декабр 03, 2016 09:58 Asia/Tashkent

709-қисм.“Анкабут” муборак сураси 24-26-ояти карималарининг шарҳи

Суҳбатимиз ибтидосида  “Анкабут” муборак сураси  24--ояти каримаcининг тиловатига қулоқ тутамиз.

فَمَا كَانَ جَوَابَ قَوْمِهِ إِلَّا أَن قَالُوا اقْتُلُوهُ أَوْ حَرِّقُوهُ فَأَنجَاهُ اللَّـهُ مِنَ النَّارِ ۚ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَآيَاتٍ لِّقَوْمٍ يُؤْمِنُونَ ﴿٢٤﴾

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Унинг қавмининг жавоби: «Уни ўлдиринглар ёки ўтда ёқинглар!» дейишларидан бошқа нарса бўлмади. Бас, Аллоҳ уни ўтдан қутқарди. Албатта, бунда иймон келтирадиган қавмлар учун оят-белгилар бордир. (24)

Бу муборак сурада ҳазрат Нуҳ саргузашти ҳикоя қилингач, ҳазрат Иброҳим ҳам тилга олинди. Бундан олдинги оятларда ул ҳазратнинг мушрикларни Аллоҳга даъват қилиши ва ӯлимдан кейинги ҳаётни тушунтиришига тӯхталиб ӯтилган эди. Бу ояти каримада одамларнинг ҳазрат Иброҳим алайҳиссаломга кӯрсатган аксиламали баён қилиниб, буюрилади: Ул ҳазратнинг далиллар билан асосланган даъватига  дуруст ва мантиқий жавоб беролмаганлар дунёнинг барча мустабид зӯравонлари каби Иброҳим алайҳиссалом билан қатъий курашмоққа жазм этдилар. Айримлар пайғамбарни ӯтда ёқишни таклиф қилишса, бошқа бировлари ундан қутулиш учун қатл қилиш керак, дедилар.

"Анбиё" муборак сурасининг 68-70 ояти карималарида ишора қилинганидек, улар улкан гулхан ёқиб, ҳазрат Иброҳимни оловга отишга қарор қилишди. Бу ояти кариманинг давомида буюрилади: Улар Аллоҳ пайғамбаринининг жонига қасд қилиб, фитна тузишди. Аммо Аллоҳ ул ҳазратни оловдан нажот берди. Қуръони каримнинг бошқа бир ояти каримасида келганидек олов Худонинг амри билан  ҳазрат Иброҳим учун салқин ва саломатлик манзилига айланди. Бу нарса иймон аҳлига Аллоҳнинг қудратини барча қудратлардан устун деб билишлари,   зоҳирий ва моддий қудратларга алданмасликлари  учун энг яхши ибрат намунасидир.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Дин душманларининг мантиғи озор-азият етказиш, қатл ва ӯлдиришдан иборат. Улар ҳақиқатни идрок этиш тарафдори эмас, балки ӯзларининг қудрат ва шон-шуҳратларини ҳимоялаш билан овворалар.
  2. Мусулмонларнинг камлиги уларнинг золимларга таслим бӯлишлари далолати эмас. Иброҳим алайҳиссалом ёлғиз ӯзи кофирлар ва гумроҳларга қарши курашди ва Аллоҳ таъоло ҳам унга ёрдам берди.
  3. Аллоҳнинг иродаси барча асбоб-воситалардан устундир. Мисол учун Худо истаса оловга куйдириш хислатини, истаса оромбахшлик хосиятини ато этади.

 

Энди “Анкабут” муборак сураси 25-ояти каримаcининг тиловатига қулоқ тутамиз.

«وَقَالَ إِنَّمَا اتَّخَذْتُم مِّن دُونِ اللَّـهِ أَوْثَانًا مَّوَدَّةَ بَیْنِکُمْ فِی الْحَیَوةِ الدُّنْیَا ثُمَّ یَوْمَ الْقِیَامَةِ یَکْفُرُ بَعْضُکُم بِبَعْضٍ وَیَلْعَنُ بَعْضُکُم بَعْضًا وَمَأْوَاکُمُ النَّارُ وَمَا لَکُم مِّن نَّاصِرِینَ(25)»

Бу ояти  карима  қуйидагича таржима қилинган:

У: «Сизлар, албатта, ҳаёти дунёдаги ўзаро маваддатингиз учун Аллоҳни қўйиб, бутларни тутдингиз. Сўнгра қиёмат кунида баъзингиз баъзингизга куфр келтирурсиз ва баъзингиз баъзингизни лаънатларсиз. Ва жойингиз дўзахдир. Ҳамда сизга нусрат бергувчилар бўлмас. (25)

Оловдан нажот топган Иброҳим алайҳиссалом даъватдан қӯл тортмай, бутпарастликка қарши курашини давом эттирди. Ӯшанда ҳар бир қавм-қабила ӯз бути билан  фахрланиб юрарди. Улар бутпарастликни ота-боболарининг расм-русумларига эҳтиром кӯрсатиш деб ҳам билишарди. 

Ҳазрат Иброҳим алайҳиссалом уларга тушунтирди: бутларга сиғиниш орқали  ораларингда вужудга келган бирдамлик ва ота-боболарингга нисбатан эҳтиром ҳисси қиёмат куни барҳам топади. Ӯшанда гуноҳни бир-бирларингга тӯнкаб, бутпарастлик учун бир-бирларингни гунаҳкор қила бошлайсиз. Бировларнинг қӯл остида бӯлган кишилар хӯжайинлари ва қабила бошлиқларини ӯз гумроҳликларининг асосий сабабчиси деб билиб, уларга ёпишишади. Ҳеч ким айбни ӯз зиммасига олмайди. Сиз уларни деб бутпарастликни давом эттираётган ота-боболаринг нега тафаккур юритмасдан бизнинг янглиш йӯлимизда юришни давом эттирдиларинг, дея ӯзларингни айбдор қилишади.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

1 . Жамиятнинг бирдамлигини таъминловчи омиллар бутпарастликка ӯхшаш бемаъни ақидалар эмас, балки мантиққа асосланган ҳақиқатлар бӯлиши керак.

2. Фикр ва мантиқ инсоннинг ҳиссиётларидан устун туриши керак.

3. Нодуруст йӯллар билан вужудга келган дунёвий дӯстликлар қиёмат куни душманликка айланади.

Энди “Анкабут” муборак сураси  26-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.

«فَآمَنَ لَهُ لُوطٌ وَقَالَ إِنِّی مُهَاجِرٌ إِلَى رَبِّی إِنَّهُ هُوَ الْعَزِیزُ الْحَکِیمُ(26)»

Бу ояти  карима    қуйидагича таржима қилинган:

Бас, унга Лут иймон келтирди ва: «Албатта, мен Роббимга ҳижрат қилгувчиман. Албатта, У азиз ва ҳакимдир», деди. (Яъни, Иброҳимга алайҳиссалом Лут иймон келтирди. Лут алайҳиссалом Иброҳимга алайҳиссалом жиян бўлар эди. Лут алайҳиссалом амакилари Иброҳимга алайҳиссалом иймон келтирган биринчи одам бўлдилар. Шунингдек, Иброҳимга алайҳиссалом хотинлари Биби Сора ҳам иймон келтирган эдилар. Тафсирчи уламоларимиз оятдаги «Албатта, мен Роббимга ҳижрат қилгувчиман» жумласини ким айтгани тўғрисида икки хил фикр билдирганлар. Баъзилари, бу гапни Лут алайҳиссалом айтган, десалар, кўплари, Иброҳим алайҳиссалом айтган, дейдилар. Нима бўлганда ҳам, Аллоҳга ҳижрат қилиш, дунёдаги барча нарсани ташлаб, Аллоҳ таолога томон интилиш туйғуси Иброҳимда алайҳиссалом ҳам, Лутда алайҳиссалом ҳам кучли бўлган. Аллоҳ таолонинг азиз-ғолиб, барчадан устун эканлигига ва ҳар нарсани ҳикмат билан қилишига ҳам уларнинг ишончлари юқори даражада бўлган.) (26)

Ҳазрат Иброҳим алайҳиссалом Намруд қавми ёққан улкан гулхан ичидан соғ-саломат чиқиб келди. Унга биринчи бӯлиб иймон келтирган киши Лут эди. Ҳазрат Лут кейинчалик пайғамбар сифатида танланиб, иброҳимий шариатни эл орасига таблиғ қила бошлади.

Ҳазрат Иброҳим алайҳиссалом шундай улуғ муъжизадан сӯнг ҳам фақат бир киши иймон келтирганини кӯргач, ота-боболарининг юрти бӯлган бу мамлакатдан бош олиб чиқиб кетиб, бошқа минтақадаги кишиларни Аллоҳга даъват этишга жазм этди. Бу ҳижрат уни ӯз шаҳри одамларининг озор-азиятидан қутқариш билан бирга ӯз рисолатини давом эттириш   ҳамда бошқа минтақа халқларини ҳам яктопарастлик динига даъват этиши заминасини муҳайё этди. Ислом пайғамбари ҳам Маккадан Мадинага ҳижрат қилгач, ҳам Макка мушриклари жабридан қутулдилар ва ҳам Мадина халқини исломга даъват қилдилар.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Пайғамбарлар подшоҳларга ӯхшаб, бир-бирини мағлуб этиб, кӯпроқ қудратни қӯлга киритиш тарафдори эмаслар. Улар бир-бирларини қувватлаш йӯли билан Аллоҳнинг динини ёйиш ғамидалар. Худди ҳазрат Лут ҳазрат Иброҳимга иймон келтириб, уни қӯллаб-қувватлагани каби.
  2. Аллоҳнинг мардлари махсус минтақа, замон ва маконга тегишли эмаслар. Улар зарурат туғилган чоғи ҳижрат қиладилар.

 

Ёрлиқ