Нур томон йӯл-667
667 қисм"Намл" муборак сураси 6-11- ояти карималар
Дастлаб "Намл" муборак сурасининг 6-ояти каримаси тиловатига қулоқ тутамиз:
وَإِنَّكَ لَتُلَقَّى الْقُرْآنَ مِن لَّدُنْ حَكِيمٍ عَلِيمٍ ﴿٦﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Албатта, сенга бу Қуръон ўта ҳикматли ва ўта илмли зот томонидан берилур. (6)
Ӯтган суҳбатимизда қайд қилинганидек, Намл муборак сураси Қуръони каримнинг улуғлиги ва унинг муминларни саодат сари ҳидоят қилишини таъкидлаш билан бошланади. Ундан сӯнг бу муборак сурада муминлар, шунингдек қиёмат кунига ишонмайдиган кишиларнинг ӯзига хос хусусиятларига тӯхталади. Бу ояти каримада ушбу фикрларнинг тадрижий давоми сифатида буюрилади: Бу самовий китоб маърифати Илоҳий илм ва ҳикматга асосланади. Бу ерда Аллоҳнинг чек-чегарасиз илми ва инсонни яратилишдан кӯзда тутилган мақсадга яқинлаштирадиган ҳикмати кӯзда тутилган.
Кейинги оятларда эса пайғамбарларнинг биъсати жараёнида бу Илоҳий илм ва ҳикмат намуналари зикр этилади.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Қуръони карим Илоҳий илм ва ҳикматнинг инъикосидир. Ваҳийни қабул қилишга қодир бӯлган пайғамбарлар илми ҳам ӯрганилган илм бӯлмай, балки илми ладунийдир.
- Диний таълимот ва ҳукмлар Илоҳий билимлар сарчашмасидан сув ичади. Шу сабабли ҳар бир диний ҳукм замирида гарчи бизга маълум бӯлмасада, қандайдир ҳикмат яшириндир.
Энди “Шуаро” муборак сураси7-9--ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.
إِذْ قَالَ مُوسَىٰ لِأَهْلِهِ إِنِّي آنَسْتُ نَارًا سَآتِيكُم مِّنْهَا بِخَبَرٍ أَوْ آتِيكُم بِشِهَابٍ قَبَسٍ لَّعَلَّكُمْ تَصْطَلُونَ ﴿٧﴾ فَلَمَّا جَاءَهَا نُودِيَ أَن بُورِكَ مَن فِي النَّارِ وَمَنْ حَوْلَهَا وَسُبْحَانَ اللَّـهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ ﴿٨﴾ يَا مُوسَىٰ إِنَّهُ أَنَا اللَّـهُ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ ﴿٩﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Мусо ўз аҳлига: «Аниқки, мен бир олов кўрдим. Тезда мен сизларга ундан бирор хабар ёки исинишингиз учун бир тутам чўғ келтираман», деганини эсла. (7) У (олов)га келганида: «Олов олдидаги ва атрофидаги шахсларга барака берилди ва Оламларнинг Робби–Аллоҳ покдир», деб нидо қилинди. (8) «Эй Мусо! Албатта, бу Менман! Азизу ҳаким Аллоҳман! (9)
Бу муборак сурада Илоҳий пайғамбарлардан беш нафари ва уларнинг қавмлари саргузашти келтирилган. Энг аввал Мусо алайҳиссаломнинг биъсати ҳақида гап боради. Ривоят қилинишича: Ҳазрат Мусо оила аҳли билан ҳазрат Шуъайб наздидан Мисрга кетаётган пайти тун қоронғусида адашиб совуқ шамол ва тӯфон чангалида қолишади. Оила аҳлига совуқдан сақланиш учун бошпана топиш илинжида бӯлган ҳазрат Мусонинг нигоҳи узоқда йилтиллаётган ёруғликка тушади. У ӯйлади: У ерда кимлардир ӯт ёқиб исинишяпти. Улар бизга ёрдам беришади, ҳеч бӯлмаса йӯлни кӯрсатишади. Аммо оила аъзоларини у ерга бошлаб боришдан истиҳола қиларди. Ким билсин, улар қароқчилардир? Шу сабабли у оила аҳлига деди: мен бориб-келгунча шу ерда туринглар. Совуқдан сақланиш учун бир оз олов келираман.
Олов ёниб турган жойга борганда ҳеч кимни кӯрмади. Аммо ажиб бир манзарани мушоҳада қилди: Олов ям-яшил дарахтлар орасида ёнар, унинг шуълалари ҳар томонга ёйиларди. Оловнинг бир шуъласи ҳазрат Мусо томонга келди. У қӯрқиб, орқага тисарилди. Нидо келди: Эй Мусо! Қӯрқма. Мен сени пайғамбарликка танламоқчи бӯлган азиз ва ҳаким Парвардигорингман. Ям-яшил дарахтларни ҳам, сени ҳам куйдирмайдиган бу олов менинг қудратимнинг жилваларидан биридир. Ким унинг ичида ва атрофида бӯлса, менинг ҳимоямдадир.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Анбиё алайҳимуссалом жудда оддий яшар, уларнинг яшаш тарзи оддий одамлардан фарқ қилмасди. Ҳазрат Мусо оила аҳли ғамида елиб-югурган чоғи Аллоҳ уни пайғамбарликка етказди.
- Аллоҳ ирода қилса, олов ҳам ӯзининг куйдириш хусусиятини бой бериб, хавф-хатарсиз нарсага айланади. Худди ҳазрат Иброҳимни ӯтга ташлашганида олов куйдириш ӯрнига унга ҳузур-ҳаловат бахш этгани каби.
Энди “Шуаро” муборак сураси 10-11--ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.
وَأَلْقِ عَصَاكَ ۚ فَلَمَّا رَآهَا تَهْتَزُّ كَأَنَّهَا جَانٌّ وَلَّىٰ مُدْبِرًا وَلَمْ يُعَقِّبْ ۚ يَا مُوسَىٰ لَا تَخَفْ إِنِّي لَا يَخَافُ لَدَيَّ الْمُرْسَلُونَ ﴿١٠﴾ إِلَّا مَن ظَلَمَ ثُمَّ بَدَّلَ حُسْنًا بَعْدَ سُوءٍ فَإِنِّي غَفُورٌ رَّحِيمٌ ﴿١١﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Ва асоингни ташла!» Бас, қачонки Мусо у(асо)нинг илондек қимирлаётганини кўрганида, ортига қарамай қочди. «Эй Мусо! Қўрқма! Зеро, Менинг ҳузуримда Пайғамбарлар қўрқмаслар! (10) Лекин ким зулм қилсаю сўнгра ёмонлик кетидан унга яхшиликни бадал қилса, бас, Мен, албатта, мағфиратли ва меҳрибондирман. (11)
Табиийки, ҳазрат Мусо оловни кӯриб, нидони эшитгач, кӯрган ва эшитганим, ростдан ҳам Худонинг иши ва нидосимикин, дея иккиланиб қолди. Шунда Аллоҳ унга қӯлингдаги асони ерга ташла, дея буйруқ берди. Ҳазрат Мусо шундай қилди. Қараса, асоси илонга айланиб унга томон ӯрмалаб кела бошлади. Бундай бӯлишини кутмаган ҳазрат Мусо қочди. Шунда нидо келди: Мусо, қӯрқма. Бу сенинг нубувватинг нишонасидир. Кӯрган нарсанг ҳамда эшитганинг шайтоннинг ҳийласи эмас, балки Аллоҳнинг садоси эканлигига ишонишинг учун келтирилган муъжиза эди. Сен энди бу муъжизани одамларга кӯрсатиб, уларни ӯзингнинг соҳир ёхуд жодугар эмас, балки Аллоҳ томонидан пайғамбар эканлигингга ишонтирасан.
Эй Мусо, даргоҳимиз хавф-хатарсиз, роҳат-фароғатли жойдир. Бунда қӯрқув ва изтироб бегона. Ӯзига ва ӯзгага зулм қилган кишигини бунда қӯрқиши керак. Албатта у ҳам агар тавба қилиб, гуноҳлардан узоқлашса, раҳматимизга лойиқ кӯрилади.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Муъжиза кӯрсатиш гарчи Пайғамбарлар томонидан амалга оширилсада, Аллоҳнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ. Шу сабабли одамларга муъжиза бӯлиб туюлган бу ғайритабиий ишлар пайғамбарларнинг ӯзи учун ҳам муъжизадир.
- Илоҳий таълимот нуқтаи назаридан золим киши доимо қӯрқув-таҳлика чангалида бӯлиши керак, хавфсизлик ва осойишталикда эмас.
- Яхши амаллар ила гуноҳларини ювган инсонгина Аллоҳ раҳматига восил бӯлади.