сентябр 03, 2019 17:23 Asia/Tashkent

« Сод " муборак сураси  84-88-ояти карималарининг шарҳи.

Дастлаб “Сод” муборак сураси  84-85- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

قَالَ فَالْحَقُّ وَالْحَقَّ أَقُولُ ﴿٨٤﴾ لَأَمْلَأَنَّ جَهَنَّمَ مِنكَ وَمِمَّن تَبِعَكَ مِنْهُمْ أَجْمَعِينَ ﴿٨٥﴾

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

У зот: «Ҳақ шулки, Мен фақат ҳақни айтурман. (84) Албатта, Мен жаҳаннамни сен ва сенга эргашганлар билан жамлаб тўлдирурман», деди. (85)

Ӯтган суҳбатларимизда Иблис Аллоҳнинг даргоҳидан қувилган пайти Одамдан қасос олиш учун умрининг охиригача одамизод фарзандларини гумроҳ қилиш ҳақида қасам ичди, деб айтган эдик. Бу ояти карималарда Аллоҳ таъоло Иблисга жавобан буюради: Ҳақиқат шулким, фақатгина сенга эргашиб, васвасаларингга учган кишиларгина гумроҳ бӯлишади. Улар қиёматда дӯзахга киришади. Аммо ақл ва пок Илоҳий фитратга суяниб,  сенинг васвасаларингга гирифтор бӯлмаган, сенга эмас, балки Илоҳий пайғамбарлар ва уларнинг ҳақ таълимотига эргашган кишилар қиёматда сен билан бирга бӯлмагайлар. Улар дӯзахдан нажот топганлардир.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Аллоҳнинг ӯзи ҳам, сӯзи ҳам ҳақдир. Ва ҳар бир нарсанинг ҳақ эканлиги Аллоҳга бориб тақалади.
  2. Қиёмат куни ҳар бир гуруҳ ӯзининг ғоявий пешвоси билан тирилади. Яхшилар яхшилар билан, ёмонлар эса ёмонлар билан.

 

Энди  “Сод” муборак сураси   86-88- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

قُلْ مَا أَسْأَلُكُمْ عَلَيْهِ مِنْ أَجْرٍ وَمَا أَنَا مِنَ الْمُتَكَلِّفِينَ ﴿٨٦﴾ إِنْ هُوَ إِلَّا ذِكْرٌ لِّلْعَالَمِينَ ﴿٨٧﴾ وَلَتَعْلَمُنَّ نَبَأَهُ بَعْدَ حِينٍ ﴿٨٨﴾

Бу ояти карималар    қуйидагича таржима қилинган:

Сен: «Мен унинг учун сиздан ҳеч ажр-ҳақ сўрамасман. Мен сохтакорлардан ҳам эмасман. (86) У (Қуръон) фақат оламлар учун эслатма, холос. (87) Албатта, унинг хабарини бир муддатдан сўнг билурсиз», деб айт. (88)

 Бу  оятлар “Сод” муборак сурасининг сӯнгги оятлари бӯлиб, уларда Расули акрам (с)биъсатлари ҳамда Қуръон оятларининг нозил бӯлиши мақсади мавзусидаги бир неча муҳим нукталар таъкидлангандир. Ояти карималардан англашилича,  дунёвий манфаатларни кӯзлаб ёлғондакам пайғамбарлик даъвоси қиладиганларга қарама-қарши ӯлароқ барча Илоҳий пайғамбарлар, жумладан ислом пайғамбари ҳам халқдан ҳеч нарса: мақтов ва ташаккурлар ҳам, моддий ва маънавий рағбатлантириш ҳам, мол-дунё, мақом-мартаба ҳам  талаб қилмасликларини очиқ-ойдин эълон қилишган.

Улар ӯзларини Илоҳий таълимотни одамларга етказишда воситачи деб билишади. Бу таълимотнинг мазмун-мундарижаси уларга тегишли эмаслигини тан олишади.

Аллоҳнинг пайғамбарлари эл орасида намунали бир тарзда тирикчилик қилишарди. Ҳатто душманлари ҳам уларнинг ҳаётидан камчилик топишолмасди. Акс ҳолда улар пайғамбар камчиликларини элга достон қилиб, издошларини ундан қайтаришга ҳаракат қилишлари мумкин эди.

Аллоҳнинг элчилари Худонинг динини таблиғ қилишдан моддий ва маънавий манфаат кӯзламасдилар, деб айтдик. Уларнинг айримлари бу таблиғ ишида жонларини ҳам фидо қилдилар.

Бу ояти карималарда буюрилади: Аллоҳнинг элчилари ва самовий китобларнинг асосий мақсади одамларни ғафлат ва зулматдан ёруғликка олиб чиқишдир.  Мол-дунёга ружуъ қӯйган киши ӯлимдан кейинги ҳаёт ва қиёматдан ғафлатда қолиши мумкин. Ёхуд Ҳақни инкор қилиш йӯли билан куфр ва ширк зулумотида қолиб кетиш ҳеч гап эмас.

Бу муборак суранингсӯнгги ояти каримасида мухолифларга қарата буюрилади: Ҳақ сӯзларга ишонмай, уларга жиддий эътибор қаратмасангиз ҳам зудлик билан уларнинг тӯғрилигини англаб етасиз. Аммо у куни иқрорингиздан фойда йӯқ. Унда тавбалар қабул қилинмайди.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1.  Динни таблиғ қилувчи кишилар пайғамбарлар каби одамлардан ҳеч қандай моддий ва маънавий рағбатлантириш тамаъ қилмасликлари керак.  Бу уларнинг Аллоҳ таълимотини одамларга етказишда муваффақиятга эришишларининг асосий шартидир.
  2. Аллоҳнинг дини содда ва самимий, одамлар англайдиган тилда тушунтирилиши керак. Акс ҳолда кишиларни диндан қочириш мумкин.
  3. Ислом пайғамбари ва “Қуръон”нинг рисолати бутун дунё ва барча халқларни ӯз ичига олади. Бу фақат араб миллати ёхуд пайғамбар замонида яшаган кишиларгагина тегишли эмас.
  4. Қуръони карим одамларни ғафлатдан уйғотадиган панд-насиҳат китобидир.
  5. Бугун айрим кишилар бу бебаҳо таълимотни қабул қилишмасада, келажакда Қуръон ва ислом пайғамбари таълимотининг ҳақлиги  ӯзининг мутлақ исботини топади.