ошириш устида ишлайди», - деган Сагинтаев. «Қирғизистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси хизматлари ўртасида 2017 йил 5 июнь куни Хитойдан товарлар олиб кириш вақтида нотўғри декларациялашни олдини олиш мақсадида қўшма тадбирлар режаси имзоланди. Бироқ, Қирғизистон томонининг режалаштирилган чора-тадбирларни амалга оширмаганлиги туфайли у етарли даражада эффект бермади», - дейди Боқижон Сагинтаев. Қирғизистон бош вазири Сапар Исоқовнинг таъкидлашича, қирғиз томони алоҳида баёнот беради. «Бизнинг ҳам айтадиган гапимиз бор. Кўп километрлик навбатлар нафақат Қирғизистон, балки Қозоғистон ва учинчи давлатлар фуқароларининг ғазабини келтириб чиқармоқда», - деган у.

      27 октябрь куни Туркманистонда мамлакат мустақиллигининг 26 йиллиги нишонланди. Туркманистон мустақиллигининг 26 йиллигига бағишланган катта байрам тантанаси «Ашхобод» спорт мажмуаси марказий стадионида бўлиб ўтди. Спорт майдони марказида байрам тантанаси иштирокчилари 26 «ХХVI» рақамини тасвирлашди. Ажойиб якунга Туркманистоннинг кўп рангли харитаси айланди, у тадбир иштирокчилари томонидан стадионда тасвирланди. Дастурнинг энг асосий нуқтасига эса қуштдепди маросим рақси намойиши айланди. Эслатиб ўтамиз, 1991 йилнинг 27 октябрида Туркманистон ССР Олий Кенгаши умумхалқ референдуми натижалари асосида «Туркманистон мустақиллиги ва давлат тизими асослари тўғрисида»ги Конституциявий қонунни қабул қилди. Унга кўра, Туркманистон ССР ҳудудида мустақил давлат эълон қилинди.

     Муҳтарам тингловчилар, "Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонига ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.   Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.