Инсульт ва инфарктга чалинмаслик учун ҳозирдан амал қилиш керак бўлган 7 одат
(last modified Sat, 03 Apr 2021 05:05:47 GMT )
апрел 03, 2021 10:05 Asia/Tashkent
  • Инсульт ва инфарктга чалинмаслик учун ҳозирдан амал қилиш керак бўлган 7 одат

Неча ёшда бўлишингиздан қатъи назар, юрак-қон томир касалликларининг олдини олишни бошлашга ҳеч қачон эрта ҳам, кеч ҳам эмас. Қуйидаги илмий жиҳатдан исботланган етти одат касалликка чалиниш хавфини сезиларли даражада камайтиради.

Тузни камроқ истеъмол қилинг

Кўп туз истеъмол қилиш натижасида танада қон миқдори кўпаяди, бу эса юракка қўшимча оғирлик юклайди. Агар бу тез-тез рўй берса, юрак ҳаддан ташқари тез ишлай бошлайди ва бу касалликка олиб келиши мумкин.

Тиниқиб ухланг

Ҳар кунги 7-8 соатлик уйқу соғлиқ учун жуда муҳим, акс ҳолда организм гипертонияга чалиниши мумкин. Epidemiology журналида чоп этилган тадқиқот шуни тасдиқладики, 24 ёшдан 32 ёшгача бўлганларнинг 30 фоизи аллақачон юқори қон босими касаллигига чалинган. Агар ҳеч қандай чора кўрмасангиз, бу юрак етишмовчилигининг ривожланишига олиб келиши мумкин.

Жисмоний машқлар бажаринг

Сизнинг вазифангиз юрак уриши тезлигини секин-аста оширишдир. Тез юриш, югуриш, сузиш ва бошқа аэробик ҳаракатлар юрак мушакларини таранглаштиради. Ҳафтада камида 150 дақиқа жисмоний фаоллик инсульт хавфини камайтиришда ижобий натижа беради.

Хотиржам бўлинг

Доимий стресс ва хавотир юрак касалликларининг асосий сабаблари ҳисобланади. Кортизол — стресс ва хавотир пайтида ажралиб чиқадиган гормон бўлиб, у қон босими ва юрак уришини тезлаштиради. Бундан ташқари, кортизол артериал қон томирлари юзасига зарар етказиши мумкин. Натижада қон орқали организмга озуқа моддаларининг бориши қийинлашади. Шу сабабли қандай дам олишни ва стрессни енгишни билиш жуда муҳимдир.

Тишларингизни тўғри парваришланг

Оғиздаги бактериялар нафақат тиш ва милк учун хавфли, шунингдек, улар қон томирлари деворларига зарар етказиши, уларни янада мўртлаштириши мумкин. Кунига икки марта тиш ювишга эринманг, тиш ипидан фойдаланинг ва йилига икки марта тиш шифокори кўригига боришни унутманг.

Кўпроқ тухум енг

Инсультга чалинишнинг олдини олишга ёрдам берадиган энг оддий усул — кунига битта тухум истеъмол қилишдир.

Тадқиқотчилар 9 йил давомида ярим миллион одамнинг соғлиғини таҳлил қилиб, ҳар куни камида битта товуқ тухумини истеъмол қилганларда юрак хасталиги хавфи 11 фоизга, инсульт хавфи 26 фоизга камайганини аниқлашди. Бундан ташқари, тухум оқсилга бой бўлиб, қондаги шакар миқдорини камайтиришга ва вазн сақлашга ёрдам беради, бу эса инсульт хавфини камайтиради.

Ёғли балиқ истеъмолини кўпайтиринг

Агар ҳафтасига уч ёки ундан ортиқ порциядан ёғли балиқ истеъмол қилсангиз, инсульт хавфи 6-12 фоизга камаяди. Балиқ гўшти таркибидаги омега-3 томирлардаги яллиғланишни камайтиради, қон оқимини яхшилашга ёрдам беради, қон томирларда тромб ҳосил бўлишининг олдини олади.

 

Ёрлиқ