ноябр 23, 2023 10:13 Asia/Tashkent
  • ЮНЕСКО Бош ассамблеясининг 43-сессияси 2025 йилда Самарқандда ўтказилади
    ЮНЕСКО Бош ассамблеясининг 43-сессияси 2025 йилда Самарқандда ўтказилади

Парижда бўлиб ўтаётган ЮНEСКО Бош Ассамблеясида навбатдаги 43-сессияни 2025 йилда Самарқандда ўтказиш расман маъқулланди. Бу ҳақида президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Парижда бўлиб ўтаётган ЮНEСКО Бош Ассамблеясида навбатдаги 43-сессияни 2025 йилда Самарқандда ўтказиш расман маъқулланди. Қайд этилишича, қирқ йилдан ортиқ вақт давомида илк бор ЮНЕСКО Бош ассамблеясининг сессияси Париж шаҳридан ташқарида бўлиб ўтади.

“Франция пойтахтида ўтаётган ЮНЕСКО Бош ассамблеясининг 42-сессиясида Ўзбекистоннинг навбатдаги, 43-сессияни 2025 йилда Самарқандда ўтказиш тўғрисидаги таклифи қўллаб-қувватланди ва тегишли қарор қабул қилинди”, деб ёзади Асадов ўзининг Telegram-каналида.

"Бу дипломатик муваффақият", - дея изоҳлади қабул қилинган қарорни 42-сессия раиси Симона-Мирела Микулеску.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон бўлажак сессияни энг юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш учун барча кучини сафарбар этишини маълум қилди.

"Кўпмиллатли Ўзбекистон халқи номидан ва шахсан ўз номимдан барча хорижий дўстларимиз ва шерикларимизга ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясини 2025 йилда қадим Самарқандда ўтказиш тўғрисидаги тарихий қарорни қўллаб-қувватлагани учун самимий миннатдорлик билдираман. Минтақамизда биринчи марта ўтадиган ушбу муҳим глобал миқёсдаги тадбир халқаро ҳамжамиятга Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатларининг улкан цивилизацион салоҳиятини яна бир бор намойиш этишга хизмат қилади, деб ишонаман. Ўз навбатида, Ўзбекистон бўлажак сессияни энг юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш учун барча кучини сафарбар этади", деди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, 7 ноябрь куни ЮНЕСКОнинг Париждаги штаб-квартирасида ЮНЕСКО Бош конференсиясининг 42-сессияси очилди ва у ўз ишини 22 ноябрда якунлади. Ушбу икки ҳафталик давр мобайнида 194 аъзо давлат умумбашарий таълимга эришиш йўллари, янги технологияларнинг ахлоқий муаммолари, Жаҳон мероси объэктларини тўғри бошқариш ва сақлаш, шунингдек, иқлим бузилишига қарши курашиш ва табиат билан муносабатларимизни тиклаш воситаларини муҳокама қилди.

Ёрлиқ