июн 22, 2019 15:23 Asia/Tashkent

« Саффот " муборак сураси  12-21-ояти карималарининг шарҳи.

 Дастлаб “Саффот” муборак сураси  12-15- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

بَلْ عَجِبْتَ وَيَسْخَرُونَ ﴿١٢﴾ وَإِذَا ذُكِّرُوا لَا يَذْكُرُونَ ﴿١٣﴾ وَإِذَا رَأَوْا آيَةً يَسْتَسْخِرُونَ ﴿١٤﴾ وَقَالُوا إِنْ هَـٰذَا إِلَّا سِحْرٌ مُّبِينٌ ﴿١٥﴾

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Балки сен ажабландинг, улар эса масхара қилурлар. (12) Қачонки эслатилсалар, эсламаслар. (13) Қачонки бирор оят-белгини кўрсалар, қаттиқроқ масхара қилурлар. (14) Улар: «Бу (Қуръон) очиқ-ойдин сеҳрдан бошқа нарса эмас. (15)

 Ӯтган суҳбатимизда кофирлар қиёматни инкор этишади, деб айтдик. Бу ояти каримада Аллоҳнинг расулига қарата буюрилади: Улар фақатгина қиёматни инкор қилиш билан кифояланмай, балки қиёматни Сизни масхаралаш воситасига айлантиришади. Сиз эса қиёматга комил ишончингиз борлиги учун нега булар ақли етмаган нарсани бирор-бир далилсиз инкор этишади, дея таажжубга тушасиз. Кошкийди,  ақалли сукут сақлаб, қиёматнинг воқеъ бӯлиш-бӯлмаслигини билмаймиз, дейишса эди.

Ояти карималарнинг давомида буюрилади: бу инкорнинг сабаби жоҳиллик  эмас, балки якравликларидир. Шу сабабли бу мавзу ҳақида гапирилганда эшитишни истамайдилар. Улар ҳатто бу ҳақда бирор-бир муъжизани кӯрсалар ҳам уни қабул қилишни истамайдилар. Улар бошқаларни ҳам Аллоҳнинг расулини масхаралашга ундашадида, уларни чалғитиш  учун бу жодугарларнинг иши,  деб айтишади. Ваҳоланки,  муъжиза билан жодунинг фарқи кундек равшан:  жодугар  бирор-бир ишни амалга ошириш учун йиллар давомида машқ қилади. Аммо Аллоҳнинг пайғамбари эса ҳеч қандай машқ ва ӯрганишсиз, Аллоҳнинг изн-иродаси билан муъжиза, яъни ғайритабиий бир амални бажаради.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Қалб Ҳақни қабул қилишга тайёр бӯлмаса, ҳатто энг яхши одамларнинг сӯзи ҳам инсонга таъсир қилмайди.
  2. Масхаралаш Ҳақ мухолифатчиларининг усулларидан биридир. Ҳақнинг дӯстлари душманларнинг бу амалидан чӯчиб, майдонни уларга бӯшатиб беришлари ярамайди.
  3. Мушриклар Қуръоннинг ғайритабиийлигига ишонишар, аммо уни сеҳр-жоду деб аташарди.

Энди  “Соффот” муборак сураси   16-18- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

أَإِذَا مِتْنَا وَكُنَّا تُرَابًا وَعِظَامًا أَإِنَّا لَمَبْعُوثُونَ ﴿١٦﴾ أَوَآبَاؤُنَا الْأَوَّلُونَ ﴿١٧﴾ قُلْ نَعَمْ وَأَنتُمْ دَاخِرُونَ ﴿١٨﴾

Бу ояти карималар    қуйидагича таржима қилинган:

Ўлсак-да, тупроқ ва суяк бўлсак-да, албатта, Биз қайта тирилтирилурмизми?! (16) Аввалги ота-боболаримиз ҳам-а?!» дедилар. (17) Сен: «Ҳа! Хор бўлган ҳолларингизда!» дегин. (18)

Олдинги ояти карималарнинг давоми сифатида бу ояти карималарда қиёмат мункирларининг Аллоҳнинг расули билан суҳбатлари баён этилади. Қизиғи шундаки,  улар бу ерда ҳам қиёматнинг ғайримумкинлиги ҳақида бирор-бир исбот-далил келтирмай фақат ӯзларининг таажжубларини баён этишади. Шу сабабли улар ишонқирамай пайғамбарга савол беришади: Жасадлари чириб, аллақачон тупрққа айланган ӯликлар қандай қилиб қайта тирилишади? Хусусан ӯлганига юзлаб йил бӯлган, жасадларидан ном-нишон қолмаган  бизнинг аждодларимизнинг қайта тирилиши-чи?! Ахир уларнинг қабрини очиб кӯрсак, тупроқдан ӯзга ҳеч нарса йӯқ унда.

Табиийки, барча инсонлар бундай саволларга дуч келишади.  Аммо Аллоҳнинг чексиз қудратига имон келтирган мӯминлар Аллоҳнинг ӯликларни қайта тирилтиришга қодир эканлигини билишади. Аммо Аллоҳ ва унинг пайғамбарларига иймон келтирмаган кишилар учун бу ҳолатни қабул қилиш ӯта оғир ва ҳатто имконсиздир.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1.   Қиёматни инкор қилувчилар бу инкорлари учун мустаҳкам далил келтиролмайдилар. Улар далил эмас, балки гумонларига ишонадилар.
  2. Савол ва шубҳалар гарчи ёмон ниятда берилган бӯлсада уларга мустаҳкам далиллар асосида жавоб қайтариш лозим.
  3. Ҳаққа қарши якравлик қилиш охират кунидаги хӯрлик ва зиллатга етаклайди.

Энди  “Соффот” муборак сураси   19-21- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

فَإِنَّمَا هِيَ زَجْرَةٌ وَاحِدَةٌ فَإِذَا هُمْ يَنظُرُونَ ﴿١٩﴾ وَقَالُوا يَا وَيْلَنَا هَـٰذَا يَوْمُ الدِّينِ ﴿٢٠﴾ هَـٰذَا يَوْمُ الْفَصْلِ الَّذِي كُنتُم بِهِ تُكَذِّبُونَ ﴿٢١﴾

Бу ояти карималар    қуйидагича таржима қилинган:

Бас, у фақатгина бир қичқириқдан иборат, холос. Бас, бирдан улар назар солиб турибдилар-да! (19) Ва улар: «Воҳ, шўримиз қурисин! Бу жазо куни-ку!» дерлар. (20) Бу сизлар ёлғонга чиқариб юрган ажрим кунидир. (21)

Олдинги оятларнинг давоми сифатида бу ояти карималарда Аллоҳнинг ӯликларни қайта тирилтиришдаги қудратига ишора қилиниб, буюрилади: тарих давомида яшаб ӯтган миллиардлаб инсонлар қиёмат куни бир-бир ёхуд гуруҳ-гуруҳ бӯлиб тирилишади, деб ӯйламанг. Аллоҳнинг азм-иродасини ифодалаган бир самовий садо натижасида барча ӯликлар бирданига тупроқдан кӯтарилиб, атрофга жавдираб қарашади.

Бу ҳолни кӯрган кофирлар дунёда инкор қилган нарсаларига иқрор келтириб, дейишади: бу ӯша биз инкор қилган ҳолатдир. Вой бизларгаким энди нима қиламиз? Бизни қандай жазо кутяпти?

Кофирлар иқрор келтирган чоғи Аллоҳнинг фаришталари ҳам бугун ҳақнинг ботилдан, иймон аҳлининг мункир ва кофирлардан ажралиш куни, яхшиларнинг ёмонлардан фарқланиши ва Аллоҳнинг бандалари орасида ҳакамлик қиладиган куни  эканлигини таъкидлашади.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Қиёматнинг воқеъ бӯлиши ва ӯлганларнинг қайта тирилиши дабдурустдан юз берадиган ҳолат, давомли, тадрижий эмас.
  2. Мушриклар қиёмат куни лол қолиб, аянчли қисматларини тажриба қилишади.
  3. Қиёмат ҳасрат ва пушаймонлик кунидир. Дунёда қиёмат куннинг ҳасратига сабаб бӯлмайдиган йӯлни танлашга ҳаракат қилишимиз лозим. Зеро, қиёмат кунидаги пушаймонликдан наф йӯқ.