Январ 16, 2018 13:28 Asia/Tashkent

Халқлар орасида олимларнинг борлиги Аллоҳнинг неъматидир. Уларнинг вафоти эса оғир мусибатдир. Зеро илм уларнинг вафоти орқали кўтарилади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан Асаалому алайкум, азиз тингловчилар! “Ҳаётий муаммолар калиди” туркум эшиттириши навбатдаги сонини Эрон Ислом Жумҳурияти ӯзбек тилидаги радиосидан ҳузурингизга тақдим этамиз. Дастурни мен, Рахшона олиб бораман. Эшиттиришимиз якунига қадар биз билан бирга бӯласиз деган умиддамиз.

Олимнинг фазлини Аллоҳ ва Унинг Расули улуғлаб турсаю, унга нисбатан ҳурматсизлик қилиш дарҳақиқат Аллоҳ ва Унинг Расулига ҳурматсизлик қилишдир.

Уламоларни ғийбат қилишнинг хатари бошқаларни ғийбат қилиш хатаридан кўра хавфлироқдир. Ғийбатнинг ёқимсизлиги ўлимтик гўштини ейишга ўхшатилган бўлса, олимни ғийбат қилиш унинг заҳарланган гўштини ейишга ўхшатилган.

Уламоларни ҳурмат қилиш иймоннинг саломатлигига далилдир. Уларни камситиш эса нифоқ аломатидир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васалламни фақат мунофиқлар ёмон кўришар, у зотни камситишга ҳаракат қилишарди. Олимларимиз Набий соллаллоҳу алайҳ васалламнинг омонатларини етказувчилардир. Шу маънода уларни ёмон кўриш мунофиқлик аломатлардан дейилади.

Халқлар орасида олимларнинг борлиги Аллоҳнинг неъматидир. Уларнинг вафоти эса оғир мусибатдир. Зеро илм уларнинг вафоти орқали кўтарилади.

Уламоларнинг дунёга қаттиқ муҳаббат қўйишлари, улар чеҳраларига соядир. (Уларнинг илм ва амал сабабли нурафшон бўлиши лозим бўлган юзлари дунё муҳаббатига қаттиқ берилганлари сабабли нурсиз бўлиб қолади). Халойиқ уларнинг илмидан манфаат олаверадилар, лекин уларнинг илмлари ўзлари учун манфаатли бўлмайди.

Гарчи шариат ривожи ва миллат қуввати улар ила барпо бўлса ҳам, бундан ўзларига нафъ бўлмайди. Зеро, шариат фожир кишилар билан ҳам барпо бўлавериши маълумдир.

Улар, ҳудди сангипорс (порс тоши) кабидир. Агар бу тошни мис ва темирга теккизилса тиллога айлантиради. Аммо, ўзи эса асл ҳолатида тош бўлиб қолаверади.

Яна улар шам кабидир. Чунки олам шамнинг ёруғлигидан баҳра олиб, манфаат топади, лекин, бундан ўзига сира ҳам фойда бўлмайди.

 (Улар одамларга яхшилик қилиш, ҳаромлардан тийилиш ҳақида кўп гапиришади, аммо ўзлари қайтарган амалларга, ўзлари мубтало бўлиб қолишади).

Илмига амал қилмайдиган фожир уламоларнинг илми улар учун зарарлидир ва ўзларига қарши ҳужжат ҳамдир. Қиёмат куни энг қаттиқ азобланадиган инсон илмидан манфаат олмаган олимдир. (Булар беамал, фосиқ, фожир «олимлар»дир. Бугун улар кўплаб ёвузликларни қилишлари мумкин, аммо охиратда сўралишлари шубҳасиздир).Нега ҳам зарарли бўлмасин? Ҳаққ азза важалла наздида энг азиз ва шарафли нарса илмдир. Дунё эса, Аллоҳ наздида махлуқотларнинг энг залил ва хоридир.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган Эрон Ислом жумҳуриятининг ӯзбек тилидаги халқаро радиосидан  “Ҳаётий муаммолар калиди” эшиттиришини  тинглаяпсиз.  Радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/ uz орқали хоҳлаган пайтда эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига эгасиз. Радиомизнинг электрон манзили   [email protected]    

Мол-дунё, мансаб ва мартабалардан иборат бўлган залил ва хор дунёни топиш учун, энг азиз ва шарафли илмни васила қилиш, қандай ҳам қабиҳликдир. Ҳаққ азза ва жалланинг азиз қилган нарсасини хор қилиш ва хор қилганини эса иззатли қилиш ниҳоятда пасткашлик ва Ҳаққ субҳанаҳу ва таолога катта қаршиликдир . (Аллоҳ асрасин).

Ҳазрат Исо (а) ривоят қилинган: Одамларнинг энг ёмони охиратини илми эвазига сотгани ва дунёга кӯнгил қӯйиб, дунёси учун ҳаракат қилганидир.

 Илм ўргатиш ва фатво бериш мансаб, мол-дунё ва обрў-эътибор топиш каби мақсадлардан холи бўлиб, холис Аллоҳ розилиги учун бўлсагина фойдали бўлади. Бунинг учун эса, дунё топишга муккасидан кетишдан тийилиш ва дунё ва ундаги барча нарсаларга рағбатни йўқотиш керак.

Дунё муҳаббатига мубтало бўлган ва дунё топишга гирифтор бўлганлар “дунё” уламолари бўладилар. Булар ноқобил уламолар, халойиқнинг энг ёмони ва диннинг ўғрисидирлар. Ваҳоланки, улар ўзларини “муқтадои дин” (динда пешво) ва халойиқнинг энг яхшиси, деб ҳисоблайдилар.

Аллоҳ уларнинг барчасини қайта тирилтирадиган кунда худди бу дунёда сизларга қасам ичганларидек, Унга ҳам қасам ичадилар. Шу билан бирор нарсага эришамиз, деб ўйлайдилар.

Ҳурматли тингловчилар! “Ҳаётий муаммолар калиди” туркум эшиттириши навбатдаги сони шу ерда ӯз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Аллоҳ ёру мададкорингиз бӯлсин.

 

 

Ёрлиқ