Нур томон йӯл--831
« Сод " муборак сураси 39-43-ояти карималарининг шарҳи.
Дастлаб “Сод” муборак сураси 39-40- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:
هَـٰذَا عَطَاؤُنَا فَامْنُنْ أَوْ أَمْسِكْ بِغَيْرِ حِسَابٍ ﴿٣٩﴾ وَإِنَّ لَهُ عِندَنَا لَزُلْفَىٰ وَحُسْنَ مَآبٍ ﴿٤٠﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Бу Бизнинг ато этган нарсамиздир. Инъом эт ёки тутиб қол, ҳисоб йўқ. (39) Ва, албатта, унинг учун ҳузуримизда яқинлик ва гўзал оқибат бордир.(40)
Кейинги бир неча суҳбатимизда ҳазрат Сулаймон ҳақида гапирдик. Бу ояти карималарда ҳазрат Сулаймон саргузаштининг сӯнгги йилларига ишора қилиниб, буюрилади: Аллоҳ унга жуда кӯп мол-дунё ато этди ва бу бойликларни иложи борича жамиятдаги камбағалларга бериш ва уларнинг турмуш тарзини яхшилашни тақозо қилганди.
Илоҳий пайғамбар бӯлган ҳазрат Сулаймон адолат юзасидан амал қилар ва Худонинг ато айлаган нарсаларини барчага баравар эмас, балки ҳар кимга эҳтиёжига яраша тақсимларди.
Ояти карималарнинг давомида ҳазрат Сулаймон оқибатининг хайрли бӯлганига ишора қилиниб, буюрилади: ихтиёрида жуда кӯп мол-дунё, қудрат ва ҳукумат бӯлишига қарамай, ҳазрат Сулаймон Аллоҳга бандалик меҳваридан чиқиб кетмади. У қӯли остидаги одамларга ҳеч қачон зулмни раво кӯрмади. У Аллоҳнинг наздидаги баланд мақом -мартабасини қӯлдан бермай, бу дунёни тарк этди.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Илоҳий ҳукуматда ҳоким бор сарват ва қудратини Аллоҳнинг инояти деб билади ва уни Худонинг халқи учун сарфлайди.
- Қудрат ва сарват соҳиби бӯла туриб Аллоҳга ибодат қилиш ва Унинг қурбини ҳосил қилиш қандай гӯзал. Илоҳий ҳукуматда моддий ривожланиш , табиий имкониятлардан фойдаланиш инсоннинг руҳий ва маънавий камолотига қарама-қарши эмас.
Энди “Сод” муборак сураси 41-43- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:
وَاذْكُرْ عَبْدَنَا أَيُّوبَ إِذْ نَادَىٰ رَبَّهُ أَنِّي مَسَّنِيَ الشَّيْطَانُ بِنُصْبٍ وَعَذَابٍ ﴿٤١﴾ ارْكُضْ بِرِجْلِكَ ۖهَـٰذَا مُغْتَسَلٌ بَارِدٌ وَشَرَابٌ ﴿٤٢﴾ وَوَهَبْنَا لَهُ أَهْلَهُ وَمِثْلَهُم مَّعَهُمْ رَحْمَةً مِّنَّا وَذِكْرَىٰ لِأُولِي الْأَلْبَابِ﴿٤٣﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Бизнинг бандамиз Аййубни эсла. Ўшанда у Роббига нидо қилиб: «Албатта, мени шайтон машаққат ва азоб ила тутди», деди. (41) «Оёғинг ила тепгин! Бу чўмиладиган ва ичиладиган совуқ (сув)», (дейилди). (Яъни, оёғинг билан ерни тепгин, дейиди. Аййуб алайҳиссалом Аллоҳнинг амрига итоат этиб, оёғи билан ерни тепган эди, у ердан сув чиқди.) (42) Ва биз унга аҳлини ва яна улар билан бирга мислларичани ҳам ҳадя этдик. Бу Биздан раҳмат ўлароқ ва ақл эгаларига эслатма учун бўлди. (Аййубга алайҳиссалом мазкур сувда чўмилиб, ундан ичиб, шифо топганидан кейин Аллоҳ таоло у кишига аҳлини қайтарди. Улар билан бирга зиёда, яна ўшанча аҳл ҳам берди.) (43)
Пайғамбарлар орасида сарват ва қудрат рамзи бӯлган ҳазрат Сулаймон саргузаштини баён айлаган олдинги оятларнинг давоми сифатида бу ояти карималарда сабр-тоқат рамзи бӯлган ҳазрат Аюб алайҳиссаломга ишора қилинади. Бу ояти карималар асосида ислом пайғамбари одамларни шахсий ва ижтимоий муаммоларга дуч келганда сабр-тоқатли бӯлишга даъват қилиб, ҳазрат Аюб саргузаштини уларга айтиб беришга масъул қилинди.
Тафсир ва ривоят китобларида келтирилишича, Аллоҳ таъоло ҳазрат Аюбга жуда кӯп мол-дунё берди ва у ҳам Худонинг шукр қилувчи бандаларидан эди. Аммо Аллоҳ Аюбнинг ҳар қандай ҳолатда ҳам ӯзининг шукр қилувчи бандаси эканлигини бошқаларга кӯрсатиш учун уни оғир имтиҳонга гирифтор этди. Секин-аста ҳазрат Аюбнинг бойликлари, экинзор ва қӯйлар суруви қӯлидан чиқиб кетди. Пайғамбарнинг ӯзи оғир дардга учради. Фарзандлари касали бизга юқмасин тағин деган ҳадик билан ундан узоқлашдилар. Фақат вафоли умр йӯлдошигин ёнида қолиб, унга қарашиб турди. Фурсатдан фойдаланган шайтон одамларнинг орасида “Аюб саркашлиги сабаб Худонинг ғазабига учради” деган ёлғон миш-мишлар тарқатди. Оғир хасталик, фарзандларнинг меҳрсизлиги ва одамларнинг заҳарли тилидан қийналиб кетган ҳазрат Аюб бир куни Аллоҳга шикоят қилди. Аллоҳ пайғамбар Аллоҳнинг ғазабига эмас, балки лутф-карамига лойиқ кӯрилганини одамлар билсин учун Аюбнинг дардига муъжизавий тарзда шифо ато айлади.
Аллоҳ ҳазрат Аюбга ӯтирган жойингда оёғингни ерга ур, дея буйруқ беради. Пайғамбар оёғининг остидан булоқ қайнаб чиқади. Худонинг кӯрсатмаси билан ҳазрат Аюб чашманинг сувидан ичиб, унга чӯмилиб, оғир хасталикдан нажот топади. Аллоҳ унинг мол-дунёси ва фарзандларини ҳам қайтарди. Худо унга лутф айлаб янги-янги фарзандлар ато этди.
Ҳазрат Аюбнинг ҳаёти ақл-фаросат аҳлига дунёнинг мол-матосига мағрур бӯлмаслик учун ибрат намунасидир.
Ҳазрат Аюб қиссаси биз учун энг оғир дамларда ҳам Аллоҳнинг лутф-марҳаматидан умидсизланмаслик сабоғини беради.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Ӯтганлар, айниқса Илоҳий пайғамбарлар тарихи билан танишиш ибрат намунасидир. Зеро, бошқаларнинг бошига тушган оғир муаммолар билан танишиш инсоннинг сабр-тоқатлилик руҳиясини мустаҳкамлайди.
- Мусибат ва қийинчиликлар ҳам бир томондан инсон маънавий камолоти, иккинчи томондан шайтон васвасаларининг заминасига айланиши мумкин. Шайтон қийинчиликлар пайти инсонни тӯғри йӯлдан тойилтиришга ҳаракат қилади.
- Муаммо ва қийинчиликларнинг бартараф этилиши учун дуо қилишимиз керак. Аллоҳ кечиримли ва буюкдир.
- Бойлик ва фарзандларнинг кӯплиги Аллоҳнинг инсонга ато этган неъматларидир.