сентябр 08, 2016 14:30 Asia/Tashkent

Табриз универститети

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

 ”Эрон олий ўқув юртлари билан танишамиз” рукни остидаги туркум  эшиттиришнинг янги сони  билан хизматингиздамиз. Бизни тинглаб боринг.

Ёдингизда бўлса, ўтган сўҳбатимизда сизни муқаддас Машҳад шаҳридаги Фирдавсий университети  бобидаги маълумотлар билан таништирган эдик. Мазкур университетнинг ташкил этиш таклифи милодий 1934 йилда Теҳрон университетини таъсис этиш билан бир вақтда берилган бўлсада, аммо ушбу олий ўқув юртининг  таъсис этилиши 1949 йилда Машҳад олий  медтехникомини  Эроннинг биринчи медицина илмий маркази сифатида Тиббиёт институтига айлантириш билан  амалга оширилади.

Милодий 1975 йилдан бошлаб Машҳад университетига  Фирдавсий университети номи берилади.

Бугунги кунда Фирдавсий университети Теҳрон ва Табриз университетларидан кейин ташкил этилган йил бўйича Эрон юртининг учинчи йирик олий ўқув юртларидан бўлиб, 67 йилдан бери  муваффақият билан фаолият кўрсатиб келмоқда.

Машҳад шаҳридаги Фирдавсий университетита етук мутахассис ва шахсиятлар етишиб чиққан.

Фирдавсий университети  ўзининг фаолияти давомида кўплаб миллий ва халқаро обрў-эътиборларга эга бўлган.

Масалан, 2015 йилда дунёнинг юзта энг нуфузли  университетлар рўйхатида жой олган эди.

Берилган охирги статистик маълумотларга кўра, ўтган йилда Машҳад шаҳридаги Фирдавсий университетининг  факултетларида  таҳсил олаётган талабаларнинг сони 24562 нафарни ташкил этган. Фирдавсий университетининг  юқори даражали илмий обрў-эътибори ҳамда шиаларнинг саккизинчи имоми Имом Ризо (а)нинг пок ҳарамлари яқинида жойлашгани боис ушбу университет кўплаб хорижий талабаларни ҳам ўзига жалб этган. Берилган маълумотларга кўра, дунёнинг 10дан кўпроқ юртларидан  келиб, мазкур олий ўқув юртларининг кўплаб факултетларида  таҳсил олаётган хорижий талабаларнинг сони 1021 нафарни ташкил этади.

Азизлар, сўҳбатимиз давомида сизни Табриз университетига оид маълумотлар билан таништирамиз.

Табриз университети  ташкил этиш тарихи  жиҳатидан Эроннинг иккинчи йирик университети ва мазкур мамлакатнинг шимоли-ғарбидаги  энг йирик илмий марказлардан ҳисобланади ҳамда мазкур минтақаларда олий таълим беришни йўлга қўйишда муҳим рол ўйнаган. Ардабил, Мароға ва Буноб университетлари аввал Табриз университетининг факултетлари  бўлишган.

Табриз университетини ташкил этиш фикри милодий 1922 йилда пайдо бўлган  бўлсада,  бу олий ўқув юрти шамсий 1324 йилнинг хурдод ойи, милодий ҳисоб билан 1945 йилда “ Озарбайжон Юниверсити” номи  Табриз шаҳрида таъсис этилади. Кейинчалик айрим ўзгаришлар натижасида Табриз универститети номини олади. Адабиёт ва тиббиёт факултетларига эга бўлган мазкур университет Теҳрон олийгоҳидан кейин Эроннинг иккинчи университети сифатида 1947 йилда  фаолият бошлайди.

Милодий 1959 йилгача ушбу университетнинг бинолари Табриз шаҳрининг турли жойларида қурилган эди .Аммо   университетни кенгайтириш  ва  марказлаштириш зарурати юзага келганидан кейин  ўша йилда университетнинг ҳозирги жойлашган ўрни учун масоҳати 247 минг квадрат метр  бўлган ер майдони ажратилади. Ушбу ажратилган ерда Эроннинг ўша вақтдаги Маданият вазири  доктор Зангана  университетнинг янги биноларини  қуриш ишларини бошлаш маросимида иштирок этади.

Ташкил этиш йилидан бошлаб ҳозиргача Табриз университетининг номи бир неча маротаба ўзгарган. Йиллар давомида ушбу олийгоҳ “Табриз университети”, “Озарбайжон университети”, “Озарбайжон миллий дорулфунуни”, “Озарбайжон халқ университети”, “Озарбайжон университети” каби номлар билан  аталган.Эрон Исломий иниқлоби ғалабасидан кейин 1978 йилда ушбу олий ўқув юртига  яна Табриз  университети номи берилади.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган бир соатлик оқшомги дастуримизда  “Эрон олий ўқув юртлари билан танишамиз” рукни остидаги  эшиттиришнинг янги  сонини  тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/ uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Радиомизнинг электрон манзили ҳам [email protected] ўрнига [email protected]га ўзгарди.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг.Эшиттиришимиз давом этади.

Табриз университети фаолиятларидан  етмиш  бир йил ўтмоқда ва ҳозирги вақтда унинг 21 факултети, Арас халқаро шаҳарчаси, 10та тадқиқот маркази ҳамда Аҳар, Маранд ва Миёна шаҳарларида ҳам  факултетлари мавжуд. 24 минг талаба, илмий ҳайъатларнинг 750 та аъзолари, дунё ва Ўрта Шарқ минтақасида айримлари  ягона бўлган 200та ихтисослаштирилган ва умумий тадқиқот марказлари , шаҳидлар музейи, тарих ва маданият музейи, зоология ва геология музейлари ва бошқа нарсалар Табриз университетининг потенциалини ошириб, уни Эронда энг  йирик олий ўқув таълимотларининг бирига айлантирган.

Табриз университети ҳозиргача ўзининг фаолиятлари давомида  кўплаб етук шахсият ва донишмандларни етиштирган. Марҳум Абдурасул Хаймпур, марҳум устод Аҳмад Таржонизода, марҳум устод Саййид Ҳасан Қозий Таботабоий, доктор Саййид Маҳдий Гулобий, доктор Булурчиён, хонум доктор Меҳри Боқирий шулар жумласидандир. Дунёда ном таратган эронлик машҳур шоир Муҳаммад Ҳусейн Шаҳриёр ҳам ушбу университетдаги  адабиёт факултетининг устозларидан бири эди.

Табриз университети ўзининг фаолиятлари давомида кўплаб миллий ва халқаро шуҳратларга эга бўлган. Тамсон рейтерз ўтказган рейтинг бўйича,  ушбу университет дунёнинг энг нуфузли бўлган юзта   университетнинг  қаторида  ўрин олган. Голландиядаги Лайден муассасаси  2014 йили ўтказган рейтингида ҳам Табриз университети  Эрон университетлари орасида иккинчи ва  дунё олийгоҳлари ўртасида  531 ўринларни эгаллаган. Халқаро университетлар бирлашмаси ва Қавқоз минтақасидаги университетлар иттифоқи каби кўплаб халқаро ташкилотларда ҳам фаол иштирокка эгадир.

Ўтган йилда берилган статистик маълумотларга кўра, 24 мингдан кўпроқ бўлган талабалар Табриз университетининг факултетларида таълим олишмоқда.Муҳандислик, механика муҳандислиги, электр муҳандислиги, форс тили  ва адабиёт факултети кўпроқ талабалар диққатини ўзига жалб этган. Мазкур университетнинг илмий имкониятлари ва аҳамияти юқори бўлгани боис ҳам эронлик талабалардан  ташқари унинг факултетларида хорижлик талабалар ҳам таҳсил олишади.

2015 йилги маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда чет элдан келиб Табриз университетида таҳсил олаётган талабаларнинг сони қарийб ўттиз нафарни ташкил этади. Ушбу талабалар география, шаҳарларни дастурлаш, ветеринария, муҳандислик, коммуникация технологиялари, элект муҳандислиги соҳалари бўйича кўпроқ ўқишмоқда. Табриз университетида таҳсил олаётган чет эллик талабалар асосан  аҳолиси мусулмон бўлган қўшни мамлакатлар ва Осиё юртларидан , жумладан Мўғулистон, Туркия, Яман, Ливан, Тожикистон, Сурия ва Ироқдан келишган.

Қадрли тингловчилар, " Эрон олий ўқув юртлари билан танишамиз” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг  навбатдаги     сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Аллоҳ таоло паноҳида қолинг.

 

Ёрлиқ