Фирдавсий форс тили ва Эрон халқининг ӯзлигини қайта тиклади
(last modified Sat, 15 May 2021 12:35:22 GMT )
май 15, 2021 17:35 Asia/Tashkent
  • Фирдавсий форс тили ва Эрон халқининг ӯзлигини қайта тиклади

Эронликлар - Фирдавсийнинг фарзандлари ва унинг этагида тарбияланган. Чунки "Шоҳнома" Эрон маданияти ва санъатининг минг йиллик йилномасидир. Агар Фирдавсий тарихга юзланиб, "Шоҳнома" ни ёзмаганида эди, эҳтимол, бугун эронликлар дилкаш ва ширин форс тилида сӯзлашмас эдилар.

Айтишларича, бир куни Мисрнинг таниқли ёзувчиси Муҳаммад Ҳасанин Ҳайкалдан: "Жуда қадимий маданиятга эга бӯлган сиз мисрликларга нима бӯлди, араб тилида гаплашадиган бӯлиб қолдиларинг?” деб сӯрашганида, жавоб беради: “Чунки бизнинг Фирдавсийимиз йӯқ эди”.

Аммо нима учун Эронда араб тилининг таъсири кучли экани ва бу мамлакатда араб ёзуви кенг тарқалганлиги ҳамда эронликлар томонидан ушбу тилда кўплаб китоблар ёзилганига қарамай, араб тили Эрон халқининг расмий тилига айланмади? Тарих гувоҳлик берадиким, эронликлар форс  тилини ӯз мутафаккирлари саъй-ҳаракатлари билан сақлаб қолишган ва ривожлантиришган. Бу ҳаракат Саффорийлар сулоласининг бошлиғи Ёқуб Лайс Саффорийнинг дарборидаги шоир ва ёзувчиларга қарата айтган "Нега мен тушунмайдиган сўзни айтишингиз керак?" ибораси билан бошланиб, Рудакий, Дақиқий ва Унсурийлар томонидан унинг тамал тоши қӯйилган, Фирдавсий ва унинг абадий шоҳ асари "Шоҳнома"  билан юксалган.

Бепоён Эрон тупроғи тарих давомида кўп аччиқ-чучук даврларни бошдан кечирди. Эронлик бўлмаганларнинг зулмкор ҳукмронлигига қарши туриш учун Фирдавсий қадимий Эрон цивилизациясининг этник шарафини ва тавсифини қайта тиклади ҳамда  кўплаб одамлар қалбида мамлакатни ҳимоя қилиш туйғусини қайта жонлантира олди. Шоҳноманинг ҳар бир эронликнинг руҳи ва тафаккурига таъсири, аввало, ватанпарварлик ва қаҳрамонлик руҳияси билан боғлиқдир. “Шоҳнома” байтларини ӯқиган ҳар  бир асолатли эронликнинг қалбида Ватанпарварлик ва ифтихор туйғуси жӯш уриб, унда жасорат ва фидокорлик туйғулари жумбушга келади..

Фирдавсий Эроннинг миллий қаҳрамонларидан бири ҳамда форс тили жисмига янги жон бахш айлаган  бебаҳо шоирдир. Доктор Абулфазл Хатибийнинг сўзларига кўра "ўзининг ўтмишдаги тажрибаси ва буюк фаолияти ёрдамида у форс тилини барқарор қилди.  "Шоҳнома" ни ёзиш билан у форс тилини бегона сўзлар таъсиридан ҳимоя қила олди, форс тилининг синтактик тузилиши ва меъёрларини емирилишлардан ҳимоя қилди. Форс тили ўзининг ўсиши ва ривожланиши учун Фирдавсий “Шоҳнома”сидан миннатдор бӯлиши керак. Шунинг учун ҳам Фирдавсийнинг номи форс тилининг давомийлиги ва доимийлиги билан боғлиқ. Доктор Холиқий Мутлақ “Шоҳнома” тадқиқотчиси, бу бебаҳо асар тарихий нусхаларининг матншуноси  ва бир эронлик сифатида шундай дейди: "Биз ўз миллийлигимизнинг бир қисми бӯлган форс тилидан қарздормиз ва  форс тили учун ҳам  катта миқёсда Фирдавсий “Шоҳнама”сидан  қарздормиз".

Тус шаҳридаги Фирдавсий мақбараси

Фирдавсий “Шоҳнома”си сўзлар ва адабий атамаларни қамраб олиш жиҳатидан форс тилининг энг бой хазиналаридан бири бўлиб, шубҳасиз,  у форс тилининг асил ва чиройли сўзларини ҳимоя қилган ва ушбу сўзларни ӯз бағрига жойлаган ва уларни амонатдорлик билан кейинги авлодларга етказа олган энг биринчи ва энг катта китобдир. Форс тили турли хил Эрон қабилаларини мустаҳкамлаш, бирлаштириш ва боғлаш воситаси ҳисобланади. Фирдавсийнинг "Шоҳнома" си форс тилини шу қадар бойитган ва мустаҳкамлаганки, тарихда бу тилни унутишга ўрин қолдирмаган. Шу асосда Фирдавсийнинг "Шоҳнома"си форс тили ёрдамида Эрон этник бирлигининг асосларидан биридир.

Фирдавсий ижодининг ҳақиқий аҳамияти ойдинлашиши ва унинг буюк асари Эрон тарихида ўзининг муносиб ўрнини топиши учун йиллар керак бўлди. “Шоҳнома” - Фирдавсийнинг эронликларнинг ўтмиши, маданияти ва ўзига хослигини шу кунгача сақлаб келган қаҳрамонлик эпоси  дурдонаси. "Шоҳнома" ни ёзиш билан Фирдавсий нафақат Эроннинг ўтмиш тарихини ўзи учун, балки бу шонли тарихни асрлар давомида барча эронликлар учун сақлаб қолди.

“Шоҳнома” - Эрон афсоналари китоби. Агар Фирдавсий "Шоҳнома" ни ёзмаганида, биз бугун бу афсоналарнинг кўпчилигини уунтиб юборган бӯлардик. Бундан ташқари, “Шоҳнома” қадимги Эрон қиссалари, аждодларимизнинг қадимий урф-одатлари ва маросимлари китобидир. Фирдавсий "Шоҳнома" ни якунлаш учун ўттиз йил тинимсиз меҳнат қилди. “Шоҳнома” Эроннинг эпоси, тарихи ва маданияти тасвирланган тақвимдир. Чарлз Мелвиллнинг (Кембриж университети профессори) сўзларига кўра: "Фирдавсийнинг буюк ютуғи шундаки, у эронликларнинг империяси авжига чиққан ва шон-шуҳратлари гуркираб яшнаган  тарихини  сақлаб қолди. Муҳим жиҳати шундаки, у уни эронийларнинг ўз тили, яъни форс тилида тузган. Фирдавсийнинг ушбу асари эронлик бўлиш буюк тушунчасининг бир қисмидир. Ўзининг шахсияти ва ӯзлигини англаш. Менимча, бу нарса бошқалардан кўра Фирдавсийда кўпроқ жилваланиб туради."

“Шоҳнома” - Эрон афсоналари китоби

Олимлар Фирдавсий  "Шоҳнома"си  аҳамиятли бўлишининг сабабларидан бирини бу буюк шоир ўзининг буюк китоби билан миллат маданияти ва тақдирида ўйнаган ролида деб талқин қилишмоқда. Доктор Холиқий Мутлақ форс адабиёти ва ҳатто  жаҳон адабиётида ҳам, Фирдавсийнинг "Шоҳномаси "сингари, бир миллат тақдири ва маданиятида бу қадар  улкан рол ўйнаши ва шу даражада самарали бўлиши мумкин бўлган китоб йўқ деб ҳисоблайди. Замонавий фирдавсийшунос олим Муҳаммад Али Исломий  Надушан ҳам Фирдавсийнинг "Шоҳнома" сини жаҳон адабиётида  бир миллат тақдирини ўзгартирган ягона китоб деб билади. Унинг сўзларига кўра: "Шоҳнома” Эроннинг тақдирини ўзгартирди ва агар “Шоҳнома” ёзилмаса эди, ҳозирда  биз бошқа мамлакат эдик. “Шоҳнома”  бўлмаганида, худди Миср, Сурия ва Иордания каби баъзи мамлакатларда содир бӯлган ҳолатлар Эронда ҳам содир бӯларди. Эрон тарихи,  маданияти ва форс тилининг сақланиб қолиши  Фирдавсий  "Шоҳнома"сининг баракотидандир".

Фирдавсийни шунчаки шоир ва мифолог деб атаб бӯлмайди.  Зеро, у шеърият ва афсона замирида, бу улуғвор ва салмоқли шеърлар замирида ҳамда ширин ва равон форс тили ёрдамида бир миллатни қайта тиклади. Фирдавсий тасаввурида  унинг сўзларида қайта тирилаётган нафақат форс афсоналари, балки шаклланаётган, куртак отаётган ва гуркираб ӯсаётган эронликлар ҳам жонланди. Шу сабабли, “Шоҳнома» эронликлар ӯзлигининг кўзгусидир ва ҳар бир эронлик ўзини ва маданий ўзига хослигини кўриш учун «Шоҳнома» кӯзгусига муҳтож. Фирдавсийнинг сўзлари билан эронликлар қайта кӯкарди, ривожланди ва қайта туғилди.

Эрон ўз тарихида шеър юрти бўлган ва дунёдаги энг буюк адабий дурдоналарни яратган.  Аммо Ҳофиз, Саъдий, Хайём, Низомий, Ҳоқоний ва Мавлавий каби улуғ форс шоирларининг шеърий китоблари орасида нега Фирдавсий ижодиётининг тадқиқотчилари “Шоҳнома”ни ҳақиқий эронийлик ва эронлик бӯлиб қолишнинг мезони деб билишади? Чунки бу буюк инсонларнинг шеърларида Эрон ва эронликларнинг фақат бир қирраси кўрсатилган. Фақатгина Фирдавсийнинг "Шоҳнома"сида Эрон ва эронликнинг ички ва ташқи дунёси бутунлигича нодир бир тарзда жилваланади.  

"Шоҳнома" нафақат эронликлар учун, балки дунё учун ҳам муҳимдир, чунки у инсоният асослари ва моҳиятини ўрганади. «Шоҳнома»да  инсониятнинг асосий нуқтасига бармоқ қӯйилган ва бу яхшилик билан ёмонлик ўртасидаги курашдир. Ушбу жабҳада "Шоҳнома" нинг тафаккур тарзида яхшилик ёвузлик устидан ғалаба қозонади. Фирдавсий  "Шоҳнома"сининг муҳим ва марказий ғояси "донишмандлик" дир.

Ҳакими Тус(Фирдавсий)нинг "Шоҳномаси" донолик ва билим хазинаси бўлиб, у бус-бутун одамийлик, одоб-ахлоқ ва фазилат сабоғидир. Эрксеварлик, улуғворлик,  адолатсизликка таслим бӯлмаслик «Шоҳнома» барча қаҳрамонларининг қатъий инсоний-ахлоқий тамойилларидир.

25-урдубиҳишт -- Фирдавсийни эъзозлаш ва форс тилини ҳимоялаш куни форс адабиётининг барча ихлосмандларига муборак бӯлсин!