сентябр 20, 2018 14:29 Asia/Tashkent

Тўғри овқатланишнинг саломатликка бўлган ижобий таъсири

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум,  азиз  ва муҳтарам  радиотингловчилар!

Микрофон олдида мен Кўҳёр Аршадниё хизматингиздаман.

"Соғлиғимиз ўз қўлимизда "  рукни остидаги туркум эшиттиришнинг  охирги сонини “Хуросон садоси” радиоси орқали  эътиборингизга    ҳавола этамиз. Бугунги суҳбатимиз “Тўғри овқатланишнинг саломатликка бўлган ижобий таъсири” мавзуси ҳақида бўлади. Бизга ҳамроҳлик қилинг.

Олдинги  эшиттиришда  саломатликни сақлаш учун инсон ҳаётида  муҳим бўлган амаллардан бири асабийлашиш ва безовталикдан узоқда бўлиш ва  янги куч-қувват берувчи нарсаларга эътибор қаратиш  кишининг  тинчлантириши  ва ижобий туйғуларга сабаб бўлишини таъкидлаб ўтган эдик. Ҳар бир кишининг  ўзи саломатлиги учун кўпроқ қайғурса ва лозим бўлган  ишларни амалга оширса, шак-шубҳасиз, соғлом ва шод турмуш тарзига эга бўлади ҳамда   ўзининг вазифа  ва масъулиятларини  жамият ва бошқалар олдида аъло даражада бажара олади.

Бошқача қилиб айтганда, ҳаёт сифатини яхшилашда  соғлом бўлишнинг роли беқиёсдир. Ўзининг ҳаётини қадрлайдиган ҳар бир киши  соғлиғини эҳтиёт қилади  ва ушбу заминада керакли бўлган дастурларга амал қилади. Албатта, бу дастурлар одамнинг жисми ва жонига самарали ва фойдали бўлиши зарур. Ўтган эшиттиришлар давомида саломатлик учун муҳим бўлган, руҳий, маънавий ва туйғули омилларга  ишора қилиб ўтдик. Бугунги суҳбатимизда  саломатликка ижобий таъсир етказувчи   жисмоний   жиҳатлар хусусида маълумот берамиз.

“Саломатлик  соғлом одамлар бошидаги тождирким, уни фақат бемор кишилар кўришади”, деган гапни , эҳтимол, сиз ҳам эшитгандирсиз.  Агар  ушбу тожни сақлашни хоҳласак, соғлиғимизни  жисман ҳам  эҳтиёт қилишимиз  лозим.

Имом Али (а) нинг таъкидлашларича, “Саломатлик энг яхши  неъматдир.”  Жисмонан ҳам соғлом бўлиш ҳар бир кишининг саломатлиги учун зарурдир.

Жисмоний саломатлик деганда   бадан тарбияси, яъни спорт билан шуғулланиш, соғлом бўлган овқатларни истеъмол қилиш,  етарли бўлган миқдорда дам олиш,  оғиз ва тишларнинг тозалигига эътибор қаратиш,  гигиенанинг бошқа қоидаларига ҳам  риоя этиш, бемор бўлишни  олдини олиш, турли беморларга қарши эмлаш ва беморликдан кейин бўладиган  қувват олишлар ва эҳтиёткорликлар назарда тутилади. Кўринишда буларнинг барчаси осон ва оддий кўринади. Бироқ ҳаёт ташвишлари билан   банд бўлиб, баъзида бу ишларни бажаришда масъулиятсизлик кўрсатамиз.  Натижада саломатлик учун муҳим бўлган ва ҳатто соғлиқнинг ядроси ҳисобланган   бу нарсалар етишмовчилигидан  соғлиқни  қўлдан бой берамиз.

Овқатланишнинг ҳам ўзига хос тартиблари борки, ҳар ким унга ёши, саломатлик даражаси ва меҳнат қилиш туридан келиб чиқиб ёндашиши тавсия этилади.

Баъзилар ҳар куни ёғли ва юқори калорияли таомларни истеъмол қилса, тўғри овқатланаяпмиз, деб ўйлайди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, юқори қувватли таомларни мунтазам тановул қилиш, шу билан бирга, камҳаракатлилик қон босими, қандли диабет, инсульт, миокард инфаркти, буйрак ва меъда-ичак тизими аъзолари касалликларининг юзага келишига сабаб бўлади.

Тиббиёт илми султони Абу Али ибн Сино “Тиб қонунлари” асарида тўғри овқатланиш ва унинг аҳамияти тўғрисида тўхталиб, “Кимки соғлом турмуш тарзига эришмоқчи бўлса, ўз соғлиғини сақламоқчи ва мустаҳкамламоқчи бўлса, овқатланиш тартибига, истеъмол қилинаётган овқатнинг сифатига, миқдорига, овқатни истеъмол қилиш вақти ва унинг ҳазм бўлиш жараёнига асосий эътиборини қаратмоғи лозим”, деб таъкидлаган.

Одатда кўплаб касалликлар нотўғри овқатланиш оқибатида юзага келади, дейишади шифокорлар. Ҳозирги кунда одам организми учун 13 турдаги витаминлар зарурлиги фанда исботланган. Булар кальций, натрий, магний, калий, фосфор, йод, темир ва бошқа моддалар. Уларни биз асосан мева-сабзавотлар, кўкатлар, полиз ҳамда сут, гўшт, парранда, балиқ, тухум, дуккакли маҳсулотлардан оламиз. Умуман олганда, ёзги озиқ-овқатлар таркибини 28 фоиз ёғ, 55 фоиз оқсил, 17 фоиз углеводлар ташкил этиши керак. Шу боис ёз мавсумида окрошка, гўжа каби парҳезли таомларни истеъмол қилиш тавсия қилинади. Улар ҳам тўйимли, ҳам мазали.

Ёз фаслида кўпроқ суюқликлар ичиш тавсия этилади. Мутахассислар фикрича, бир кеча-кундузда инсон ўз вазнининг ҳар килограммига 30 миллилитрдан сув истеъмол қилиши керак. Масалан, 50 килограмм вазндаги одам суткасига 1,5 литр сув ичиши зарур. Суюқликлар инсон организмидаги токсинларни ювиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Ёзда дастурхонимизда тоблаб пиширилган сабзавотлар, янги узилган мевалар, дуккакли ўсимликлар, қайнатилган таомлар, қатиқ, творог каби сут маҳсулотлари бўлиши тавсия этилади. Бу каби минераллар ва оқсилларга бой маҳсулотлар организмда моддалар алмашувини яхшилайди, иммунитетни мустаҳкамлайди.

Кўпчилик ўз-ўзларига, йиғилган калорияларни спортзалда ёқамиз деган тасалли берган ҳолда ёғли ва зарарли овқатларни ейди. Лекин бу осон эмас. Нафақат калориялар миқдори, балки озиқ-овқатларнинг сифати ҳам муҳим. Масалан, овқатларга мунтазам равишда ярим фабрикатларни ишлатиш аутоиммун касалликларининг пайдо бўлиш хавфини оширади.

Агар сиз калорияни ёқиш учун зўр бериб шуғуллансангиз, танангиз қўшимча стрессга дучор бўлади. Айниқса бундай ҳолатда организмга қайта тикланиши учун тўйимли моддалар талаб қилинади. Шунинг учун ейилган фастфудни спорт залидаги машғулотлар билан компенсация қилишга уриниш самарасиз ва хавфлидир.

Тўғри овқатланишга эътибор берадиганлар одатда углеводлар истеъмол қилишни чеклашга ҳаракат қилади. Оқсил эса, аксинча жуда фойдали ҳисобланади.

Лекин таркибида оқсиллар жуда юқори бўлган озиқ-овқатларни кўп ейиш ярамайди. Унинг ортиқчаси организмда вазннинг камайишига ҳам ва кўпайишига ҳам олиб келиши мумкин. Мувозанатни сақлашга ҳаракат қилинг.

Кенг тарқалган бундай фикрларга қарамасдан, таркибида ёғлар юқори бўлган озиқ-овқатларни истеъмол қилиш қоматга салбий таъсир қилмаслиги ҳам мумкин. Ўсимлик ёғларига бой бўлган авокадо, ёнғоқлар ва зайтун ёғининг кам миқдори организм учун фойдали ва метаболизмни тезлаштиргани учун ҳатто озишга ҳам ёрдам бериши мумкин.

Мукаммал қоматга эришиш учун баъзилар таркибида шакар бўлгани сабабли мевалар истеъмол қилишдан ҳам воз кечади. Лекин Гарвард университети тадқиқотчиларининг аниқлашларича, мевалар аксинча вазннинг камайишига ёрдам берар экан. Уларни меъёрида истеъмол қилиш соғлиқ учун фойдали, чунки улар озуқавий элементларга бой ва организмда сув балансини сақлашга ёрдам беради.

Машғулотлардан кейин овқат ейиш унинг самарасини камайтирмайди. Аксинча, жисмоний оғирликдан кейин организмга тикланиши учун тўйимли моддалар талаб қилинади. Лекин кўп еб юборманг ва сув балансига эътибор беринг.

Муайян вақтда овқатланиш  саломатлик учун  фойдали бўлиши билан  бирга  ўрта ва кекса ёшда бўлган кишилар учун ақл заволи, ёхуд дементиа беморлигини олдини олишга ёрдам беради. Бугунги кунда жаҳонда  қарийб 12 миллион киши ушбу беморликка чалинган. Алмайзер халқаро ташкилотининг башорат қилишича, 2050 йилгача  бу беморликка чалинганларнинг сони 131 миллиону 500 минг кишига  етиши мумкин. Ўтказилган тадқиқотлар кўрсатмоқдаки, муайян бир вақтда овқатланишлар  нафақат дементиа касаллигини камайтиради, балки одамларнинг яхши ухлаши ва саломатлиги учун ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Азизлар,"Соғлиғимиз ўз қўлимизда "  рукни остидаги туркум эшиттиришнинг  охирги сонини “Хуросон садоси” радиоси орқали  эътиборингизга    ҳавола этдик. Мен эса сизлар билан хайрлашаман, саломат бўлинг.

 

 

Ёрлиқ