июл 21, 2018 13:40 Asia/Tashkent

“Ўзбекистон  ўтган ҳафта давомида” рукнидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини эътиборингизга ҳавола этамиз. Унда ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий ўзгаришлар борасида сизга маълумот берамиз.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:

  1. Абдулла Арипов Фарғонада Тожикистон бош вазири билан учрашув ўтказди
  2. Ўзатом агентлиги ташкил этилади
  3. Ўзбекистонга катта миқдорда инвестиция киритган хорижликлар «Фахрий фуқаро» унвонини олиши мумкин
  4. Ўзбекистонда автомобиль ойнасини қорайтиришга рухсат берилди
  5. Ўзбекистон ва Қирғизистон яна 2 участкада чегара чизиғини белгилаб олди
  6. Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги Ҳайратон чегарасидаги йўл ёпиб қўйилди
  7. 20 йиллик айрилиқдан сўнг Муҳаммад Бекжон фарзандларини кўрди

Энди энг муҳим мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:

16 июль куни Фарғона шаҳрида Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов ва Тожикистон Республикаси бош вазири Қоҳир Расулзоданинг амалий учрашуви бўлиб ўтди.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, бош вазирлар икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалаларини, аввало олий даражада бўлиб ўтадиган Ўзбекистон-Тожикистон учрашувига тайёргарлик жараёнини муҳокама қилган.

Икки томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича амалга оширилаётган турли даражалардаги алоқаларнинг юқори самарадорлиги қайд этилган.

Ўзбекистон томони Тожикистон Республикаси президенти Эмомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи арафасида Тошкент шаҳрида «Тожикистонда ишлаб чиқарилган» миллий саноат кўргазмасининг ҳамда биргаликдаги Ўзбекистон-Тожикистон бизнес-форумининг ўтказилишини қўллаб-қувватлаган.

Томонлар барча соҳалардаги икки томонлама алоқаларни янада чуқурлаштиришга содиқлигини ва уларни бунданда самарали ва сермаҳсул бўлишлиги учун барча зарур чораларни кўришга тайёрликларини яна бир бор таъкидлашган.

Фарғонадаги музокаралар якунида учрашув Баённомаси имзоланган.

Хххххххххххххххх

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Атом энергетикасини ривожлантириш агентлигини («Ўзатом») ташкил этиш ҳақидаги қарорни имзолади.

 “Ўзатом” атом энергетикасини ривожлантириш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги ягона давлат сиёсати ҳамда стратегик йўналишларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун жавобгар давлат идораси бўлади.

“Ўзатом”, Ўзбекистон Фанлар академияси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига бошқа вазирликлар ва маҳкамалар билан бирга қуйидагиларни:

2018 йил 20 декабргача 2019−2029 йилларда Ўзбекистонда атом энергетикасини ривожлантириш концепцияси лойиҳаси;

2019 йил 1 июнгача Ўзбекистонда юқоридаги концепцияга мувофиқ равишда атом энергетикасини ривожлантириш бўйича инвестицион лойиҳалар портфели;

2019 йил 1 ноябргача 2019−2029 йилларда Ўзбекистонда атом энергетикасини ривожлантириш давлат дастурини ҳамда концепция ва дастурни ўз вақтида амалга оширишни таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни тайёрлаш ва тасдиқлашга киритиш топширилган.

Қарор билан Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетига атом энергетикаси соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлаш учун қабуллар квотасини тасдиқлаш белгиланган. Талабаларнинг атом энергетикаси бўйича ихтисосликлар бўйича хорижий таълим муассасаларида ўқиши ва малака оширишини ташкиллаштириш режалаштирилган.

Ххххххххххххххххххххххх

«Ўзбекистон Республикасида инвестицион муҳитни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

 

Адлия вазирлиги томонидан Бош прокуратура билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикасига камида 200 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга соддалаштирилган тартибда Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилиш учун яшаш гувоҳномасини ва кўп марталик визаларни олишнинг янги механизмлари таклиф этилмоқда.

Шунингдек, мамлакат иқтисодиётининг устувор йўналишларига катта миқдорда инвестиция киритган чет эл фуқароларига «Фахрий фуқаро» унвонини бериш масаласи кўриб чиқилади.

Ххххххххххххххххххх

Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида ҳукумат қарори қабул қилинди, деб хабар берди Адлия вазирлигининг Телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали.

Хабарда билдирилишича, қарорга мувофиқ 2018 йил 1 августдан қорайтирилган ойнали енгил автотранспорт воситаларидан пулли асосда фойдаланишга рухсат берилди.

Ойналарни қорайтириш Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги «Инновация лойиҳалари ва аҳолига сервис хизматлари кўрсатиш маркази» томонидан амалга оширилади.

Ойналарни қорайтириш учун Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ДЙҲХХ)дан рухсатнома (1 йилга берилади) олиш керак.

Орқа ойнани ёруғлик ўтказувчанлик беш фоиздан кам бўлмаган (95 фоизга қорайтириш), орқа ён ойналарни ёруғлик ўтказувчанлик 30 фоиздан кам бўлмаган (70 фоизга қорайтириш) даражада ўзгартириш мумкин.

Олд ойнанинг тепа қисмини 14 сантиметрдан кўп бўлмаган ва ёруғлик ўтказувчанлик 30 фоиздан кам бўлмаган шаклда ўзгартириш учун рухсатнома шарт эмас.

Қорайтиришга рухсатнома берганлик учун тўлов жисмоний шахсларга энг кам иш ҳақининг 90 баравари (16 587 000 сўм), юридик шахсларга энг кам иш ҳақининг 120 баравари (22 116 000 сўм) ва хорижий давлатлар юридик шахсларига энг кам иш ҳақининг 140 баравари (25 802 000 сўм) этиб белгиланди.

ххххххххххххххххххххххх

9-15 июль кунлари Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон ва Қирғизистон делегациялари ишчи гуруҳларининг навбатдаги музокаралари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Музокаралар чоғида 2-7 июль кунлари Ўзбекистоннинг Наманган ва Фарғона вилоятлари билан Қирғизистоннинг Боткент ва Жалолобод вилоятлари туташган ҳудудларда жойлашган участкаларда ўтказилган қўшма дала текширувларининг якунлари кўриб чиқилди.

«Қўшма дала текширувлари натижасида икки ҳудуддан, жумладан Ғова участкаси ва қисман Ғовасойдан ўтувчи чегара чизиғи белгиланди», - дейилади хабарда.

Музокаралар якунида тегишли баённома имзоланган.