сентябр 03, 2016 10:25 Asia/Tashkent

697қисм."Қасас" муборак сураси,56-58ояти карималар

Суҳбатимиз ибтидосида  “Қасас” муборак сураси  56-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.

إِنَّكَ لَا تَهْدِي مَنْ أَحْبَبْتَ وَلَـٰكِنَّ اللَّـهَ يَهْدِي مَن يَشَاءُ ۚ وَهُوَ أَعْلَمُ بِالْمُهْتَدِينَ ﴿٥٦﴾

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Албатта, сен ўзинг севган кишингни ҳидоят қила олмассан. Лекин Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшани ҳидоят қилур. У ҳидоятга юрувчиларни яхши билгувчи зотдир. (Демак, одамларни ҳидоят қилиш фақат Аллоҳ таолонинг измидадир. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким, ҳатто охирзамон Пайғамбарининг (с. а. в.) ҳам бу ишга қурблари етмайди. Агар у зот (с. а. в.) бирор кишини ҳидоят қилиш имконига эга бўлганларида, амакилари Абу Толибни ҳидоят қилган бўлар эдилар. Аммо бунинг имкони бўлмади. Абу Толиб ҳидоятга муяссар бўлмай дунёдан ўтди. Бунга Расули Акрам (с. а. в.) қаттиқ афсус чекдилар. Аллоҳ таоло эса, бу ҳақда Пайғамбарига ушбу оятдаги баёнотни берди.) (56)

Ӯтган дастурларимизда аксари мушриклар бутпарастликдан воз кечиб исломни қабул қилишга рози бӯлишмади, деб айтган эдик. Аммо аҳли китоб бӯлган айрим масеҳийлар Қуръони карим оятларини эшитишлари билан ислом пайғамбарига иймон келтириб, бу ӯша келиши ҳақида ҳазрат Масиҳ башорат берган пайғамбардир, деб айтишди.

Бу ояти каримада буюрилади: ҳар бир пайғамбарнинг вазифаси илоҳий оятларни одамларга етказиш ва халойиқни яктопарастликка даъват қилишдир. Одамларнинг бу оятларни қабул қилиш- қилмаслигиги эса бирор-бир пайғамбар масъул эмас. У халойиққа Аллоҳ йӯлини кӯрсатади, аммо мақсадга етиш учун кимлар бу йӯлдан юриши унинг ихтиёрида эмас. У барча одамларнинг иймон келтириб,  ягона Аллоҳга сиғинишини жуда-жуда яхши кӯради. Аммо халойиқни бу йӯлдан бришга мажбурлашга ҳақли эмас. Бордию, одамларни мажбурлаб ҳақ йӯлга киритмоқчи бӯлсада, уларнинг қалбларини ҳақиқатни қабул қилишга мажбурлай олмайди. Одамларнинг қалблари Аллоҳнинг ихтиёридадир. Фақат Аллоҳ ҳақиқат толиби ва иймонга лойиқ бӯлган кишиларга иймон келтириш тавфиғини ато айлайди. Шу сабабли  Расулуллоҳнинг  айрим  қариндошлари ширкдан воз кечмай,  иймон келтиришмасада, жуда кӯп аҳли китоблар эса ӯз динига таассуб қилмай, ислом пайғамбарига иймон келтиришган.

Бу ояти карима бизга қуйидагиларни таълим беради:

  1. Пайғамбарларнинг вазифаси илоҳий даъватни одамларга етказишдир, мажбурлаш эмас. Одамларнинг ҳақ динни қабул қилиш-қилмасликлари пайғамбарларнинг ихтиёрида эмас.
  2. Аллоҳ таъоло ӯз ҳикмати асосида кимни лойиқ этса, унга ҳидоят тавфиғини ато айлайди.

Энди “Қасас” муборак сураси  57-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.

 وَقَالُوا إِن نَّتَّبِعِ الْهُدَىٰ مَعَكَ نُتَخَطَّفْ مِنْ أَرْضِنَا ۚ أَوَلَمْ نُمَكِّن لَّهُمْ حَرَمًا آمِنًا يُجْبَىٰ إِلَيْهِ ثَمَرَاتُ كُلِّ شَيْءٍ رِّزْقًا مِّن لَّدُنَّا وَلَـٰكِنَّ أَكْثَرَهُمْ لَا يَعْلَمُونَ ﴿٥٧﴾

Бу ояти  карима  қуйидагича таржима қилинган :

Улар: «Агар сен билан ҳидоятга эргашсак, ўз еримиздан юлиб олинамиз», дедилар. Биз уларга омонлик ҳарамини макон қилиб бермадикми?! У ерга ҳар нарсанинг мевалари Бизнинг даргоҳимиздан ризқ ўлароқ йиғилади-ку! Аммо кўплари билмаслар. (57) 

Бу ояти карима Макка шаҳрида яшаб, Қуръон ва пайғамбарнинг ҳақлигини англаб етган, аммо шахсий ва аждодий манфаатларини қӯлдан бермаслик учун иймон келтирмаган кишилар ҳақидадир. Улар, бордию иймон келтирсак, қудрат, бойлик ва барча имкониятларга эга бӯлган Макка улуғлари  бизни уйларимиз ва шаҳримиздан ҳайдаб чиқаришади, овораю сарсон бӯламиз, дея баҳона келтиришарди.

Қуръони карим уларга савол билан мурожаат қилади: Аллоҳ қудратлими ё Қурайш бошлиқларими?  Сизга  барча неъматларни нозил қилиб, Макка шаҳрини хавф-хатарсиз маконга айлантирган Аллоҳ сизларни мушриклардан муҳофаза қила олмайдими?

Аввалига  мушриклар томонидан озор-азият етказилган бӯлсада, аммо Аллоҳнинг иродаси билан кун сайин мусулмонларнинг қудрати орта борди ва улар Макка шаҳрини фатҳ қилдилар.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Аксари кишилар ҳақни англамаганлари учун эмас, балки моддий лаззатлар ва шахсий манфаатларини қӯлдан бермаслик мақсадида  иймон келтиришмайди.
  2. Хавфсизлик ҳамма нарсанинг асосидир. Хавфсизлик ва ижтимоий тинч-тотувлик натижасида иқтисодий тараққиёт вужудга келиб, касб-кор сабабли турли ноз-неъматлар қӯлга киритилади.

Энди “Қасас” муборак сураси  58 -ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.

  وَكَمْ أَهْلَكْنَا مِن قَرْيَةٍ بَطِرَتْ مَعِيشَتَهَا ۖ فَتِلْكَ مَسَاكِنُهُمْ لَمْ تُسْكَن مِّن بَعْدِهِمْ إِلَّا قَلِيلًا ۖ وَكُنَّا نَحْنُ الْوَارِثِينَ﴿٥٨﴾ 

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Биз маишатлари ҳаддан ошган қанчадан-қанча юртларни ҳалок қилдик. Бас, анавилар, уларнинг масканлари, улардан кейин маскан қилинмади, илло, озгинаси, холос. Ва Биз ўзимиз ворис бўлиб қолдик. (58)

Олдинги оятнинг давоми сифатида бу ояти каримада ҳам Макка мушрикларига қарата буюрилади: сиз ӯз мол-мулкингизни қӯлдан беришдан қӯрқиб, иймон келтирмадингиз. Ӯтмишда айрим қавмлар мол-дунё ва ноз-неъматларнинг кӯплигидан мағрурланиб, саркашлик қилиб, ҳалокатга учраганини унутдингизми?! Сиз ҳам ноз-неъматларга ғарқ бӯлгач,  саркашлик қилиб азоб-уқубатларга гирифтор бӯлмайсиз, дея ким кафолат бера олади?

Арабларнинг Маккадан Шом мамлакатига элтувчи карвон йӯли бӯйида Ъод ва Самуд минтақалари жойлашган эди. Тижоратга борган араблар бу қавмларнинг вайрон-валангор манзилларини ӯз кӯзлари билан кӯриб ҳам хулоса чиқаришмасди.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Баъзида бойлик ва роҳат-фароғат инсонга бахт-саодат келтириш ӯрнига унинг ғурур ва туғёнга кетишига ҳам сабаб бӯлади.
  2. Ӯтмиш маданиятларнинг қолдиқлари аҳли башар учун ибрат намунасидир. Келажак авлодларга ибрат бӯлиши учун аждодлардан қолган ёдгорликларни асраб-авайлаш лозим.
  3. Бу дунё фоний ва ӯткинчидир. Бой-бадавлат кишиларнинг ҳаётига ҳавас қилмаслик керак. Улар ҳам бир куни бу бойликларини ташлаб кетгувчилардир.