сентябр 13, 2016 10:48 Asia/Tashkent

Қурбон ҳайитига бағишланган махсус эшиттириш

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

Қурбон ҳайити байрами муносабати билан барчангизни яна бир бор қизғин  қутлаймиз ва  ушбу кунга бағишланган махсус эшиттиришни эътиборингизга ҳавола этамиз.Бизни тинглаб боринг.

Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни мусулмонларнинг улуғ байрамларидан бири қурбон ҳайити билан тўғри келади.

Ушбу кунда ҳазрати Иброҳим(а)нинг Аллоҳ розилиги учун қилган фидокорликлари ҳамда кучли иймонга эга бўлгани боис ўғиллари Исмоил (а) ни ишқ қурбонгоҳига келтирганликлари ёдга олинади.

Бир куни Иброҳим алайҳиссалом туш кўрдилар. Тушларида ўғиллари Исмоилни сўяётган эмишлар. Пайғамбарларнинг тушлари доимо рост бўлади. Иброҳим пайғамбар ҳам бу тушларини Аллоҳнинг буйруғи деб тушундилар. У киши ўғилларини жуда яхши кўрардилар. Лекин шундай бўлса ҳам Аллоҳнинг буйруғини бажаришни хоҳладилар. Исмоилга дедилар:

Ўғлим, мен сени тушимда сўяётган эканман, сен шунга нима дейсан?

Ўғиллари доно ва одобли бола эди. У ҳеч иккиланмасдан дарҳол жавоб қайтарди:

Эй Отажон, сизга нима буюрилган бўлса, ўша ишни қилаверинг. Мен иншоаллоҳ ҳамма нарсага сабр қиламан.

Иброҳим алайҳиссалом ўғгилларининг жавобидан хурсанд бўлдилар. Уни етаклаб бир қўлларида пичоқ билан шаҳардан ташқарига йўл олдилар. Мино деган жойга етиб келиб тўхтадилар. Шу ерда ўғилларини қурбонлик қилмокчи бўлдилар. Исмоил ҳам отанинг ва Аллоҳнинг буйруғига бўйсуниб ерга ётди. Иброҳим алайҳиссалом ўғилларининг томоғига пичоқни тирадилар. Исмоилни сўймоқчи бўлиб роса ҳаракат қилдилар. Бироқ пичоқ Исмоилни ҳечам кесмади... Аллоҳ пичоққа кесмагин деб буйруқ бериб қўйган эди.

Дунёдаги ҳамма нарса Аллоҳники. Ҳамма нарса Аллоҳга бўйсунади. Пичоқ ҳам олов каби Аллоҳнинг буйруғини бажаради.

Аллоҳ пичоққа кесмагин деб буйруқ берган эди. Пичоқ Аллоҳнинг айтганини қилди. Исмоилнинг бўйнини озгина бўлса ҳам кесмади. Илгари олов ҳам Аллоҳнинг айтганини қилиб, Иброҳимни куйдирмаган эди. Кофирлар Иброҳимни ёшлик пайтида оловга ташлаб ёндирмоқчи бўлганди. Ўшанда ҳам Аллоҳ оловга «Иброҳимни куйдирмагин!» деб буйрук бериб қўйган эди.

Бу гал Аллоҳ Исмоилни сўйишга буюриб, Иброҳимни синаб кўрмоқчи эди, холос. Қани, у Аллоҳни кўпроқ яхши кўрадими ёки ўғлиними? Иброҳим алайхиссалом ҳеч хафа бўлмасдан Аллоҳнинг айтганини қилавердилар. Шунинг учун Аллоҳнинг имтиҳонидан яхши ўтдилар. У киши ҳам, ўғиллари ҳам Аллоҳни ҳаммадан кўра кўпроқ яхши кўришлари исбот бўлди. Исмоилнинг оналари ҳазрати Ҳожар ҳам тақволи ва жуда одобли аёл эдилар. Ўғилларини ҳам мана шундай тарбия қилган эдилар. Бу ҳамма мусулмонларга ибрат бўлиб қолди.

Мусулмонлар ҳам ҳаммадан кўра кўпроқ Аллоҳни яхши кўришлари керак. Ҳатто ўзларининг жонларидан ҳам Аллоҳни яхши кўришлари лозим. Аллоҳ нимани буюрса, «Хўп бўлади!» деб бажаришлари керак. Ана шунда уларни ҳам Аллоҳ худди Иброҳим ва Исмоилни яхши кўргандек яхши кўради. Ана шунда Аллоҳ мусулмонларга ҳам худди Иброҳим ва Исмоилга ёрдам бергандек ёрдам беради.

Иброҳим пайғамбарнинг қўлларидаги пичоқ Аллоҳнинг буйруғи билан ўтмас бўлиб қолган эди. Иброҳим алайҳиссалом нима қилишларини билмай ҳайрон бўлиб турган вақтларида Аллоҳ осмондан нидо қилди: «Эй Иброҳим! Сен тушингда олган буйруқни бажардинг!». Иброҳим алайҳиссалом бошларини кўтариб қарасалар, ҳазрати Жаброил фаришта «Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар», деб бир қўчқорни ҳайдаб келаяптилар. Аллоҳ Иброҳим пайғамбарга Исмоилни озод қилишни буюрди. Иброҳим алайҳиссалом ўғилларини қурбонлик қилолмаган бўлсалар ҳам Аллоҳ Исмоилни қурбонлик қилинди деб ҳисоб қилди. Унинг ўрнига Жаброил фаришта олиб келган қўчқорни сўйиб қурбонлик қилишни тайинлади. Аллоҳ бу қўчқорни атайин жаннатдан чиқартирган эди. Аллоҳ Исмоилни қурбонликдан озод қилганлигини билиб, Иброҳим алайҳиссалом жуда ҳам хурсанд бўлдилар. Аллоҳга шукроналар айтиб, У берган қўчқорни сўйдилар. Ана шундан бери мусулмонлар Қурбон ҳайити келганда Аллоҳнинг йўлига қурбонлик қиладиган бўлганлар.

Аллоҳ таъоло ҳар сафар яхши бандасини имтиҳон қилса, шундан кейин унга албатта хурсандлик ҳам беради. Аллоҳ таъоло Иброҳим алайҳиссалом ва ўғилларини имтиҳон қилиб бўлгач, улардан рози бўлди. Шундан кейин одамлар Исмоилни Забийҳуллоҳ деб мақтайдиган бўлдилар. Забийҳуллоҳ дегани Аллоҳнинг қурбони, дегани. Аллоҳ ҳаммани ҳам Ўзига қурбон қилишга лойиқ кўравермайди. Фақат Ўзи яхши кўрадиган одамни шундай қилиб ҳурматлайди.

Шундан кейин Аллоҳ Иброҳим пайғамбар ва ўғилларига Аллоҳ учун бир уй қуришни буюрди. Улар хурсанд бўлиб ишга киришдилар. Ота-бола икковлон Каъба масжидини қуришди. Ўшандан буён ҳар йили минглаб, миллионлаб мусулмонлар Аллоҳнинг уйини зиёрат қилиш учун Каъбага ҳажга боришади.

Биз ҳар йили Қурбон ҳайити келганда бу кунни байрам қиламиз. Дунёдаги барча мусулмонлар бу кунни энг катта байрам деб биладилар. Бу байрам яқинлашганда миллионлаб мусулмонлар Макка шаҳрига бориб ҳаж қиладилар. Иброҳим ва Исмоил алайҳимассаломлар яшаган жойларни кўрадилар. Улар юрган йўллардан юрадилар. Аллоҳнинг уйи – Каъбатуллоҳда ибодат қиладилар.

Бу байрам бизга Иброҳим ва Исмоил боболаримизнинг қилган ишларини эсимизга солиб туради. Биз уларнинг Аллоҳ йўлида қилган меҳнатлари ва жиҳодларидан ўрнак оламиз. Биз ҳам улар каби Аллоҳнинг динига даъват қилишни хоҳлаймиз. Улардек чин иймонли мусулмон бўлишга интиламиз. Ислом динига ва мусулмонларга хизмат қилиш – энг олий хизмат.

Қурбон ҳайити куни Иброҳим ва Исмоил алайҳимассаломлар Аллоҳнинг имтиҳонидан ўтган кунлари. Аллоҳ ҳамма мусулмонларни бир-бир имтиҳон қилиб кўради. Биз ҳам Аллоҳнинг имтиҳонларидан яхши ўтишга ҳаракат қиламиз.

Қуръони Каримнинг  Ҳаж сураси 37 оятида буюрилган:

 "Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас, лекин У Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У Зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!".

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам: "Қурбонлик қонининг биринчи томчиси ерга тушиши билан қурбонлик қилувчининг ўтган гуноҳлари кечирилади", деб башорат берганлар. Зеро, қурбонлик қилиш Аллоҳ таолони улуғлаш, берган неъматларининг шукронасини адо қилиш ва нафсоний иллатлардан покланишдир.

 Агар Аллоҳ йўлида мустаҳкам турсак, синовлардан яхши ўтсак, Иброҳим ва Исмоил пайғамбарларга ўхшаб Аллоҳнинг мукофотларига эришамиз, иншоаллоҳ.

 Қадрли тингловчилар, Муборак  Қурбон ҳайтига  бағишланган махсус эшиттириш  шу ерда ўз ниҳоясига етди.  Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Қурбон ҳайити яна бир бор  барчамизга муборак бўлсин.