Россиялик олим коронавирус устидан фақат вакцина назорат ўрнатиши мумкинлигини маълум қилди
(last modified Mon, 02 Nov 2020 06:13:21 GMT )
ноябр 02, 2020 11:13 Asia/Tashkent
  • Россиялик олим коронавирус устидан фақат вакцина назорат ўрнатиши мумкинлигини маълум қилди

Россиянинг «Вектор» вирусология ва биотехнология давлат илмий маркази бош директори ўринбосари Александр Агафоновнинг фикрича, коронавирус инфекцияси устидан назоратни вакцина ёрдамида ўрнатиш керак бўлади. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.

«Касаллик устидан назоратни вакцина ёрдамида ўрнатишга тўғри келишига тайёрланиш керак бўлади. Бирор инфекция устидан назорат вакцина ёрдамисиз ўрнатилмаган», — дея маълум қилган Агафонов Новосибирскда 30 октябрь куни бўлиб ўтган OpenBio-2020 форумида.

«Биз вакцина ишлаб чиқарамиз, бу муаммони ёпамиз, дори воситалари назорат ўрнатиш учун ҳар доим муҳим ҳисобланади, бу ерда ҳам истиқболлар бор», — дея таъкидлаган эксперт.

Агафоновнинг қайд этишича, коронавирус пандемиясига қадар қандайдир назарий «Х касаллиги»нинг тарқалишига тайёргарлик босқичи сифатида Эбола вируси, атипик пневмония, Яқин Шарқда респиратор синдроми, 2009 йилдаги грипп қаралган.

«Балки SARS Cоv-2 ҳали Х касаллиги бўлмаслиги мумкин, у Эбола вируси хусусиятларига эга бўлмагани учун омадимиз келди, шундай бўлиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас», — деган марказ вакили.

Эслатиб ўтамиз, Россиянинг «Вектор» вирусология ва биотехнология давлат илмий маркази мамлакатдаги коронавирусга қарши иккинчи вакцинани ишлаб чиқаришни бошлади. «ЭпиВакКорона» Россиянинг коронавирусга қарши иккинчи вакцинаси бўлиб, ушбу вакцина учун сентябрь ойи охирларида патент олинган. Вакцина мушак остига жўнатиладиган суспензия шаклида ишлаб чиқарилади.

Аввалроқ Россияда патентланган ва рўйхатга олинган COVID-19’га қарши биринчи вакцина яратилган Гамалея илмий маркази директори Александр Гинсбург коронавирусга қарши вакцина қабул қилинганидан кейин пайдо бўладиган антитаналар кекса, спиртли ичимлик ичувчи, руҳий босимга тушган ва яллиғланишга қарши дори қабул қиладиган кишиларда яхши шаклланмаслигини маълум қилганди.

Шунингдек, Британиялик экспертлар коронавирусга қарши дастлабки вакциналарга ишончсизлик билдирганди. Билл Гейтс коронавирусга қарши дастлабки вакциналар самарадорлиги идеал бўлмаслиги мумкинлигини айтганди.

Ёрлиқ