Нур томон йўл (950)
Муборак Қоф сураси 1-8 - ояти карималарининг шарҳи
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Раҳмат пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳи покларига саломлар ва салавотлар бўлсин. Сиз азиз тингловчиларга салом билан, “Нур томон йўл” дастурининг навбатдаги сонида Қурони Каримдаги оятларнинг содда ва равон тафсири билан сизнинг хизматингиздамиз.
Олдинги дастурда муборак Ҳужурот сураси тугаши билан ушбу дастурда муборак Қоф сураси ояти карималарини осон ва равон тафсир қилишни бошлаймиз. Бу сура Маккада нозил бўлган бўлиб, унинг оятларида асосий эътибор қайта тирилиш усули ва унинг сабаблари, яхши ва ёмон одамлар ва ниҳоят ўтмишдаги қавмларнинг тақдири ҳақидадир.
Даставвал муборак Қоф сурасининг 1 ва 2 ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:
بِسْمِ اللَّـهِ الرَّحْمَـنِ الرَّحِیمِ
«ق وَ الْقُرْآنِ الْمَجِیدِ»، «بَلْ عَجِبُوا أَنْ جاءَهُمْ مُنْذِرٌ مِنْهُمْ فَقالَ الْکافِرُونَ هذا شَیْءٌ عَجِیبٌ»
Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Қоф. Улуғ Қуръон ила қасам. Балки уларга ўзларидан огоҳлантирувчи келганидан ажабландилар ва кофирлар: «Бу ажиб нарса-ку?! (Мушриклар Муҳаммад алайҳиссаломнинг Пайғамбар бўлиб келганлигидан ажабландилар.)
Бу сура ҳам Қуръоннинг бошқа 28 сураси каби ҳижо ҳарфлари билан бошланиб, кейин Қуръон улуғлигига қасамёд қилинади. Чунки Қуръон ҳамма учун мавжуд бўлган бир хил алифбо ҳарфларидан ёзилган, аммо шунга ўхшашини ҳеч ким келтира олмайди ва бу Қуръоннинг мўъжизасидир.
Ояти карималарнинг давоми қиёматни инкор этувчиларнинг сўзларига ишора қилиб, шундай дейилади: ўзларидан бирининг ўзини пайғамбар деб даъво қилиб, одамларни ўлимдан кейин қайта тирилиш ҳақида огоҳлантирганидан ҳайрон бўлдилар ва унинг даъвосини ақл бовар қилмайдиган ва эҳтимолдан узоқ деб билдилар.
У пайғамбар сифатида юборилган ва тирилишни эълон қилган биринчи одам эмас эди. Демак, уларнинг таажжублари жаҳолатдан эмас, балки ўжарлик ва инкордан бўлган ва аслида Аллоҳнинг пайғамбари сўзларини қабул қилмаслик учун баҳона эди.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
1) Қуръон Аллоҳ таолонинг каломи бўлиб, улуғлик ва иззат-икромга эга бўлиб, ким иззат ва улуғликни изласа, Қуръонга юзланиб, унга амал қилсин.
2) Пайғамбарларнинг инсон эканликлари ва одамлар орасида бўлишлари мантиқий ва ҳикматли нарса ва аслида уларнинг қувватидир, лекин жоҳиллар ва инкорчилар буни пайғамбарларни хор қилиш учун баҳона деб билишган.
3) Имонсизлар башорат ва тирилишни инкор этиш учун мантиқий асосга эга эмаслар, шунинг учун улар ҳақиқатни инкор этиш учун ажабланиб, уни эҳтимолдан йироқ ва ақлдан узоқ деб аташади.
Энди муборак Қоф сурасининг 3-5-ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз.
«أَ إِذا مِتْنا وَ کُنَّا تُراباً ذلِکَ رَجْعٌ بَعِیدٌ»، «قَدْ عَلِمْنا ما تَنْقُصُ الْأَرْضُ مِنْهُمْ وَ عِنْدَنا کِتابٌ حَفِیظٌ»، «بَلْ کَذَّبُوا بِالْحَقِّ لَمَّا جاءَهُمْ فَهُمْ فِی أَمْرٍ مَرِیجٍ»
Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Ўлиб, тупроқ бўлганимиздан кейин ҳам-а? Бу қайтиш (ақлдан) узоқ-ку?!» дедилар. Ҳақиқатда Биз уларни ер камайтираётганини билдик ва Бизнинг ҳузуримизда сақловчи китоб бор. Балки уларга ҳақ келганда, уни ёлғонга чиқардилар. Улар изтиробли ишдадирлар.
Олдинги оятнинг тафсирида қиёматни инкор этувчиларнинг уни инкор этишларига асос йўқлигини айтдик. Бу ояти карималар ҳайрон бўлганларнинг доимий саволини ўртага ташлайди: Қандай қилиб ўлимдан кейин тупроққа айланган танамиз аъзолари жонланиб, ҳаётга қайтишимиз мумкин? Қуръон уларга шундай жавоб беради: Аллоҳ таоло инсоннинг ўлимидан сўнг бадан аъзоларида қандай ўзгаришлар бўлишини билади ва қиёмат куни уни асл ҳолига қайтаради. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг ҳузурида ёзилган. Сўнг айтади: Албатта, ўша инкорчилар ҳақиқатни тушуниб, яна инкор қилдилар, бошқача қилиб айтганда, уларнинг куфрлари жоҳиллик туфайли эмас эди.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
1) Қуръоннинг қизиқарли усулларидан бири шундаки, баъзан баҳсга мувофиқ, аввалига мухолифлар ва кофирларнинг сўзларини келтиради, сўнгра уларнинг даъволарига мантиқ ва мулоҳаза билан жавоб беради.
2) Яратилиш тизими илоҳий илм асосида барпо этилган ва бошқарилган, ҳар бир нарсанинг ҳисоби ва китоби бор.
3)Ташвиш ва саросиманинг илдизи ҳақиқатни инкор этиш ва куфрдир, худди қалб ҳаловатининг илдизи Аллоҳни зикр қилиш ва ҳақиқатни қабул қилиш бўлгани каби. Шу сабабдан мустаҳкам ва кучли иймонга эга бўлмаганлар доимо ташвиш ва саросимада бўладилар.
Сўнгда муборак Қоф сурасининг 6-8-ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:
«أَ فَلَمْ یَنْظُرُوا إِلَى السَّماءِ فَوْقَهُمْ کَیْفَ بَنَیْناها وَ زَیَّنَّاها وَ ما لَها مِنْ فُرُوج»، «وَ الْأَرْضَ مَدَدْناها وَ أَلْقَیْنا فِیها رَواسِیَ وَ أَنْبَتْنا فِیها مِنْ کُلِّ زَوْجٍ بَهِیجٍ»، «تَبْصِرَةً وَ ذِکْرى لِکُلِّ عَبْدٍ مُنِیبٍ»
Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Устиларидаги осмонга назар солмайдиларми? Уни қандай бино қилибмиз, зийнатлабмиз ва унинг тешиклари ҳам йўқ?! Ва ерни чўзиб қўйдик, унга тоғларни ташладик ва унда турли гўзал жуфтларни ўстирдик. (Роббисига) қайтувчи ҳар бир бандага кўргазма ва эслатма қилиб.
Тирилишни инкор этиш Аллоҳ таолонинг илми ёки қудрати ҳақидаги шубҳалардан келиб чиқади. Олдинги оятларда илоҳий илмнинг кенглиги ҳақида сўз борди. Бу ояти карималар Аллоҳ таолонинг чексиз қудратини ифодалашда шундай дейилади: Агар сиз қуёшга, ойга, юлдузларга ва чексиз коинотларга қарасангиз эди, сиз Аллоҳ таолонинг қудратини идрок этардингиз ва шунда Аллоҳ ўликларни қандай тирилтиради деб сўрамас эдингиз?
Оёғинг остига қарасангиз, тоғлар, текисликлар, ўрмонлар, барча турдаги ўсимликлар ва дарахтларни кўрасизки сиз одамлар уларнинг вужудга келишида ҳеч қандай рол ўйнамагансиз ва улар Қодир Аллоҳ томонидан яратилган. Буларнинг барчаси Аллоҳни билишга, унга яқинлашишга интилган киши учун, албатта, яратганни эслатиш ва унга эътибор қаратиш воситасидир.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
1) Ер ва осмон ва бутун борлиқ Аллоҳни таниш дарсидир, албатта, дунёнинг келиб чиқиши ва тирилишини билишга интилган киши учун.
2) Бутун борлиқда тартиб ва қонун ҳукмронлик қилади.
3) Қувват, гўзаллик ва тартиб Аллоҳ таолонинг осмонлар ва ердаги яратганларига хос хусусият бўлиб, яратилиш тизимида ҳеч қандай камчилик йўқ. Бу ўз-ўзидан олам Яратувчисининг чексиз билими ва қудратини ифодалайди.
4) Ўликларнинг қалбидан тирик ўсимликларнинг ўсиши Аллоҳ таолонинг ўликларни тирилтириш қудратига мисолдир.
Ушбу дастуримиз якунида сиз азизларни Аллоҳ таолога топширамиз ва фикр ва таклифларингизни кутиб қоламиз. Хайр.