Нур томон йӯл--872
«Ғофир" муборак сураси 66-68-ояти карималарининг шарҳи.
Дастлаб “Ғофир” муборак сураси 66- ояти каримаcининг тиловатига қулоқ тутамиз:
قُلْ إِنِّي نُهِيتُ أَنْ أَعْبُدَ الَّذِينَ تَدْعُونَ مِن دُونِ اللَّـهِ لَمَّا جَاءَنِيَ الْبَيِّنَاتُ مِن رَّبِّي وَأُمِرْتُ أَنْ أُسْلِمَ لِرَبِّ الْعَالَمِينَ ﴿٦٦﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Сен: «Албатта, мен ўзимга Роббимдан очиқ-ойдин ҳужжатлар келган пайтда сиз илтижо этаётган нарсаларга ибодат қилишдан қайтарилганман ва оламларнинг Роббига таслим бўлишга амр этилдим», деб айт. (66)
Ӯтган суҳбатларимизда Аллоҳнинг ягоналигининг далили бӯлган нишоналар ва Илоҳий неъматлар ҳақида гапирдик. Бу ояти каримада Аллоҳнинг расули мушрикларга қарата дейдиларким, мен бутларга сиғиниш ижозатини бермаган ва мени бу ишдан қайтарган Худо томонидан пайғамбарликка мабъус бӯлганман. Шу сабабли билиб қӯйинг, мен якравлигим сабабли эмас, балки Аллоҳим қайтаргани учун сизнинг бутларингизга сиғинмайман. Мен ақлий далиллар асосида Аллоҳга сиғиниб, бутларни инкор қиламан. Мен ҳаммамизнинг ягона яратгувчимиз бӯлган Аллоҳгагина сажда қиламан ва унга ибодат қиламан. Фақат ибодат эмас, балки оламларнинг Яратувчисига мутлақо таслимман ва унинг барча буйруқларини шаксиз бажараман. Зеро, ӯзимни Унинг бандаси деб биламан. Банданинг вазифаси эса мавлосига итоат қилишдир.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Аллоҳнинг барча буйруқ ва қайтариқлари далил ва мантиққа асосланган. Ваҳий ва ақл ӯртасида қарама-қаршилик йӯқ.
- Оламларнинг Парвардигорига таслим бӯлиш ифтихорга лойиқ амалдир. Ибодатнинг камоли эса Аллоҳга таслим бӯлишдир.
Энди “Ғофир” муборак сураси 67-68-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:
هُوَ الَّذِي خَلَقَكُم مِّن تُرَابٍ ثُمَّ مِن نُّطْفَةٍ ثُمَّ مِنْ عَلَقَةٍ ثُمَّ يُخْرِجُكُمْ طِفْلًا ثُمَّ لِتَبْلُغُوا أَشُدَّكُمْ ثُمَّ لِتَكُونُوا شُيُوخًا ۚ وَمِنكُم مَّن يُتَوَفَّىٰ مِن قَبْلُ ۖ وَلِتَبْلُغُوا أَجَلًا مُّسَمًّى وَلَعَلَّكُمْ تَعْقِلُونَ ﴿٦٧﴾ هُوَ الَّذِي يُحْيِي وَيُمِيتُ ۖ فَإِذَا قَضَىٰ أَمْرًا فَإِنَّمَا يَقُولُ لَهُ كُن فَيَكُونُ ﴿٦٨﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
У сизни тупроқдан, сўнгра нутфадан, сўнгра (ёпишқоқ) лахта қондан яратган зотдир. Сўнгра У сизни бувак ҳолингизда чиқарур. Сўнгра камолга етишингиз учун, қари бўлишингиз учун (улғайтирур). Сизнинг ичингизда ундан олдин вафот этадиганлар ҳам бўлур. (Булар) белгиланган ажалга етишингиз учундир. Шоядки ақл юритсангиз. (Бу оятда кибрга кетиб, ўзини унутган, Аллоҳни–холиқини тан олмай қўйган инсонга асли, ожизлиги эслатилмоқда. Яъни, эй одамлар, сизнинг айримларингиз камолга ёки қариликка етишдан олдин вафот этиб кетади. Ҳар лаҳзада тушаётган ҳомилалар, ўлаётган болалар, ёшлар бунинг далилидир. Ҳар бир инсон учун белгилаб қўйилган ажал бор. Ана ўша ажалга етгунча яшайди. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг ишидир. Шоядки ушбу ҳақиқатлар устида ақл юритиб, ким эканингизни англаб, Роббингизга ибодат қилсангиз.) (67) У зот тирилтирур ва ўлдирур. Қачонки бирор ишни хоҳласа, «Бўл!» дер ва у бўлур. (68)
Шарҳлаганимиз айрим оятларда осмон ва замин ҳамда айрим табиий воқеалардаги Аллоҳнинг оятларига ишора қилинган эди. Бу ояти карима инсоннинг тупроқдан яратилиши, одамизод фарзандигнинг ҳомилалик пайти, дунёдаги туғилиш ва яшаш жараёни ҳамда унинг ӯлимини баён қилади.
Инсоннинг яратилишидаги биринчи босқич унинг тупроқдан яратилишидир. Одам ато ҳазратлари бевосита тупроқдан яратилган, кейинги барча инсонларнинг яратилиши ҳам айнан тупроққа бориб тақалади. Зеро, уларнинг жисмини ташкил этувчи барча озуқа маҳсулотлари тупроқдан униб чиққандир.
Иккинчи босқич нутфанинг вужудга келиши бӯлиб, у эркакнинг манийси ва аёлнинг тухмдонининг бачадонда ӯзаро бирикуви натижасида пайдо бӯлади.
Учинчи босқич ҳомиланинг чайналган гӯшт шаклига киришидир. Шундан сӯнг бадан аъзолари шакллана бориб,мукаммаллаша бошлайди.Кейинги босқичда чақалоқ дунёга келади.
Болалик, ӯсмирликдан сӯнг инсоннинг ёшлик даври бошланади. Бу пайтда киши ақлий балоғатга етади. Унинг жисмоний қуввати ҳам авж палласига чиқади.
Аммо вақт ӯтиши билан куч-ғайратга тӯлган ёшлик даври ҳам ӯтиб, инсон умр чӯққисидан ортга қайтишга мажбур бӯлади. Унинг куч-қуввати койий бошлайди. Одамизод боласи ӯртаяшарлик ва қарилик даври томонга ҳаракат қила бошлайди. Охир-оқибат умри охирига етади ва ӯлим кишини қиёматнинг даричаси бӯлмиш қабрга жойлайди.
Қизиғи шундаки, бу ояти карималарда ӯлим батамом йӯқ бӯлиб кетиш сифатида эмас, балки ӯлими етган кишини руҳ фаришталари излаб топишади ва уни ӯлимдан кейинги оламга ӯтказишади, дея талқин қилинади.
Ояти карималарнинг давомида хилқатнинг умумий қонунияти бӯлган ҳаёт ва ӯлимга ишора қилиниб, буюрилади: Бу нарса Аллоҳнинг иродасига боғлиқ. У хоҳлаган пайти бир лаҳза ҳам кечиктирилмай, амалга оширилади.
Бу икки оятда барча жонзотлар, яъни гиёҳлар, ҳайвонот ва инсонларни қамраб олувчи ҳаёт ва ӯлим ҳодисасига ишора қилинган. Бу икки ҳодиса Аллоҳ тақдир айлаган табиий низом асосида бӯлиб, инсонга боғлиқ эмас. Ҳаёт ва ӯлим Парвардигори олам қудратининг нишонаси бӯлиб, илмий ривожланишга қарамасдан инсоният ҳали ҳам бу икки ҳодисанинг сир-асрорини очолмаган.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Жонсиз тупроқдан ақл-тафаккур соҳиби бӯлган инсонни яратиш Аллоҳ қудратининг нишонасидир.
- Яратилиш низоми мунтазам такомиллаша бориш низомидир. Ӯлим бу ривожланишнинг охирги нуқтаси эмас, балки янги, юксакроқ босқичга кириб бориш ва қиёматда ҳозир бӯлиш учун руҳнинг жисмдан ажралиши ҳолатидир.
- Аллоҳ бизни инсоннинг яратилиш босқичлари ҳақида тафаккур қилишга, ӯз хилқатимизни тушуниб етиб, ӯзлигимизни англашга даъват этади.
- Тирилтириш ва ӯлдириш ёлғиз ва қудратли Аллоҳнинг илкидадир.