декабр 14, 2022 11:38 Asia/Tashkent
  • Нур томон йўл (972)

Муборак Қамар сурасининг 9-22-ояти карималарининг шархи.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Раҳмат пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳи покларига саломлар ва салавотлар бўлсин. Сиз азиз тингловчиларга салом билан, “Нур томон йўл” дастурининг навбатдаги сонида Қурони Каримдаги оятларнинг содда ва равон тафсири билан сизнинг хизматингиздамиз.

 Аввал муборак Қамар сурасининг 9-12-ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:

کَذَّبَتْ قَبْلَهُمْ قَوْمُ نُوحٍ فَکَذَّبُوا عَبْدَنَا وَقَالُوا مَجْنُونٌ وَازْدُجِرَ، فَدَعَا رَبَّهُ أَنِّی مَغْلُوبٌ فَانْتَصِرْ، فَفَتَحْنَا أَبْوَابَ السَّمَاءِ بِمَاءٍ مُنْهَمِرٍ، وَفَجَّرْنَا الْأَرْضَ عُیُونًا فَالْتَقَى الْمَاءُ عَلَى أَمْرٍ قَدْ قُدِرَ

Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

Булардан олдин Нуҳ қавми ҳам ёлғончи қилган эди. Бас бандамизни ёлғончига чиқаришди ва, мажнун, дейишди. Ҳамда унга тўсиқлар қўйишди. Бас, у Роббисига дуо қилиб: «Албатта, мен мағлуб бўлдим, ёрдам бер», деди. Осмон эшикларини шаррос сув билан очиб юбордик. Ва ердан отилтириб, булоқлар чиқардик. Бас, сувлар тақдир қилинган иш учун бирлашдилар.

Аввалги кўрсатувда ҳақиқатни инкор этувчи кимсаларнинг қиёматдаги оғир ва даҳшатли аҳволи ҳақида сўз борди; Бу оятлар уларнинг дунёдаги жазоларининг бир қисмига ишора қилиб, шундай дейилади: Нуҳ пайғамбар ҳам бошқа пайғамбарлар каби одамларни Аллоҳга чорлаб, мўжизалар кўрсатдилар, лекин ҳақни қабул қилишни истамаганлар уни жин таъсирида бўлган ва ақли қопланган деб рад этдилар.

Улар Нуҳни тошбўрон қилиб ўлдириш билан таҳдид қилишди. Кофирлар унинг рисолатидан воз кечиш ва уларни тинч қўйиш учун даъвати олдига ҳар хил тўсиқларни қўйдилар.

Бундай вазиятда Нуҳ Аллоҳдан рақибларга қарши ёрдам беришини сўради. Аллоҳ уларга қарши ҳужжатни тугатиб, тўғри йўлга қайтмагани учун уларга ўз азобини туширди. Улардан ҳеч нарса қолдирмаган катта сув тошқини бўлди.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз: 

1. Пайғамбарларни ақлдан озган дейиш тарих давомида кенг тарқалган туҳмат бўлиб келган. Ёвуз мухолифлар ҳамиша ана шундай тактика билан пайғамбарлар шахсиятига суиқасд қилишга уринганлар.

2. Иймон аҳли ўз бурчини адо этишлари ва душманларидан енгилсалар, умидсизликка тушмасликлари керак, чунки Аллоҳнинг қудрати барча кучлардан устундир.

3. Аллоҳ таолонинг меҳр ва меҳр-шафқати намоён бўлган ёмғир баъзан ғазаб ва жазога сабаб бўлади.

Энди Қамар сурасининг 13-17-ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:

وَحَمَلْنَاهُ عَلَى ذَاتِ أَلْوَاحٍ وَدُسُرٍ، تَجْرِی بِأَعْیُنِنَا جَزَاءً لِمَنْ کَانَ کُفِرَ، وَلَقَدْ تَرَکْنَاهَا آیَةً فَهَلْ مِنْ مُدَّکِرٍ، فَکَیْفَ کَانَ عَذَابِی وَنُذُرِ، وَلَقَدْ یَسَّرْنَا الْقُرْآنَ لِلذِّکْرِ فَهَلْ مِنْ مُدَّکِرٍ

Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

Ва у(Нуҳ)ни тахталари ва михлари бор нарса устига кўтардик. У(кема) инкор қилинган шахс (Нуҳ)га мукофот бўлиб, Бизнинг иноятимиз ила юрадир. Ва у(ҳодиса)ни белги қилиб қолдирдик. Қани, ибрат олувчи борми? Бас, Менинг азобим ва огоҳлантиришим қандоқ бўлди?! Дарҳақиқат, Биз Қуръонни зикр учун осон қилдик. Бас, зикр қилувчи борми?!

Нуҳнинг қавмига жазо келишидан олдин, Худо унга барча турдаги ҳайвонларни сиғдира оладиган ва уларнинг авлодларининг йўқ бўлиб кетишининг олдини оладиган катта кема қуришни буюрди. Бу ер юзининг катта қисмини қамраб оладиган кучли бўрон келаётганини кўрсатди, акс ҳолда буни қилишнинг ҳожати йўқ эди.

Ўша катта бўрон содир бўлиши билан Нуҳ алайҳиссаломнинг кемаси Аллоҳнинг амри билан ҳаракатга келтирилди ва унинг аҳолиси нажот топди, лекин кофирларнинг ҳаммаси ғарқ бўлди. Ниҳоят, сув камайгач, йўловчилар кемадан эсон-омон чиқиб кетишди. Аммо ўша улуғ кема қолдиқлари, яъни ёғоч бўлаклари ва бир ҳовуч михдан иборат бўлган қолдиқлар Аллоҳ таолонинг иродаси билан Аллоҳнинг қудратига ишора бўлиши ва инкор қилувчилар Аллоҳнинг азоби қаттиқ эканини билишлари ва пайғамбарларнинг огоҳлантиришларини жиддий қабул қилишлари учун қолди. 

Албатта, бу қиссанинг Қуръонда келтирилиши одамларнинг ҳақиқатни ўрганиши ва ўжарликни бас қилиши учун эслатмадир.

Бу оятларнинг охирида Қуръоннинг осон эканлиги зикр қилинади. Шубҳасиз, Қуръоннинг лафзи шундайки, уни ўқиш осон ва айни пайтда гўзалдир. Оятлар мазмунида мазмунни осон қабул қиладиган ҳикоялар ва мисоллар ҳам мавжуд. Албатта, Қуръон осон бўлса-да, сўзи кучли ва қатъий, гарчи осон бўлса-да, оятлари шундайки, агар бутун дунё аҳли бирлашиб, ҳамкорлик қилсалар, унга ўхшаш  ҳеч нарса топа олмас эди.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз: 

1. Аллоҳ хоҳласа, Мусо алайҳиссаломни Нил дарёси тўлқинлари орасида қутқарганидек, ёғоч тахталар ҳам катта тошқин пайтида одамларни қутқаради.

2. Кимки пайғамбарларнинг борлиги неъматларига куфр келтирса ва ношукурлик қилса, у дунё ва охиратда азобланади.

3. Фиръавннинг жасади сувдан қутқарилиб, қолган бўлса, Нуҳнинг кемаси ҳам келажак авлодлар учун сабоқ бўлиши учун  қолди.

4. Қуръон осон китоб, лекин ҳеч ким унга тенг кела оладиган китобни олиб келолмйди, ҳатто бутун оламлар бирга ҳаракат қилсалар ҳам.

Сўнгда муборак  Қамар сурасининг 18-22-ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:

کَذَّبَتْ عَادٌ فَکَیْفَ کَانَ عَذَابِی وَنُذُرِ، إِنَّا أَرْسَلْنَا عَلَیْهِمْ رِیحًا صَرْصَرًا فِی یَوْمِ نَحْسٍ مُسْتَمِرٍّ، تَنْزِعُ النَّاسَ کَأَنَّهُمْ أَعْجَازُ نَخْلٍ مُنْقَعِرٍ، فَکَیْفَ کَانَ عَذَابِی وَنُذُرِ، وَلَقَدْ یَسَّرْنَا الْقُرْآنَ لِلذِّکْرِ فَهَلْ مِنْ مُدَّکِرٍ

Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

Од (Ҳудни) ёлғончига чиқарди. Бас, Менинг азобим ва огоҳлантиришим қандоқ бўлди? Биз давомли машъум кунда улар устига сорсор шамолини юбордик. («Сорсор» деб номланган шамол ўзи ўта совуқ бўлиб, овози жуда ҳам кучли бўлар экан.) У одамларни, худди хурмо дарахтини томири билан қўпоргандек, (ердан) узиб-учириб ташларди. Бас, Менинг азобим ва огоҳлантиришим қандоқ бўлди?! Дарҳақиқат, Биз Қуръонни зикр учун осон қилдик. Бас, зикр қилувчи борми?!

Нуҳ қавмидан кейин бу оятларда Од қавмининг тарихи ҳақида гап боради. Ўша қавмнинг пайғамбари Ҳазрати Ҳуд уларни қандай огоҳлантирмасин, ҳаром қилмишларини тўхтатмадилар; Улар доимо уни камситиб, масхара қилишар, ўзларининг бақувват ва бақувват танаси билан мақтанардилар.

Бир кун келиб уларнинг шаҳри ва юрти устидан шундай кучли ва даҳшатли шамол эсишини, уларнинг баланд ва қоматли таналарини илдизи биалн қўпорилган хурмо дарахтларидек қўпориб, ҳар томонга улоқтиришини ўйламаган эдилар. Бу даҳшатли бўрон бир ҳафта давом этди ва уларнинг уйлари ва аҳолисидан ҳеч нарса қолдирмади.

Аллоҳ яна такрорлайди, нега ўтмишдаги халқлар тарихидан сабоқ олмайсизлар ва огоҳлантирилмайсизлар? Аммо уларнинг қиссаларини Қуръонда баён қилиб, уларнинг тақдирини билиб олишингизни осонлаштирдик.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз: 

1. Аллоҳ таоло пайғамбарлар юбориб, одамларни огоҳлантириш билан одамларга  ҳужжатни тугатди ва ўжар одамлар ўз ёмон ишларининг оқибатини кутишлари керак.

2. Сув каби шамол ҳам Аллоҳнинг амри ва иродаси остидадир; Гоҳида Аллоҳнинг муҳрига ишора бўлса/ баъзан эса золимлар учун жазо воситасидир. Аллоҳнинг иродаси билан шамол ўсиши ва ҳалокатга сабаб бўлиши мумкин.

3. Қуръон тарих китоби эмас, балки одамларга йўл-йўриқ кўрсатиш учун у баъзи халқлар ва қабилаларнинг тарихини эслатиб ўтган, токи ҳар ким насиҳат олиб, ҳақиқатни инкор этишни бас қилсин.

Дастуримиз якунида сиз азизларни Аллоҳга ҳавола қиламиз ва фикр ва таклифларингизни кутиб қоламиз. Хайр.

Ёрлиқ