август 20, 2018 14:43 Asia/Tashkent

790-қисм« Ёсин " муборак сураси  1-4--ояти карималарининг шарҳи

 Азизлар, эсингизда бӯлса, ӯтган  суҳбатимизда  «Фотир " муборак  сурасининг шарҳини тугатган эдик. Бугунги суҳбатимизда “Ёсин” муборак сурасини шарҳлашни бошлаймиз.

Дастлаб “Ёсин” муборак сурасининг 1-4- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

بِسْمِ اللَّـهِ الرَّحْمَـٰنِ الرَّحِيمِ

يس ﴿١﴾ وَالْقُرْآنِ الْحَكِيمِ ﴿٢﴾ إِنَّكَ لَمِنَ الْمُرْسَلِينَ ﴿٣﴾ عَلَىٰ صِرَاطٍ مُّسْتَقِيمٍ ﴿٤﴾

Бу ояти карималар    қуйидагича таржима қилинган:

Йасин. (1) Қуръони Ҳаким ила қасам. (2) Албатта, сен Пайғамбарлардандирсан. (3) Сироти мустақиймдасан. (4)

 Биласиз, муқатаъот ҳарфлар ҳақида бундан илгари “Бақара” ва “Оли Имрон” каби муборак суралар шарҳида тӯхталган эдик. Қуръони каримнинг бир қанча суралари ана шундай ҳарфлар билан бошланади. Бу ҳарфлар мустақил сӯз эмас. Худди бирор-бир ташкилот  номининг бош ҳарфларидан ташкил топган қисқартма отлар каби бу ҳарфлар ҳам бизга маълум бӯлмаган калималарни, фақатгина Аллоҳнинг пайғамбари ва дин пешволаригагина маълум бӯлган тушунчаларни англатади. Айрим тафсирчиларнинг фикрича, муқаттаъот ҳарфларнинг ҳақиқати Имом Маҳди алайҳиссалом зуҳур этган пайти ошкор бӯлади.

Ривоятларга кӯра “Ёсин” муборак сурасининг ибтидосида келган муқаттаъ ҳарфлар пайғамбар алайҳиссаломнинг номларидан бирини билдиради. Бу фарзиянинг тарафдорлари ушбу ҳарфлардан кейин Расули акрам (с)га хитоб қилинган оятнинг келиши билан ӯз фикрларини исботламоқчи бӯлишади.

Бундан олдинги суҳбатларда таъкидлаганимиздек, муқаттаъ ҳарфлардан кейин одатда Қуръони карим ёхуд унинг ӯзига хос хусусиятлари тилга олинади. Бу сурада ҳам Қуръони каримнинг ҳикматга йӯғрилган китоб эканлиги таъкидланиб, у билан қасамёд қилинган. Бу самовий китобнинг инсонларга ҳикмат эшикларини очиши ва уларни тӯғри йӯлга бошлаши таъкидланган.

Табиийким, Қуръони каримда бирор-бир воқеа-ҳодисанинг улуғлик ва азаматини баён қилиш учун ӯша нарса билан қасамёд этилади. Аслида Аллоҳ ӯзининг фикрини исботлаш учун қасам ичишга муҳтож эмас.

Бу ояти карималарда Расули акрам (с)нинг рисолатлари ва Қуръони каримнинг нозил бӯлиши  ӯртасидаги боғлиқликни баён айлаб, ул ҳазратга хитобан буюрилади: Қуръон сизнинг рисолатингизнинг энг яхши далил-исботидир. Зеро у Илоҳий муъжизадир. Ҳеч ким унга ӯхшаш бир муъжизани келтиролмайди. Сизнинг зиммангизда ҳам олдинги ӯтган пайғамбарлар каби элни ҳидоят қилиш масъулияти бор. Аллоҳ таъоло гувоҳлик берадиким, сиз сиротал мустақим, яъни тӯғри йӯлдасиз ва бу йӯлни яхши танийсиз ва ундан адаштирадиган омилларни ҳам яхши биласиз.

Бу ояти кариманинг маъносидан англашилишича, Аллоҳнинг пайғамбари нафақат тӯғри йӯлда турибдилар, балки сиротал мустақим йӯли билан иҳоталанганлар.

Қайд қилиш лозимки, Аллоҳнинг йӯли тӯғри йӯл деганда бу йӯл осон ва равон экан дегани эмас. Бу йӯлнинг баланд-паст,  айланма ва қийинчиликлари йӯқ экан, деган хаёлга бормаслик керак.  Тӯғри йӯл деганда нотӯғри йӯлларнинг акси, яъни мақсадга етишнинг энг мувофиқ йӯли тушунилиши керак. Нотӯғри йӯл ташқи кӯринишидан жуда текис, равон ва жозибали бир тарзда жилвалансада, аммо ҳеч қачон инсонни мақсадга етказолмайди.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Қуръони карим ҳикматга йӯғрилган ва ҳикматни ӯргатадиган мустаҳкам ишончли китобдир. Бу самовий китобнинг муъжизаларидан бири унинг шахсий, оилавий ва ижтимоий каби барча соҳаларда ҳикматомузлигидадир.
  2. Қуръони каримнинг  кишиларни ҳидоятга бошловчи нодир таълимоти Расули акрам (с) каби комил муаллимга эҳтиёж сезади. Бу комил муаллим ҳам ушбу Илоҳий таълимотни ӯргатиши билан бирга ӯзи ҳам   унинг амалий тимсоли бӯлиши керак.
  3. Ҳар бир намозда Аллоҳдан бизни сиротал мустақим, яъни тӯғри йӯлга ҳидоят қилишини илтижо қилайлик. Аллоҳ ӯз пайғамбарини сиротал мустақимнинг намунаси сифатида сифатлаган. Шундай экан ул ҳазратнинг ҳаёт тарзини ӯрганишимиз ҳамда унинг асосида амал қилишимиз лозим.