Марказий Осиё ўтган ҳафта ичида
Марказий Осиё минтақаларига оид муҳим янгиликларнинг шарҳи
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Марказий Осиё ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини эфирга узатамиз.Унда мазкур минтақада жойлашган мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.
Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:
- Имомали Раҳмон Ўзбекистонга қачон келиши маълум бўлди;
- Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгашига умрбод раҳбарлик қилиши мумкин;
- Садир Жапаровнинг тарафдорлари Қирғизистон Олий Суди биносининг олдида тўпланишди;
- Толибонлар Тожикистон билан чегарадаги уездни эгаллаб олишди.
Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.
Тожикистон ҳукуматининг Душанбедаги қароргоҳида 31 май куни тушдан кейин Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода ва Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Ариповнинг учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда АП хабар бермоқда.
Томонлар икки мамлакат ўртасида иқтисодиёт, хавфсизлик, маданият, ижтимоий ва аграр секторни ривожлантириш, энергетика, саноат соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар.
Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи чоғида Душанбе ва Тошкент ўртасида имзоланган битимларнинг бажарилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг жорий йил кузида Ўзбекистонга амалга оширадиган давлат ташрифига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.
Тожикистон президентининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи икки мамлакатнинг барча соҳалардаги алоқаларини ривожлантиришга янги туртки беришига ишонч билдирди.
Томонлар бугун Душанбе шаҳрида бўлиб ўтадиган МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида кун тартиби, минтақа мамлакатлари ўртасида муносабатларни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашишди.
Мазкур республикага доир бошқа хабармиз шундан иборатки,
Тожикистоннинг 9 миллионинчи фуқароси қиз чақалоқ бўлди: қизча 26 май куни соат 06:30да Душанбедаги 1-сонли туғуруқхонада дунёга келди. Таъкидланишича, чақалоқнинг вазни 3,6 кг, бўйи эса 51 см. Бу ҳақда “Ховар” миллий ахборот агентлиги маълум қилган.
Шу муносабат билан қизчанинг ота-онасига пойтахт марказидан барча қулайликларга эга 3 хонали квартира тақдим қилинди ва унинг калити топширилди.
Қизчанинг онаси душанбелик 28 ёшли Назира Муллажонова бўлиб, ушбу чақалоқ унинг иккинчи фарзанди бўлди. Бунгача оилада бир ўғил фарзанд бўлган.
Қозоғистон парламенти сенатининг депутатлари пайшанба кунги ялпи мажлисда «Қозоғистон Республикаси Хавфсизлик Кенгаши тўғрисида»ги қонун ва унга қўшимчалар тўпламини қабул қилишди, унда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг мамлакат Хавфсизлик кенгашига умрбод раҳбарлик қилиш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган. Бу ҳақда КазТАГ хабар бермоқда.
Таъкидланишича, қонун лойиҳасига мувофиқ, Хавфсизлик кенгаши ички сиёсий барқарорликни сақлаш мақсадида ички хавфсизлик ва мудофаа салоҳиятини таъминлаш, конституциявий тузумни, давлат мустақиллигини ва ҳудудий яхлитликни ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсати амалга оширишни мувофиқлаштирувчи конституциявий орган ҳисобланади.
Қонун лойиҳасининг 2-моддасида президентнинг Хавфсизлик кенгашига умрбод раҳбарлик қилиш ҳуқуқини мустаҳкамлаб қўйиш назарда тутилган. Шу билан бирга, Қозоғистон Республикаси Хавфсизлик кенгаши раисининг ваколатларига аниқлик киритилмоқда ва Хавфсизлик кенгаши аъзолари ваколатлари ҳам белгиланмоқда.
«Хавфсизлик кенгаши раиси Кенгаш фаолиятига раҳбарлик қилади; Хавфсизлик кенгашининг мажлисларини ва тезкор йиғилишларини чақиради; Хавфсизлик кенгаши аъзоларига кўрсатмалар беради; Хавфсизлик кенгаши тўғрисидаги низомни тасдиқлайди; Хавфсизлик кенгаши аппарати ташкилий-ҳуқуқий мақомини белгилайди ва унинг тузилмасини тасдиқлайди; Хавфсизлик кенгашининг фаолиятига тааллуқли актларни, шу жумладан норматив-ҳуқуқий характерга эга актларни чиқариш ҳуқуқига эга; Қозоғистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади», - дейилади ҳужжатда.
Умуман олганда, қонун лойиҳаси билан Хавфсизлик кенгаши ва унинг аппаратининг ҳуқуқий мақоми, вазифалари, функциялари, шакли, таркиби ва фаолиятини ташкил этиш, шунингдек, молиялаштириш тартиби белгилаб қўйилмоқда.
Садир Жапаровнинг тарафдорлари Қирғизистон Олий Суди биносининг олдида тўпланишди.
Маҳаллий Суд томонидан Қирғизистон парламенти собиқ депутати парламент раисининг ўринбосари Садир Жапаровни 11,5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди.
Қирғизистон парламентининг собиқ депутатининг тарафдорлари унинг қамоққа олинганига эътироз билдириб, Қирғизистон Олий Суди биносининг олдида тўпланишди.
Тасним агентлиги тарқатган хабарга кўра, маҳаллий Суд томонидан Қирғизистон парламентининг собиқ депутати парламент раисининг ўринбосари Садир Жапаровни 11,5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди.
Депутатнинг тарафдорлари сешанба куни Суднинг ҳукмига эътироз билдириб мамлакат Олий суди биносининг олдида тўпланиб ўзларининг норозиликларини кўрсатишди.
Қирғизистон олий суди 2013 йилда Қоракўл минтақасида юз берган тартибсизликлар бўйича ишни қайта кўриб чиқишни талаб қилаётган кузатувчилар шикоятини ўрганиб чиқиши инобатга олинди.
Қирғизистонга оид иккинчи хабаримиз шундан иборатки,
Қирғизистон давлат миллий хавфсизлик қўмитаси (ДМХҚ) собиқ бош вазир ўринбосари Асқарбек Шодиевга нисбатан қидирув эълон қилди, зеро у қидирув органларидан атай қочиб юрибди, дейилади vb.kg сайтида.
ДМХҚ маълумотларига кўра, 28 апрель куни жиноий иш қўзғатилганидан кейин Жўгорку Кенеш депутати, собиқ бош вазир ўринбосари Асқарбек Шодиев Қирғизистон дипломатик паспортидан фойдаланиб, "Хўжанд-Москва" йўналишида парвоз қилган, у ердан эса Нью-Йоркка йўл олган.
Қариндошларининг маълумотларига кўра, Шодиев даволанишга кетган бўлиб, 1-2 ҳафтада қайтиши керак бўлган.
2018 йилнинг 31 май куни ҚР ДМХҚ Ч.Айтматов номидаги мукофот пулини топширишга ажратилган 30 минг доллар миқдоридаги бюджет воситаларини ўзлаштирилиши муносабати билан депутат Шодиевга нисбатан Жиноят кодексининг "Лавозимини суистеъмол қилиш"га доир моддаси бўйича айблов қўйилади. Худди шу куни Бишкек шаҳрининг "Первомайский" туман суди қарори билан унга нисбатан қўлга олиш кўринишидаги эҳтиёт чораси танланди.
Мазкур жиноий иш 2018 йилнинг 28 апрелида ҚР Бош прокуратураси томонидан қўзғатилган. Тергов версиясига кўра, бир кун аввал Шодиев Исфан шаҳридаги (Тожикистон томонда) қариндошининг дафн маросимига кетган бўлган.
Афғонистон шимоли-шарқидаги Тоҳар вилоятида, Тожикистон билан чегарадош жойлашган Дашти-Кала уезди «Толибон» радикал ҳаракати назоратига ўтди. Бу ҳақда Ariana News телеканали маҳаллий ҳукуматга асосланган ҳолда хабар тарқатган.
«Жангариларнинг қуролли ҳужуми оқибатида 5 ҳарбий ҳалок бўлди, 4 ҳарбий жароҳатланди, яна ўнлаб кўнгиллилар асирга олинди. Толибонлар давлат муассасалари биноларига ўт қўйишган», дейилади хабарда.1TV телеканали Тоҳар вилояти полиция бошқармаси матбуот хизматига асосланиб хабар беришича, жангариларнинг уезд марказига ҳужуми маҳаллий вақт билан тонгги соат 6:00да рўй берган. Айни вақтда ҳудудни тинч аҳоли вакилларининг аксар қисми тарк этган.
Қадрли тингловчилар, “Марказий Осиё ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.